05:22 24 Январ 2019
Эфир
  • RUB126.33
  • EUR9518.45
  • USD8378.18

Кремль алоқада: Путиннинг телефонини эшитиш мумкинми?

© Sputnik / Michael Klimentyev
Сиёсат
Ҳавола олиш
1418 0 0

Қирол ва президентлар ўртасидаги телефон алоқа қандай ташкиллаштирилган? РИА Новости ушбу саволга жавоб топди

ТОШКЕНТ, 11 дек - Sputnik. Яқинда Украина президенти Пётр Порошенко Керч бўғозида юз берган чегара воқеасидан сўнг россиялик ҳамкасби Владимир Путинга телефон қилиб туша олмаганидан нолиди. Москва бу хабарни тасдиқлади: етакчилар ўртасида телефон мулоқоти ҳақиқатдан рўй бермаган ва Кремл томонидан яқин вақтда режалаштирилмаяпти ҳам.

Бу ҳодиса сабаб, давлат ва ҳукумат раҳбарлари ўртасида телефон мулоқоти қандай ўтиши, бу мулоқотлар қай даражада ҳимояланган ва хулиган-пранкерлар қандай қилиб вақти-вақти билан дунёдаги энг муҳим шахсларга телефон қилиб туша олишлари тўғрисида қизғин муҳокамалар яна авж олди.

РИА Новости бу саволларга жавоб топди.

Президентлар бир-бирига телефон қилиб туша олмасликлари мумкинми?

Порошенко Путинга "телефон қилиб туша олмагани" давлатлараро муносабатлар амалиётида кам бўлса-да, учраб туради. Бу ерда гап табиийки, Украина президенти рақам тергани эмас, балки Россия президенти гўшакни кўтармагани ёки босиб қўйгани ҳақида бормоқда.

Юқори мартабали амалдорлар ўртасидаги телефон мулоқотлари олдидан қатор мажбурий бўлган жараёнлар амалга оширилади ва бундай суҳбатларга жонли музокаралардан кам бўлмаган даражада тайёргарлик кўрилади.

"Телефон орқали мулоқот қилиш" таклифи қоидага мувофиқ манфаатдор томондан дипломатик каналлар орқали – ТИВ ёки унинг чет элдаги ваколатхонаси, яъни элчихона орқали юборилади", - деб ҳикоя қилади РИА Новостига ўн йил давомида – СССР президенти Михаил Горбачёв ва Россия президенти Борис Ельцин раҳбарлигида Кремл протокол хизматини бошқарган Владимир Шевченко.

Бундай таклифни билдира туриб, алоқа вақти ва суҳбат мавзуси кўрсатилади. Гарчи дипломатик этикада мажбурий этиб кўрсатилмаган бўлса-да, муҳокама қилиниши кутилаётган тахминий саволлар мисол тарзида келтирилиши мумкин.

"Раҳбарларнинг котибалари томонидан бериладиган "Қайси масала бўйича?", - деган саволни протокол хизматидан эшитмайсиз, бу аниқ, дея мийиғида кулади Шевченко ва умуман олганда, сўнгги йилларда дипломатик этика тўғрисидаги тасаввурлар жуда ўзгарганлигини таъкидлайди.

"Абонент хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида"

Мулоқотнинг нафақат мавзуси, балки қўнғироқ вақти ҳам келишилади. Агар таклиф этилаётган вақт суҳбатга чорланаётган томонни қониқтирмаса, иккинчи томон ўз вариантини айтади. Сабаблар турлича бўлиши мумкин: график тиғизлиги, етакчининг мулоқот доирасидан ташқаридалиги, унинг саломатлиги ҳолати. Лекин аслида буларнинг барчаси қўнғироқни бошқа кунга ўтказиш ёки мулоқотдан воз кечиш учун бир сабаб бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Аслида, сабаблар тушунтирилмаган ҳолда ҳам “афсуски, мулоқот амалга оширила олмайди”, дея телефон қўнғироғидан воз кечиш мумкин.

Владимир Шевченкога кўра, "хизмат доирасидан ташқарида бўлган абонент" алоқада маъно кўрмаса, уни беҳуда ва ҳатто, зарарли, деб ҳисобласа шундай бўлиши мумкин. Хусусан, Владимир Путин ҳам Петр Порошенконинг сайлов кампаниясида иштирок этишни хоҳламаслигини билдириб мулоқотни рад этишини маълум қилган эди.

"Телефон мулоқотни тасдиқлатиш жараёни бир неча соат эмас, балки бир неча кунни олиши мумкин — ҳаммаси муайян ҳолатга боғлиқ”, — дейди ўтмишда Россиянинг Жанубий Корея, Япония, Норвегиядаги элчиси, ташқи ишлар вазири ўринбосари сифатида ишлаган ва айни вақтда МГИМО дипломатия кафедраси мудири бўлган Александр Панов.

