08:15 24 Феврал 2020
Эфир
  • RUB150.07
  • EUR10319.35
  • USD9528.49
Сиёсат
Ҳавола олиш
Ўзбекистон ва ЕОИИ – интеграция истиқболлари (35)
396 0 0

Ўзбекистонда 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

Парламентдаги 150та ўрин учун мамлакатда рўйхатдан ўтган: ЎХДП, ЎзЛиДеп, "Адолат", "Миллий тикланиш" ва Экологик партияларидан 750 номзод ўзаро кураш олиб бормоқда. Sputnik барча сиёсий партиялар вакиллари билан мулоқот қилди ва қонунчиликка улар қандай ўзгаришларни киритишни таклиф этаётганини аниқлади.

Олий Мажлис раисининг ўринбосари, "Адолат" партияси раҳбари Наримон Умаров Sputnik мухбирига ўз жамоаси сайловлар учун қандай ташаббусларни илгари сургани ва биринчи навбатда қандай муаммоларни ҳал қилишни режалаштираётгани ҳақида гапирди.

- Сайловолди дастурингизнинг асосий йўналишлари ҳақида гапириб берсангиз?

- Биз назарий ҳисоботлар, узоқ ва мураккаб дастурларни ўз ичига олган эски тажрибадан узоқлашдик. 2017 йилда президент билан учрашгандан сўнг, тактикамизни ўзгартиришга қарор қилдик ва улар айтганидек, интилишлари ва аниқ эҳтиёжларини қондириш учун халқ ичига кириб бордик.

Уч йил ичида биз мутахассисларимиз иштирокида соғлиқни сақлаш, таълим ва адвокатура соҳасида жами 24 та лойиҳани тайёрладик. Ушбу лойиҳалар асосида келгусидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишларини белгилаб олдик. Анъанавий равишда уларни беш соҳага бўлиш мумкин: таълим, соғлиқни сақлаш, суд ислоҳоти, коррупцияга қарши кураш ва фан ва иқтисодиётни ривожлантириш. Албатта, биз халқаро муносабатлар билан ҳам шуғулланамиз, аммо асосий бештаси шу.

- Агар биз аниқ ташаббуслар ҳақида гапирадиган бўлсак, хусусан, сиз судларни бирлаштириш тарафдорисиз. Буни қандай тушунасиз ва бундай эҳтиёжни келтириб чиқарадиган сабаблар нимада?

- Биз яна халқ эҳтиёжларидан келиб чиқдик. Агар республикамизда барча суд инстанцияларини бирлаштирган Олий судимиз бўлса, вилоятларда бу органлар ажралган - жиноий ишлар бўйича, маъмурий, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича. Натижада, бир киши битта судга, масалан, маъмурий судга аниқ саволлар билан боради, улар ундан ҳужжатларни олишади, ишни ўрганишади - бир-икки ҳафта, ёки ойдан сўнг улар: "Бу бизнинг жавобгарлик доирамизда эмас, сиз иқтисодий масалалар бўйича судга боришингиз керак", деб айтади.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун биз ягона судни яратишни таклиф қиламиз - бу одам ўз илтимоси ёки муаммолари билан борадиган жой, дейлик "Ҳалқ суди" бўлсин. Ушбу тузилма фуқаролардан аризаларини қабул қилиб, судларнинг қайси бирига бу ишни юборишни ўзи тақсимласин. Асосий вазифа - одамларнинг судма-суд югуришига йўл қўймаслик, одамлар туманлараро судга юзлаб километр масофани босиб ўтиб бормасин, аксинча, шундай бир тузилма борлигини ва у ерга мурожаат қилиб адолатли қарор олиш мумкинлигини билишсин. Ҳа, тизим  ноқулай бўлмаслиги шарт, қайсидир жиҳатларини оптималлаштириш керак бўлади, аммо бу тафсилотлар иш жараёнида бўлади.

