21:08 30 Сентябр 2020
Эфир
  • RUB132.07
  • EUR12003.57
  • USD10321.21
Сиёсат
Ҳавола олиш
COVID-19 умумжаҳон пандемияси (1175)
740 0 0

Республика махсус комиссиясига жойлардаги эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш ва касалларни даволашга амалий ёрдам берадиган гуруҳлар тузиб, ҳар бир ҳудудга юбориш бўйича кўрсатма берилди.

ТОШКЕНТ, 28 июл - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 июль куни, ҳудудларда коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказилди.

Ўзбекистонда охирги беш кунда инфекция юқтирганлар сони 3 мингтага кўпайиб, 21 минг 700 нафарга етди.

Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, мамлакатда карантин талаблари муддати 15 августгача узайтирилган эди. Йиғилишда ҳудудларда долзарб бўлиб турган масалалар кўриб чиқилиб, қўшимча вазифалар белгиланди.

Республика махсус комиссиясига жойлардаги эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш ва касалларни даволашга амалий ёрдам берадиган гуруҳлар тузиб, ҳар бир ҳудудга юбориш бўйича кўрсатма берилди.

Ушбу гуруҳларга мутасадди идоралар, ихтисослашган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари раҳбар ва мутахассислари, шунингдек, нафақадаги тажрибали шифокорлар жалб этилади. Бу ҳудудларда аҳолига эрта ва аниқ ташхис қўйиш, беморларни касаллик даражасига қараб тўғри ва малакали даволашда муҳим омил бўлади.

Ҳокимликларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар ташкил этиш, интенсив ва реанимация ўринларини кўпайтириш, уларни зарур тиббий жиҳозлар ва дори-дармон билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Тошкент шаҳридаги тажриба асосида COVID-19 ва пневмония билан касалланганларга дастлабки малакали тиббий ёрдам кўрсатадиган "махсус поликлиникалар" ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари оғир касаллар аҳволини енгиллаштирадиган тиббий ускуналар таъминоти масаласига алоҳида тўхталди.

Қайд этилганидек, охирги икки ҳафтада қўшимча равишда 370 та сунъий нафас олдириш аппарати, 1 минг 41 та портатив нафас олдириш ускунаси, 1 минг 164 та кислород концентратори ва бошқа зарур тиббий жиҳозлар олиб келиниб, ҳудудларга тарқатилди. Касаллар кўпайиши мумкинлигини ҳисобга олиб, Республика махсус комиссиясига жойларга яна қўшимча ускуналар етказиш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда ёш болалар, ҳомиладор аёллар, кексалар, ногиронлиги ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар саломатлиги устидан тизимли мониторинг олиб бориш муҳимлиги белгиланди.

Карантин даврида бирор бир эҳтиёжманд оила эътибордан четда қолмаслиги, кам таъминланган аҳоли қатламига моддий ёрдам, озиқ-овқат ва дори-дармонларни манзилли етказиб бериш тизими "соат"дай аниқ ишлаши кераклиги таъкидланди.   

"Ҳозирги шароитда касалларни даволашга ҳам, иқтисодиётни ишлатишга ҳам мажбур ва масъулмиз. Шунинг учун аҳоли саломатлигини сақлаш, айни пайтда темир интизом билан ҳамма ишларни давом эттиришимиз керак", – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳокимлар ўз ҳудудидаги реал вазиятдан келиб чиқиб, аниқ чоралар кўриши бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, 65 ёшдан ошганлар зарурат бўлмаса уйдан чиқмаслиги қоидаларига қатъий риоя қилишнинг аҳамияти қайд этилди. 

Видеоселектор йиғилишида ҳокимлар ва сектор раҳбарлари қатнашганидан фойдаланиб, экспорт ва инвестиция масалалари, бюджет тушумлари прогнозининг бажарилиши, ғўза парвариши ва экинларни суғориш ишларининг бориши кўриб чиқилди. Булар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботи эшитилди.

Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси (1175)

Асосий мавзулар