Қорақалпоғистон қиёфаси ўзгаради: янги уч йиллик дастур ишга туширилмоқда

© Sputnik / Дильшода РахматоваЭллик-кала, Каракалпакстан
Эллик-кала, Каракалпакстан - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Янги тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш учун 37 мингта хонадон ва тадбиркорлик субъектлари ўрганилиб, долзарб масалалар аниқланди. Ушбу таҳлиллар асосида Қорақалпоғистонни 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.

ТОШКЕНТ, 11 ноя - Sputnik. Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, деб хабар беради Ўзбекистон президенти матбуот-хизмати.

Студентка на занятии в медицинском университете - Sputnik Ўзбекистон
Нукусда шифокорлар Канада стандартлари бўйича ўқитилади

Мирзиёев 2 октябрь куни Нукусга ташрифи давомида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясини ўтказган ва ҳудуднинг ҳар бир шаҳар ва туманини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган вазифаларни белгилаб берган эди. Шу мақсадда янги тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш учун 37 мингта хонадон ва тадбиркорлик субъектлари ўрганилиб, долзарб масалалар аниқланди.

Ушбу таҳлиллар асосида Қорақалпоғистонни 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Дастурга мувофиқ, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида янги тадбиркорлик субъектларига қатор солиқ имтиёзлари берилмоқда. Бундан ташқари, ривожланишдан ортда қолаётган Тахтакўпир, Бўзатов, Шуманай туманлари ҳамда 45 та шароити оғир маҳалла ва овулларда саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишида янги ташкил этилган корхоналар ҳам имтиёзларга эга бўлмоқда.

“Нукус” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди

 

Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига "хомашёдан тайёр маҳсулотгача" тизимида ишловчи 27 та саноат кластерини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Дастурда қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланган. Пахта етиштириш бекор қилинаётган 12 минг гектар майдонда экспортбоп сабзавот экинларини жойлаштириш, фойдаланишдан чиққан 36 минг гектар ерни қайта ўзлаштириш, "Қорақалпоқ-агро" эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш шулар жумласидандир. Кунжут етиштириш ва наслли қорамоллар сонини кўпайтириш, Хўжайли туманини чорвачилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш кўзда тутилган.

Шунингдек, йилига 2,5 миллиард куб метр сувни тежаш учун 14 минг 200 километр каналларни таъмирлаш, 45 минг гектар экин майдонида сув тежовчи технологиялар жорий этиш, сув ажратиш нуқталарида ҳисоблагичлар ўрнатиш, 38 минг гектар майдонни лазер ёрдамида текислаш муҳимлиги таъкидланиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлигининг бу борадаги вазифалари қайд этиб ўтилди.

Подпись документов - Sputnik Ўзбекистон
Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазири ўзгарди

Дастурда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов, Шуманай туманлари бўйича алоҳида чоралар назарда тутилган. Хусусан, бу туманларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун 2021-2023 йилларда 409 миллиард сўмлик 172 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, шароити оғир 45  та маҳалла ва овулда умумий қиймати 2  триллион 340 миллиард сўм бўлган 150 та лойиҳа амалга оширилади. Бу лойиҳаларга бериладиган кредитларнинг фоиз харажатлари Марказий банк асосий фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан компенсация қилинади.

В зале заседаний - Sputnik Ўзбекистон
Қорақалпоғистонда бирданига учта ҳоким ўзгарди

Давлат раҳбари янги корхоналар ташкил этиб, аҳолини иш билан таъминлаш, оилаларни камбағалликдан олиб чиқишга кўмаклашиш муҳимлигини таъкидлади.

Йиғилишда Қорақалпоғистон туман ва шаҳарлари қиёфасини янгилаш, йўллар ва уй-жойлар қуриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди: кейинги 3 йилда 856 километр автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш, 2 минг 500 километр ичимлик суви тармоқлари қуриш ҳисобига таъминот даражасини 70 фоизга етказиш мақсади таъкидланиб, масъуллар бириктирилди. 7 минг квартирали 235 та, ёш оилалар ва кам таъминланган аҳоли учун 2 минг 84 квартирали 36 та арзон кўп қаватли уйлар қурилиши айтилди.

Нукус шаҳрини реновация қилиш, замонавий инфратузилма объектлари қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.

Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида сўз борар экан, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларни тўлиқ рақамлаштириш, тиббиёт бригадалари ташкил этиб, аҳолини скрининг текширувларидан ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди. Мактабларда дарсларни янги методика асосида ташкил этиш, педагогларни шу бўйича малакасини ошириш вазифаси қўйилди.

"Умуман олганда, Қорақалпоғистонда ишларни янгича ташкил этиш ва назорат тизими ўрнатилади. Бунинг учун Олий Мажлис Сенатида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш ва даромадларини ошириш бўйича янги қўмита ташкил этилди", – деди Шавкат Мирзиёев.

Янгиликлар лентаси
0