Адвокатуралар билан ҳам муаммолар бор. Бизда ушбу соҳада мутахассилар етишмаяпти: 33 миллион аҳолига атиги 4 минг адвокат – бу жуда кам. Бундан ташқари, уларнинг ваколатларини кенгайтириш, прокурорларга тенглаштириш керак. Ҳозирда ҳолат бундай эмас, шунинг учун адвокатлар ушбу соҳага келишмайди. Адвокатлик фаолияти кўпрок тадбиркорликка айланди. Суд ҳимоячиларининг мақоми қонун билан мустаҳкамланиши керак.

Яна бир муаммо - тергов бўйича ягона қўмитани тузиш зарурияти. Энди Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати қошида алоҳида бўлинмалар мавжуд. Аммо бу мақбул эмас, чунки тўғридан-тўғри идоралараро қизиқиш мавжуд. Ҳеч ким статистика учун чойшабни ўзига тортиб олмаслиги учун бизга битта тузилма керак.

- Сизнинг партиянгиз муҳокама қиладиган яна бир муҳим мавзу - бу таълим. Хусусан, сиз университетларга кириш учун квоталарни бекор қилишни таклиф қиляпсиз. Ҳозирги тизим нимаси билан ёмон?

- Биз ҳозир жиддий номутаносибликни бошдан кечирмоқдамиз. Мамлакатда олий маълумотга эга бўлишни хоҳловчилар жуда кўп: шу йилнинг ўзида 1,033 миллион абитуриент ариза топширди, улардан 128 минг нафари ўқишга кирди, бу умумий миқдорнинг 12 фоизини ташкил этади. Туғилишнинг юқори даражаси ҳисобга олинса, бу ҳолат йилдан-йилга такрорланади.

Таълим вазирлигининг ёндашуви мавжуд бўлиб, унга мувофиқ агар олий ўқув юртларини  ўз-ўзини молиялаштиришга ўтказилса, вақт ўтиши билан қабул квоталари аста-секин оширилиши мумкин. 2020 йилда дастлабки 10 та олий ўқув юрти ушбу тамойилни қабул қилади. Ўйлайманки, беш йил ичида лойиҳа мамлакатимизда амалга оширилади. Шунда ҳар бир университет ёки институт ўз молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, талабалар сонини икки-уч баравар кўпайтириши мумкин. Олий ўқув юрти ўзи учун бино қуриши, керакли ўқитувчиларни, шу жумладан, хориждан таклиф қилиши, лаборатория ускуналарини сотиб олишлари ёки ётоқхонани таъмирлаши мумкин. Яъни, бу вазиятдан чиқиш йўли.

Бир неча кун олдин биз Вазирлар Маҳкамасига олий таълим тизимини ривожлантириш консепцияси бўйича ўз таклифларимизни билдирдик. Бу ўз-ўзини молиялаштириш ғоясини, шунингдек талабаларни стипендия орқали рағбатлантириш ташаббусини ўз ичига олди. Хозирда  ҳамма талаба бир хил стипендия олмоқда, аммо бу мутлақо тўғри эмас.

- Баъзи тоифадаги абитуриентлар  учун имтиёзларнинг сақланишини қўллаб-қувватлайсизми ёки барчаси учун шартлар бир хил бўлиши керакми?

- Албатта, адолат ҳамма учун тенг шароитларни талаб қилади, аммо ҳозирга қадар биз буни талаб қилмаганмиз. Ўз ватанлари олдида бурчини ўтаган ва мамлакатни ҳимоя қилган ҳарбий хизматчилар учун бизда бир қатор афзалликлар бор. Агар улар олий маълумот беришни хоҳласалар, биз уларни қўллаб-қувватлашимиз керак.

Аммо яна бир бор, бизнинг асосий ғоямиз қабул жараёнини иложи борича соддалаштириш, аммо машғулотнинг ўзига қўйиладиган талабларни янада қатъийлаштиришдан иборат. Ҳа, кимдир бу жараёнда ўқишни ташлар, эҳтимол, тўлиқ бўлмаган олий маълумотли одамга айланар. Аммо бу нормал ҳолат, бу жамият учун оғриқли эмас. Бу фақат контрактни тўлагани учун уни судраб тўртинчи курсгача олиб борган ва диплом олган мутахассисларга қараганда яхшироқдир.