"Муайян ҳолат" — бу давлат раҳбарлари иш графиги зичлиги, мулоқот бўйича келишмовчиликларга, шунингдек раҳбарларнинг шахсий муносабатлари: дўстона-ишончли, нейтрал, зўрма-зўраки ёки ҳатто душманона бўлишига боғлиқ.

Шундай бўлса-да, Россиянинг келишмовчилиги кўп бўлган мамлакат етакчилари билан ҳам мулоқотлар мунтазам бўлган ва бўлиб келмоқда.

Александр Панов ва Владимир Шевченко ҳам шуни таъкидлайдиларки, юқорида санаб ўтилган ҳолатларнинг раҳбарлар қайноқ линия режимида зудлик билан мулоқот қилишлари керак бўлган алоҳида, фавқулодда вазиятларга мутлақо алоқаси йўқ. Фавқулодда ҳолатларда улар тезда, дастлабки муҳокамаларсиз музокараларга киришадилар. Бундай канал Кремль ва Оқ уйни, илгарилари эса – "катта еттилик"”нинг барча етакчиларини боғлаб турарди. Бундан ташқари, Москва ва Вашингтон ўртасида матн режимидаги қайноқ линия доимо очиқ.

Линиядаги одамлар

Давлат раҳбарлари телефон орқали мулоқотни ҳеч қачон бир ўзлари олиб бормайдилар. Ҳатто иккала етакчи ҳам бир тилда эркин сўзлаша олсалар-да, протокол ҳар иккала томондан таржимонлар бўлишини талаб этади.

"Бугунги кунда деярли барча раҳбарлар тилларни биладилар: Ангела Меркель рус тилида гапиради ва тушунади, Владимир Путин немис тилида эркин сўзлаша олади ва инглиз тили борасидаги билимлари ҳам ёмон эмас. Аммо майсазорда яккама-якка суҳбатлашиш билан телефон орқали бўладиган муҳим мулоқотни солиштириб бўлмайди, албатта.

Жумлаларнинг аниқлигига кўп нарса боғлиқ: омадсиз жумла, юзага келган икки хил маъноли гаплар жуда ёқимсиз оқибатларни келтириб чиқариши мумкин”, - дейди Владимир Шевченко.

Таржимон ўз раҳбарининг гапларини яшин тезлигида (одатда синхрон эмас, балки кетма-кетликда) таржима қилиши, раҳбари айтган ғализ жумлаларни тўғирлаши ҳам керак бўлади. Буна у бор масъулиятни ўз гарданига олади.

Шу боис давлат раҳбарларининг телефон мулоқотларида таржимонлар роли беқиёсдир.

Бу цех ветеранларининг хотираларига кўра, улар учун Брежнев билан ишлаш осон бўлган – у ҳеч қачон ичидан гап тўқиб чиқармаган, олдиндан тайёрланган матнни ўқиган, бу матннинг бир нусхаси таржимонда ҳам бўлган.

Агар Россия президенти мулоқотни Кремльдан ёки подмосковьедаги қароргоҳидан олиб борса, таржимон одатда ўз иш кабинетида - ТИВ биносида ўтиради. Линияда бошқа шахслар — алоқа сифати ва узлуксизлигига жавобгар техник мутахассислар, хавфсизлик хизмати зобитлари бўлиши мумкин.

Аппарат ортидаги ким?

Илк телефон қўнғироғи 1876 йилнинг 10 март санасида Буюк Британияда алоқанинг бу тури кашфиётчиси Александр Белл ва унинг ёрдамчиси Томас Ватсон ўртасида бўлиб ўтган бўлса, ўша вақтдан буён телефония хизмати шу турда узатиладиган ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам такомиллаштирилиб келинган.

Россияга телефонлар 19 аср охирида кириб келган. 1881 йилда Гатчинск саройида илк "шоҳона" аппаратлар ўрнатилган, келгуси йилда Қишки сарой ҳам телефониялаштирилган.

Октябрь инқилобидан кейин ленин ҳукумати Петрограддан Москвага кўчиб ўтган ва 1918 йилда Кремль 100та рақамга эга коммутатор билан жиҳозланган.

Узоқ вақтларгача давлатнинг юқори мартабали шахслари оддий кишилар сингари оддий аппаратлардан фойдаланганлар. Табиийки бундай алоқа ҳеч қандай муҳофазага эга бўлмаган, суҳбатлар эса қоидага мувофиқ эшитиб борилган – айниқса ҳукумат идораларида.

Қирол даврида "тинглаш" билан расман сарой полицияси ходимлари шуғулланган бўлсалар, совет даврида – махсус хизматлар ва уларгина эмас. Хусусан, Иосиф Сталиннинг котиби Борис Бажанов кунларнинг бирида ўз раҳбарини кремль абонентлари суҳбатларини тинглаётган вақтида кўриб қолганини эсга олган. Бу 1923 йилда Ленин ҳаётлигида рўй берган. 1930-йилларда Сталин оддий шаҳар рақамига эга бўлган ва унга исталган киши телефон қилиб тушиши мумкин бўлган. Адашиб тушганлар ҳам бўлиб турган.

