12:28 21 Октябр 2020
Эфир
  • RUB133.19
  • EUR12153.63
  • USD10371.76
Сиёсат
Ҳавола олиш
62310

Ўзбекистон президенти БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида иштирок этди ва қатор таклифларни илгари сурди.

ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлади.

Қуйида Ўзбекистон етакчисининг асосий фикрлари ва таклифларини келтирамиз.

Дунёни ўзгартирган коронавирус

Мирзиёев ўз чиқишида коронавирус пандемиясига алоҳида тўхталиб ўтди ва бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаганини таъкидлади.

У Барча ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда  ривожлантириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш лозимлигини чуқур англаганини қайд этди.

“Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини,  саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир”, - деди Мирзиёев.

Президент Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этди.

Гендер тенглик, инсон ҳуқуқлари ва диний эркинлик

Мирзиёев бугунги кунда мамлакатдаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олганини баён қилди ва ўтган йили Парламентга ўтказилган сайловлар аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошганини намойиш этганини таъкидлади.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, мамлакат учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Мажбурий  ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди.

Президент БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан шу йилнинг ўзида 50 минг кишига Ўзбекистон фуқаролиги берилганини эслатиб ўтди.

“Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун доимий муҳим вазифадир”, - деди у.

Коррупцияга қарши курашиш, ёшлар келажаги

Мирзиёев мамлакатда коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилганини таъкидлади ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганини маълум қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Республикада ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатмоқда.

Август ойида БМТ шафелигида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд халқаро форуми муваффақиятли ўтказилди.

У Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Бундан ташқари, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Марказий Осиё, транспорт йўлаги, форум

Мирзиёев ҳозирги вақтда Марказий Осиё минтақасида туб ўзгаришлар юз бераётганини қайд этди. Минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратишга эришилди.

Унинг фикрига кўра, бугун Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим стратегик вазифа турибди. У ҳам бўлса, минтақанинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдир.

Президент Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф этди.

Ўзбекистон БМТнинг Глобал антитеррор стратегияси доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш тарафдори.

Мирзиёев 2021 йилда  ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Афғонистон масаласи

Мирзиёев мамлакат Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилишини таъкидлади ва жорий йилнинг сентябрь ойида Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокаралари жафокаш афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ўрнатишига умид билдирди.

Ўзбекистон етакчиси БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарурлигини қайд этди.

Орол фожиаси

Мирзиёев глобал иқлим ўзгаришлари Марказий Осиё тараққиётига ҳам  катта хавф туғдираётганини таъкидлади ва дунё ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратди.

Президент Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Унинг фикрига кўра, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўларди.

Қашшоқликка қарши биргаликда курашиш

Давлат раҳбари ўз чиқишида жаҳоннинг турли нуқталарида нотинчлик сақланиб қолаётгани, зиддият ва зўравонликлар ортиб бораётгани, экологик офатлар ва бошқа замонавий хатарлар қашшоқлик ва камбағалликнинг глобал муаммоларини кучайтираётганига эътибор қаратди.

Бу муаммолар айниқса пандемия шароитида кескин тус олмоқда. Тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчани безовта қилиши зарур.

Мирзиёев қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммит ўтказишни таклиф этди.

Асосий мавзулар