- Айтганча, қабул қилиш тартибини соддалаштириш ҳақида. Ҳозир жуда зиддиятли тест синовлари керакми? Ёки ихтисослаштирилган фанлар бўйича сухбат ва мақсадли фан имтиҳонлари тизимини жорий этиш самаралироқми?

- Ўз пайтида абитуриентлар ўқишга кираётганда инсон омилини камайтириш мақсадида тестлар жорий қилинган, аммо бу ерда ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бор. Лекин, ўйлайманки, эртами-кечми яхшироқ шаклларга ўтамиз.

Имтиҳонлар қандай ўтиши – бу энди алоҳида жараёнлар. Асосийси, биз ўз бизнесини очиши, ҳаётда ўз ўрнини эгаллаши, балки чет элда ишлаши учун малакали ва талабчан кадрлар тайёрлашимиз керак. Бунда биз ҳеч қандай салбий ҳолатни кўрмаяпмиз, бизда фақатгина ишчилар эмас, балки малакали мутахассислар ҳам бўлишини ҳоҳлаймиз.

- Миграция масаласи ечимини қандай кўрасиз? Сиз қандай қўллаб-қувватлаш чораларини таклиф қиляпсиз?

- Аксарият мамлакатларда миграция ўта кескин тарзда қабул қилинади, аммо бу нормал жараён бўлиб, унга эҳтиёткорлик ва амалий нуқтаи-назардан қараш керак. Биз муҳожирлардан ва уларнинг муаммоларидан қўрқишимиз ва чекланишимиз керак эмас, аксинча бу билан ишлашимиз керак. Афсуски, фақат сўнгги йиллардагина ушбу кескин ижтимоий-иқтисодий масалага эътибор берила бошланди.

Бизнинг фуқароларимиз меҳнат шартномалари бўйича ўз ватанларидан ташқарида қонуний равишда ишлашлари учун ҳимояга муҳтож. Яна бир муҳим жиҳат - бу уларнинг ижтимоий таъминоти, биринчи навбатда соғлиғини сақлаш. Бунинг учун биз ташқи меҳнат миграцияси тўғрисидаги қонунни қабул қилишимиз керак, шунда бизнинг тузилмаларимиз ишлаши учун, элчихоналар ва консулликлар ҳар доим ҳар ҳил ҳолатларга шай туришлари учун.

Муаммоларни ҳал қилиш керак, аммо асосийси тегишли тузилма ва базани яратишдир. Масалан, ушбу масалалар бўйича Бош вазирнинг маслаҳатчиси пайдо бўлди - бу жуда яхши. Унинг консуллик тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, у кўп муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериши керак. Қўл режимида бир марталик ҳаракатлар эмас, балки тўғридан-тўғри ваколатларга ва мажбуриятларга эга бўлган махсус органлар бўлиши керак. Агар бизда парламентдаги кўпчилик бўлса, биз биринчи навбатларда шу қонунни киритамиз.

- "Адолат" партиясининг Ўзбекистонни турли халқаро ташкилотлар, тузилмалар ва уюшмаларга, масалан, ЕОИИ ёки ЖСТга қўшилишига муносабати қандай? Ёки икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратиш керакми?

Биз дўст бўлиш ва барча давлатлар билан, шунингдек, Россия, АҚШ ва Япония билан фаол алоқада бўлиш истагини қўллаб-қувватлаймиз, аммо Марказий Осиё ҳамон устувор ҳисобланади. Бизнинг ўз ҳаётимиз, умумий маданиятимиз, динимиз ва урф-одатларимиз, минтақадаги барча мамлакатларга яқин бўлган муаммоларимиз бор.

