03:58 25 Октябр 2020
Эфир
  • RUB133.19
  • EUR12153.63
  • USD10371.76
Сиёсат
Ҳавола олиш
651 0 0

Президент ўз табригида "бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали қанча хурсандчилик кунлар, байрам ва ҳайитларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз, деб ишонаман", дея таъкидлаган.

ТОШКЕНТ, 23 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат аҳолисини Рамазон ҳайити билан табриклади. Табрик матни давлат раҳбари расмий сайтида эълон қилинган.

Рамазони шариф эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида азал-азалдан алоҳида ўрин эгаллаб келади.

"Мард ва матонатли халқимиз коронавирус пандемияси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида “Оллоҳ сабр-тоқатли инсонлар билан биргадир”, деган илоҳий ўгитга амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил
ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик, ҳамжиҳатликнинг юксак нумунасини кўрсатганини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда.
Бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Асрлар давомида халқимиз онгида бағрикенглик, меҳр-мурувват, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мустаҳкам ирода каби ибратли фазилатларни шакллантиришда табаррук Рамазон ойига хос қадриятларнинг ўрни ва таъсири албатта беқиёсдир. 

Бу йил карантин туфайли Рамазон амаллари ва ибодатларини адо этишда юзага келган маълум қийинчиликларни тўғри тушуниб, бу масалага оқилона ёндашган, айни вақтда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этаётган ҳиммати баланд тадбиркорларимиз ва фермерларимизга, турли касб эгалари бўлган кексаю ёш барча ватандошларимизга шу улуғ айём кунларида яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдираман", - деган президент.

Давлат раҳбари ўз табригида бутун дунё аҳли каби Ўзбекистон аҳолиси ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошидан ўтказаётганини эслатиб ўтган.

"...ҳар қадай ташвиш ортида енгиллик ва ёруғлик борлигини коронавирус касаллигидан соғайиб чиқаётган, табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимзнинг катта ёрдами ва кўмаги билан ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олаётган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар. Шу маънода, бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали қанча хурсандчилик кунлар, байрам ва ҳайитларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз, деб ишонаман", - дея ишонч билдирган Мирзиёев ва ҳар қандай машаққатни меҳнат ва матонат, сабру чидам билан мардона енгиб ўтган олижаноб Ўзбекистон халқи бу синовлардан янада кучли ва қудратли бўлиб чиқади, дея қўшимча қилган.

Ана шундай қатъий ишонч ва кўтаринки кайфият билан бугунги кунда юртимизни тараққий эттириш йўлида даврнинг ўзи талаб этаётган, биз бошлаган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришларни бир ёқадан бош чиқариб, изчил амалга ошириб, олдимизга қўйган улкан марраларга албатта эришамиз, деган президент.

Мирзиёев шунингдек, жаҳондаги барча мўмин-мусулмонларни ҳам Ўзбекистон халқи номидан самимий қутлаб, уларга тинчлик-осойишталик, файзу барака ва фаровон ҳаёт тилаган.

Асосий мавзулар