ТОШКЕНТ, 29 май – Sputnik. 29-30-май кунлари Россия Федерацияси Ҳукумати раҳбари Дмитрий Медведев бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюради.
ТИВ хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев Россия делегациясини қабул қилади.
Ташриф доирасида Урганч шаҳрида Ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Ўзбекистон-Россия Қўшма комиссиясининг биринчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.
Мазкур тадбир икки томонлама ҳамкорликнинг янги шакли бўлиб, унга 2018-йил октябрь ойида Россия президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифи ва олий даражадаги музокалар давомида асос солинган.
“Икки мамлакат ҳукуматлари раҳбарлари томонидан Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 24-апрелда бўлиб ўтган 20-йиғилиши якунлари сарҳисоб қилинади ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ва уларнинг таркибини амалий жиҳатдан бойитиш масалалари муҳокама қилинади”, - дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Россия делегация раҳбари Хива шаҳрига ҳам ташриф буюради