04:03 19 Январ 2021
Эфир
  • RUB142.66
  • EUR12682.88
  • USD10500.81
Сиёсат
Ҳавола олиш
234 0 0

Қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, бўлинмаларни бошқаришда ахборот технологияларини кенг қўллаш, жанговар тайёргарлик ва касбий маҳоратни ошириш – бундан кейин ҳам устувор вазифаларимиз бўлиб қолади, дея таъкидланади президент табригида

ТОШКЕНТ, 13 янв - Sputnik. Ўзбекистон президенти, Қуролли кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучлар фахрийлари, ватандошларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табриклади.

"Таъкидлаш керакки, миллий армиямизнинг куч-қудрати азму шижоатли ва ҳар ишда етук салоҳиятли ҳарбий хизматчиларимизнинг, бағрикенг ва олижаноб халқимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигидадир. Бу ҳақиқатни бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этмоқдамиз. Ишончим комилки, ана шундай буюк маънавий қудрат манбаи бор экан, эл-юртимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, Ватанимиз мустақиллигига ҳеч қандай ёвуз куч раҳна сололмайди, демократик ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтара олмайди", - дея таъкидланади президент табригида.

Мирзиёев шунингдек, Қуролли Кучлар сафларида хизмат қилаётган қўрқмас ва ҳақиқий ватанпарвар аскар ва офицерларнинг ота-оналарига, шунингдек, ҳарбий ҳаётнинг бутун қувонч ва ташвишларини турмуш ўртоқлари билан баҳам кўриб келаётган меҳрибон ва сабр тоқатли рафиқаларига улкан миннатдорлик билдирган.

Ўзбекистон етакчиси бундан тўрт йил олдин мамлакатда ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича энг муҳим ва устувор йўналишларни белгилаб олинганини, шу асосда мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини айтган.

Ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди, дея эслатган президент.

"Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида, бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари республикамиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишнинг чинакам кафолати бўлмоқда. Энг асосийси, миллий армиямиз ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарга қарши муносиб зарба бера оладиган эл-юрт таянчи ва суянчига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланди", - дея қайд этган Мирзиёев.

Давлат раҳбари жаҳонда мафкуравий курашлар кескин тус олаётган, ахборот маконида турли хавф-хатар ва таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги шароитда "барчамиз доимий огоҳ ва сезгир, фаол фуқаролик позициясига эга бўлишимиз керак", дея огоҳликка даъват этган.

Айниқса, адашиб, ёт ғоялар таъсирига тушган шахслар ва уларнинг фарзандларида мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва уларни соғлом турмуш тарзига, тўғри йўлга қайтаришда ҳарбий хизматчилари давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги ишларни янада кучайтириши лозимлиги таъкидланган.

Бугун дунёнинг олис ва яқин минтақаларида мураккаб можаро ва тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда Ўзбекистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларни янада самарали ташкил этиш шарт, деб ҳисоблайди Мирзиёев.

Хусусан, Ўзбекистон мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, бўлинмаларни бошқаришда ахборот технологияларини кенг қўллаш, жанговар тайёргарлик ва касбий маҳоратни ошириш – бундан кейин ҳам устувор вазифаларимиз бўлиб қолиши айтилган.

"Ҳеч шубҳасиз, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан ана шундай эзгу мақсад ва марраларга эришишга, халқимизнинг тинч меҳнати, осойишта ҳаётини, юртимизнинг  мусаффо осмонини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ҳар томонлама қодирмиз", - дея ишонч билдирган Мирзиёев ўз табригида.

Асосий мавзулар