05:59 23 Август 2019
Эфир
  • RUB138.47
  • EUR10092.14
  • USD9061.00

“Чирчиқ” полигонида қудратли техникалар беллашуви якунланди

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Сиёсат
Ҳавола олиш
128 0 0

“Чирчиқ” полигонида ўзбек армияси ўз қудратини намойиш қилди. Мусобақада ҳарбий хизматчилар илк бор “Мальва аксиома” парашютидан фойдаланган ҳолда сакрашни амалга оширди.

ТОШКЕНТ, 6 май – Sputnik. “Чирчиқ” полигонида “Хотира ва Қадрлаш куни”га бағишланган “Танк биатлони” мусобақаси якунланди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.

Тантанали маросимни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов кириш сўзи билан очиб берди ва мазкур беллашув ҳарбий хизматчилар ўртасида мусобақадошлик, ўзаро жипслик ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, уларнинг касбий малака ва маҳоратини юксалтиришга хизмат қилишини айтиб ўтди.

“Кейинги пайтларда дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган қуролли тўқнашувларнинг таҳлили, шунингдек, хориж армияларининг энг илғор тажрибаларини ўрганиш асосида қўшинлар таркибида янги анъаналар жорий этилмоқда. Барча ихтисослашган, хусусан, ҳарбий техника воситаларини бошқариш ҳамда қуролларни қўллаш бўйича танлов ва мусобақалар ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан тобланишига, чидамли бўлишига хизмат қилмоқда. Қўшинларимиз ҳаётига янги анъана сифатида кириб келган мазкур танк биатлони мусобақаси ҳам юксак жангавор тайёргарлик ва профессионализмни, ҳарбий хизматчилар ўртасида ўзаро рақобатдош руҳни кучайтириш, ўқув машқлар фаоллигини, самадорлигини оширишга хизмат қилади”, - деди мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов

Шундан сўнг 1,5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар, 100 га яқин Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ва бугунги қуролланишда турган замонавий ҳарбий техника ва 15 дан зиёд вертолёт иштирокида байрамга бағишлаб парад ўтказилди.

Парад давомида десантчилар қарийб 2000 метр баландликдан парашют ёрдамида сакради. Қайд этиш жоизки, мазкур тадбирда ҳарбий хизматчилар биринчи бор “Мальва аксиома” парашютидан фойдаланган ҳолда сакрашни амалга оширди.

Ҳарбий парад якунлангач, танк биатлони мусобақасининг сўнгги беллашуви бошланди. Т-62, Т-64 ва Т-72 танклари “Қудратли техникалар жанги”ни ўтказишга мўлжалланган ва халқаро стандартларга мос бўлган махсус майдондан старт олди. Мусобақа иштирокчилари сунъий ҳовуз, миналаштирилган ва манёвр бажариш майдони, танкка қарши чуқур, қўрғон, эскарп (танкка қарши девор), коллеяли кўприк макети ва бошқа тўсиқлардан иборат умумий узунлиги 4200 метр бўлган масофани босиб ўтди.

Мусобақа юксак савияда ўтказилиши ва ғолибларни одилона баҳолаш мақсадида биатлонни малакали мутахассислардан иборат ҳакамлар жамоаси кузатиб борди.

Якуний ҳисоб-китобларга кўра қуйидаги жамолар ғолиблар қаторидан ўрин олди.

Т-62 танк экипажлари орасида: 1-ўрин — Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ; 2-ўрин — Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ; 3-ўрин — Шимоли-ғарбий ҳарбий округ.

Т-64 (такомиллаштирилган) танк экипажлари орасида: 1-ўрин — Шарқий-ҳарбий округ экипажи; 2-ўрин — Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти; 3-ўрин — Шарқий-ҳарбий округ.

Т-72 танк экипажлари орасида: 1-ўрин — Тошкент ҳарбий округи экипажи; 2-ўрин — Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ; 3-ўрин — Марказий ҳарбий округ.

Ғолиб ва совриндор жамоалар мудофаа вазири томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар, навбатдаги ҳарбий унвонлар ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган бюджет енгил автотранспорт воситаларига имтиёзли равишда кредит олиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари илк маротаба 2019 йилда Халқаро армия ўйинлари (АрМИ-2019) доирасида ўтказиладиган энг нуфузли мусобақа – “Танк биатлони”да иштирок этиши ҳақида хабар қилган эдик.

Асосий мавзулар