12:02 17 Январ 2021
Эфир
  • RUB141.29
  • EUR12796.16
  • USD10473.20
Сиёсат
Ҳавола олиш
215 0 0

Учрашув чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама этилган

ТОШКЕНТ, 9 янв - Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси бош ижрочи директори Адам Болер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Делегация таркибидан АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) администратори ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Хавер Педра, Давлат департаментининг глобал аёллар муаммолари бўйича идораси раҳбари, алоҳида топшириқлар бўйича элчи Келли Кюрри ҳам ўрин олган.

Учрашув чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини янада чуқурлаштириш, Марказий Осиёдаги минтақавий интеграцияни мустаҳкамлашда ҳамкорлик қилиш, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Томонларнинг Стратегик шериклик мулоқотини йўлга қўйиш тўғрисидаги қарори мамнуният билан қайд этилиб, бу Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида барча йўналишлардаги узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга замин яратиши таъкидланди.

Томонлар иқтисодий тараққиёт, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш каби устувор соҳаларида биргаликда ишлашга тайёрлик билдирган.

Америка томони Ўзбекистоннинг гендер тенглик таъминлаш, мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида аёлларнинг роли ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида эришган ютуқларини юқори баҳолаган.

Иқтисодий алоқалар ва савдони рағбатлантиришга йўналтирилган минтақалараро инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини барпо этишнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашувда икки томон кун тартибининг бошқа масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Музокараларда АҚШ Элчиси Дениэл Розенблюм иштирок этди.

Асосий мавзулар