Интеграцион лойиҳаларга келсак, бу осон савол эмас - биз 10 йилдан бери ЖСТга киришга ҳаракат қилмоқдамиз. Шунингдек, ЕОИИга аъзо бўлиш тўғрисида фаол мунозаралар мавжуд - кўплаб позициялар, фикрлар ва урғулар. Ишончимиз комилки,бошқа давлатлар сиёсатчилари ва экспертлари эмас, балки бизнинг ҳукуматимиз, мутахассисларимиз ва иқтисодчиларимиз ҳаммасини ўлчаб, ҳисоблаб чиқишлари керак. Айнан улар нимага эга бўлишимиз ва ва қандай ютуқларга эришишимизни чамалашсин.

Бошланишига биз маҳсулот ишлаб чиқариш ва стандартлаштириш соҳасидаги кечикишни йўқ қилишимиз керак. Бизда, эҳтимол, фақат автомобилсозлик саноати маълум стандартларга жавоб беради, бошқа соҳаларда, айниқса озиқ-овқат саноатида аниқ мезон ва стандартлар йўқ. Худди шу ЕОИИда, агар бирор мамлакат ўз ҳудудига маълум маҳсулотларни экспорт қилишга рухсат бермаса, эмбарго дарҳол Иттифоқнинг барча аъзоларига қўлланилади. Бизда фитосанитария стандартлари ва божхона назорати - ҳамма нарса ханузгача эски тизимда ишлайди, замон талаблари ва халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда уни қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш зарур.

Агар биз шериклар билан тенг шароитларда бўлсак, бу бизга ижобий таъсир қилади ва биз кечикаётган жабҳаларда ўзимизни юқорига кўтаришимиз керак ва ундан кейингина интеграция ҳақида ўйлашимиз керак. Ўйлайманки, янги йилнинг дастлабки ойларида барча нозик томонларини муҳокама қилиш, сарҳисоб қилиш ва зарур қарорларни қабул қилиш керак.

— Сиз кичик бизнесни ривожлантиришга урғу бермоқдасиз. Бу йил маълум ислоҳотлар бошланди, аммо сизнингча, бу соҳада яна нима қилиш керак?

— Кичик бизнес - бу иқтисодиётнинг ривожланишига тезда туртки берадиган жуда ҳаракатчан иқтисодий тузилма. Ҳа, улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда, айниқса солиқ соҳасида. Қайсидур жихати  тадбиркорларга салбий таъсир қилмоқда, аммо мослашиш вақт талаб этади. Бундан ташқари, кичик бизнеснинг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олиш керак: у ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб қўйиши, профилини ўзгартириши ёки иш форматини ўзгартириши мумкин. Ушбу қийин ўтиш даврида уни қўллаб-қувватлаш керак, масалан, солиқ таътилини олти ой ёки бир йилга тақдим қилиш керак. Акс ҳолда, тадбиркор учун иқтисодий вазиятга мослашиш жуда қийин бўлади.

Грантлар қўллаб-қувватлашнинг яна бир самарали шакли. Хозирда ушбу механизм ўзини нодавлат нотижорат ташкилотлари мисолида самарадорлигини кўрсатди, аммо ундан кичик бизнес учун фойдаланилмаяпти. Агар биз бугун тадбиркорга озгина ёрдам берсак, у қисқа вақт ичида ишлаб чиқариш ва даромадини ўнлаб баробар кўпайтириб, давлатга тушум ва фойда келтиради.

Бундан ташқари, кичик бизнес банк имтиёзли кредитларига муҳтож. Кўплаб тадбиркорлар ставкалар жуда юқори эканлигидан шикоят қилмоқдалар ва қарзларни тўлаш учун маблағларини томчилаб йиғишлари керак. Агар биз иқтисодиётнинг ушбу соҳасини қўллаб-қувватламасак, у жойидан жилмай қотади.