Сал кейинчалик ҳукуматга қарашли АТС-1 ва АТС-2лар, "кремлевка", "вертушка", ва махсус ҳимояланган каналлар пайдо бўлган...

Ҳозирда давлат раҳбарлари ва ҳукумат фойдаланадиган алоқа линиялари мосламалари суҳбатни тинглашга ва унга аралашишга йўл қўймайдиган кўпбосқичли ҳимояга эга.

Бунда овоз етказувчи аналог сигнал рақамлига айланиб, мураккаб криптографик калит кўринишини олади ва сеанс вақтида бир неча маротаба ва турли вақтларда бошқасига ўзгаради. Барча калитлар тасодифий рақамлар услуби орқали компьютерлар билан генерация қилинади, қолаверса териш алгоритми ҳам "ҳаракат" давомида ўзгаради.

Сигнал жиддий ҳимояланган алоқа тармоғидан чиқаверишда шифрланади ва алоқанинг нариги томонида расшифровка қилинали. Агар линияга санкцияланмаган уланиш содир бўлса, сеанс автоматик равишда узилади.

"Бундай шароитларда линиянинг нариги томонида аппарат олдида ким эканлигини қўшимча равишда текширишга ҳожат йўқ, - махсус алоқага кириш саноқли одамларгина эга", - дейди Александр Панов.

Ёвуз ниятлилар ва ҳазилкашлар

Жиддий ҳимоя чораларига қарамай, вақти-вақти билан жанжаллар юзага келиб туради.

2015 йилда WikiLeaks оммага эълон қилган ҳужжатлардаги маълумотларга кўра, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги Европа давлатлари раҳбарлари телефон мулоқотларини мунтазам равишда эшитиб борган.

Хусусан, Германия федерал канцлери ва Франция  президентлари телефон мулоқотларини.

Икки йил олдин америка махсус хизматлари собиқ ходими Эдвард Сноуден ҳам бу ҳақда хабар қилган. АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ҳар гал иттифоқдош давлатлар етакчилари ортидан кузатиш амалиётига нуқта қўйилганини айтиб, ишонтирган.

Бу каби ҳолатлар раҳбарар ҳимояланмаган ёки ёмон ҳимояланган каналлардан, ёхуд эскириб қолган, яъни бузғунчилар тера оладиган доимий калитлар қўлланиладиган ҳимоя тизимидан фойдаланганларида юзага келиши мумкин. Кремль алоқачилари томонидан қўлланиладиган криптографик калитни бузиш учун бир ярим йил керак бўлади, бу калит эса атиги бир неча дақиқа амал қилади ва шундан сўнг янгисига алмаштирилади.

"Россия президенти телефон мулоқотларидаги ҳимояни бузиш ва эшитишнинг бугун имкони йўқ”, - дейди ишонч билан Владимир Шевченко.

Россия президентига телефон хулиганлари ҳам ҳазил қила олмайди. Бу борада унинг чет элдаги ҳамкасблари истисно, албатта.

2005 йил охирида испан радиостанцияси Боливиянинг янги сайланган президенти Эво Моралес устидан ҳазил қилган эди. Пранкер ўзини Испания бош вазири Хосу Луис Родригес Сапарето этиб таништириб, президентни сайловдаги ғалабаси билан табриклаган.

2008-йилда бир жуфт канадалик кулгу усталари АҚШнинг Республикачилар партиясидан вице-президентликка номзоди Сара Пэйлин устидан ҳазил қилишганди. Қўнғироқ қилган шахс Франция президенти Николя Саркози этиб ўзини таништирган ва республикачиларнинг сайловолди дастурлари, шунингдек, Саркозининг хотини Карла Брунини муҳокама қилишган эди.

Россия етакчисида бундай ҳодисалар рўй бериши мумкин эмас, чунки ТИВ ва Кремль маъмурияти президентга бўлган қўнғироқларни ишончли фильтрлайди, деб тушунтиради Шевченко.

Лекин бу вазиятнинг акси рўй бериши мумкин – пранкерлардан бири Кремльдан қўнғироқни имитация қилиши эҳтимоли мавжуд. Шевченконинг фикрича, Владимир Путиннинг жаҳондаги машҳурлиги бунга сабабдир.

Россиялик пранкерлар Вован (Владимир Кузнецов) ва Лексус (Алексей Столяров) худди шундай қилишган, улар Путин номидан британиялик қўшиқчи Элтон Жонга Россиядаги ЛГБТ-ҳамжамияти муаммоларини муҳокама қилиш учун қўнғироқ қилишган. Йигитларнинг бу қилмиши учун Путиннинг ўзи кечирим сўраган, у Элтон Жон билан "ростакамига" телефонлашган.

Вован ва Лексус давлат раҳбарлари билан ҳам ҳазиллашиб, уларни чув туширишган. Масалан, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ва Беларусь президенти Александр Лукашенкони.

Асосий мавзулар