13:03 09 Июл 2020
Эфир
  • RUB142.48
  • EUR11455.78
  • USD10184.73
Сиёсат
Ҳавола олиш
86 0 0

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бугунги шиддатли замонда, глобал миқёсда рақобат кучайиб бораётган мураккаб вазиятда юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда.

ТОШКЕНТ, 30 июн - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни муносабати билан мамлакат ёшларига байрам табригини йўллади. Табрик матни президент матбуот-хизмати расмий сайтида эълон қилинган.

Президент бугунги кунда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этган.

"Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда миллионлаб ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга юзлаб йигит-қизлар парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда", - дея таъкидлаган президент.

Коронавирус пандемияси ҳамда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган офатлар бутун эл-юрт қатори ёшлар иродасини ҳам синовдан ўтказди. Ана шундай оғир вазиятларда минг-минглаб ўғил-қизларимиз чинакам мардлик ва жасорат кўрсатиб, барча тенгдошларига ўрнак бўлдилар. 

"Хусусан, мамлакатимизда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг асосий иштирокчилари ҳам ёшларимиз экани, Ҳаракат доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 4 минг 500 нафар аъзоси кўнгилли сифатида фаол иш олиб бораётгани таҳсинга лойиқдир", - деди давлат раҳбари.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бугунги шиддатли замонда, глобал миқёсда рақобат кучайиб бораётган мураккаб вазиятда юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда.

Шу боис улкан ва масъулиятли вазифалардан келиб чиқиб, мамлакат олий таълим тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. 

Жумладан, кейинги уч йилда республикамиздаги олий ўқув юртлари сони 60 фоизга ошиб, 116 тага етди. Улар орасида нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари борлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Мамлакатимизда олий таълим муассасаларига қабул квоталари сони изчил ошириб борилмоқда. Агар 2016-2017 ўқув йилида бу рақам 58 мингтани ташкил этган бўлса, жорий йилда 150 мингтага етади. Яъни, бу йил мактаб битирувчиларининг 25 %и олий ўқув юртларида ўқиш имконига эга бўлади. Ҳолбуки, 2017 йилда бу рақам 9 %га тенг эди.

Миллат генофондини сақлаш ва давом эттиришнинг муҳим омили бўлган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласи доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Сўнгги уч йилда 2 минг 668 та ёш оилага уй-жой учун 121 миллиард 244 миллион сўм бошланғич тўлов маблағлари 20 йил давомида фоизсиз қайтариш шарти билан тўлаб берилди.

"Барчамиз гувоҳмиз – бугун дунё мисли кўрилмаган суръатлар билан кескин ўзгариб бормоқда. Ижтимоий ҳаётимизда кўплаб ижобий жараёнлар билан бирга, ёш авлоднинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган маънавий таҳдидлар ҳам тобора хавфли тус олмоқда. Бундай мураккаб вазиятда фарзандларимизни зарарли таъсирлардан асраш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш энг долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда. Ёшларимизни она Ватанимизга, мустақиллик ғояларига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида бошлаган катта ишларимизни бундан буён ҳам қатъият билан  давом эттирамиз", - деди президент. 

Айни шу мақсадда юртимизнинг барча вилоят ва туманларида, шаҳар ва қишлоқларимизда янги-янги таълим даргоҳлари, маданият ва санъат масканлари, спорт иншоотлари барпо этилиб, ёшлар ихтиёрига берилмоқда. 

Шулар қаторида пойтахтда бунёд этилган муҳташам "Ғалаба боғи", "Шон-шараф" музейи, Тошкент шаҳрининг тарих музейи, бетакрор Адиблар хиёбони Ўзбекистон фарзандларини миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. 

"Бугун жонажон Ўзбекистонимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт қуриш йўлида биз бошлаган улкан ишларни давом эттиришга қодир бўлган янги авлод шаклланмоқда. Азиз ўғил-қизларим, ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда. Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин! Сизларни севимли байрамингиз, азму шижоат, гўзаллик ва камолот айёми – Ёшлар куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман", - дея табрикни якунлаган Мирзиёев.

Асосий мавзулар