— Сизнинг партиянгиз бошқа шахарлардан келганларни пойтахтда рўйхатдан ўтказиш тартибини иложи борича соддалаштиришга чақирмоқда. Буни қандай амалга оширмоқчисиз? Бу Тошкентда ҳаддан ташқари гавжумликка ва зичликка олиб келмайдими?

- Аҳолиси ҳаддан ташқари кўп бўлган пойтахтлар - дунё миқёсида одатий ҳол.  Мехико шаҳрида тахминан 20 миллион киши, Москвада фақат расмий равишда - 12 миллиондан ортиқ. Ҳамма жойда шундай. Тошкентда ҳозирда 38 та турли бўлимлар фуқароларни таклиф қилиш ва рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга. Хўш, улар сони қанча бўлишини нима аҳамияти бор? Инсон ўз мамлакатининг фуқароси, у ўзи хоҳлаган жойда ва ўзи учун фойдали бўлган жойда яшаш ва ишлаш ҳуқуқига эга. Ҳамма ҳам пойтахтда қолиши, юқори маошли иш топиши ёки бизнесини бошлаши мумкин эмас - кимдир олти ой яшайди, Қорақалпоғистонга ёки Хоразмга қайтиб кетади, масалан, ўзлари учун шароитларни бир хил деб билгани учун. Бундан қўрқмаслик керак - бу вақтинчалик ҳодиса. Натижада, ҳар ким ўзи учун қаерда ёмон ва қаерда яхши эканлигини тушунади. Агар биз ўн ёки ундан ортиқ бўлим ва тузилмаларга рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқини берадиган бўлсак, бу фақат коррупция ва субъектив омилни келтириб чиқаради. Муаммо тубдан ҳал қилиниши керак.

Эҳтимол, бир пайтлар бу каби чекловлар оқланган, аммо энди замонлар ўзгармоқда, бизда очиқ сиёсат, ва бу очиқлик ушбу масалада ҳам ўз ифодасини топиши керак.

— Сайловдан кейин биринчи навбатда қандай қонунчилик ташаббусларини илгари сурмоқчисиз?

— Суд-ҳуқуқ ва миграция ислоҳотларидан ташқари, юқорида айтиб ўтганимдек, бизда таълимни, шу жумладан, мактаб таълими соҳасини ривожлантириш бўйича аниқ дастур мавжуд. Бизнинг мақсадимиз мактаб ўқитувчиси мақомини қонуний равишда кучайтириш ва кўтаришдир, чунки унинг фаолияти ҳам таълим, ҳам тарбия билан боғлиқ. Биз илгари бўлган ўқитувчилар учун маълум ижтимоий имтиёзларни қайтаришга чақирамиз.

Хозирда ҳамманинг оғзида бўлган яна бир долзарб ижтимоий мавзу - бу тиббиёт ходимларини ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилишдир. Фақатгина бу йилнинг ўзида тез тиббий ёрдам шифокорларига қарийб 400 марта ҳужум ҳолатлари қайд этилди. Биз Жиноят кодексига ўзгартириш киритишни маъқуллаймиз, унга кўра шифокорларга жиддий ҳужум учун уч йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Бу масалада кўпчилик бизни, биринчи навбатда, профессионал тиббиёт ҳамжамияти қўллаб-қувватлади. Хизматда бўлган одам ёрдамга келса-да, ва унга ҳужум қилишса ёки ҳақорат қилишса? Бу ҳолат ёшларни умуман тиббиётда ишлаш истагидан қайтаради. Бундай муносабатга чек қўйилиши керак ва бунда маъмурий эмас, жиноий жавобгарлик қўлланилиши керак.

Умуман олганда, бизда дастурларнинг барча бандлари бўйича аниқ таклифлар мавжуд, уларнинг баъзилари бажарилмоқда ва баъзилари ишлаб чиқилмоқда. Қандай бўлмасин, биз ўз ташаббусларимизни амалга оширишда давом этамиз.

Мавзу:
Ўзбекистон ва ЕОИИ – интеграция истиқболлари (35)

Асосий мавзулар