03:36 16 Июл 2018
Эфир
  • RUB124.19
  • EUR9176.86
  • USD7813.42
Лаборант ВИЧ анализини ўтказмоқда. Архив сурат

Ўзбекистонда ВИЧ вирусини юқтирганлар сони қанча?

© Sputnik / Саид Царнаев
Жамият
Ҳавола олиш
297510

ОИТВ (ВИЧ) - "Одам Иммунитет Танқислиги Вируси" маъносини билдиради. ВИЧ одам организмига тушган заҳоти уни “емиришни” бошлайди. ВИЧ - СПИД касаллигига олиб келадиган вирус.

ТОШКЕНТ, 11 дек — Sputnik. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2015 йилнинг 1 октябр ҳолатида,  31 миллион аҳоли сони қайд этилган мамлакатда ОИВ(ВИЧ) инфекциясини юқтирган кишилар сони 32 546 нафарни ташкил қилмоқда.

“Бу кўрсаткич кўпми ёки оз? Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида  Тошкент шаҳридаги Республика ОИТСга қарши кураш марказига мурожаат қилдик.

Марказ ходими Спутник-Ўзбекистон мухбирига бугунги кунда Ўзбекистонда ВИЧ-инфекциясига қарши кураш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ҳақида батафсил сўзлаб берди.  

ОИТВ (ВИЧ) — "Орттирилган Иммунитет Танқислиги Вируси" маъносини билдиради. ВИЧ одам организмига тушган заҳоти уни “емиришни” бошлайди. ВИЧ ОИТСкасаллигига олиб келадиган вирусдир.  ОИТСга чалинган одам организми ўзини инфекциялардан ҳимоя қила олмайди, оқибатда у кўплаб касалликларга мойил бўлиб қолади, ва ниҳоят, бу касалликлар кишини ҳаётдан кўз юмишига олиб келади.

Ўзбекистонда ВИЧ вирусини юқтирганлар сони қанча?

Ўзбекистонда, ВИЧ вирусини юқтирган кишиларнинг сони бутун аҳоли сонига нисбатан 0,2 %ни ташкил қилади. Бу кўрсаткични бошқа давлатлар билан қиёслаганда, катта деб, ҳисобламайман. Мисол учун Европанинг ривожланган давлатларида бу кўрсаткич — 2 %ни ташкил қилади. Узоққа бормайлик, Украинани оладиган бўлсак, у ерда 1 %ни ташкил қилади, яъни ҳар юз минг аҳолидан 250 нафари(яъни 500 мингга яқин киши) ВИЧга чалинган. Россияда бу кўрсаткич – 0,64 %ни ташкил қилади, яъни 100 минг аҳоли сонига 444 киши. Ўзбекистонда ВИЧ-вирусига чалинганлар сони бошқа давлатларга қиёслаганда, ўн баробар кам, деб айтиш мумкин.

ВИЧ вирусини юқтирганлар асосан кимлар?

ВИЧ вируси қайд этилган беморлар орасида, асосан жинсий йўл орқали юқтирганлар кўпчиликни ташкил қилади. Кейинги йилларда, касаллик, четга бориб келаётганлар, асосан йигитлар орасида, нисбатан кўпайгани, рост.  Шу, боис ҳукуматимиз томонидан юқумли касалликлар борасида алоҳида дастурлар қабул қилиниб, четга чиқиб келаётганлар орасида бу каби касалликларнинг олдини олиш борасида тадбирлар амалга оширилмоқда.

ВИЧ-вируси уни юқтирган одамда қандай намоён бўлади?

Одам ўртача 5-8 йил давомида, баъзида ундан ҳам узоқроқ муддат, ўзининг касалликка чалинганидан бехабар юриши мумкин. Баъзиларда бир йил ичида билинади. Ҳаммаси, касалликни юқтириб олган одамнинг иммунитетига боғлиқ. Агар инсон ВИЧни юқтирган вақтда иммунитети даражаси пастроқ бўлса, вирус қонга тушгандан кейин қисқа муддатда ўзини билдиради. Инсон соғлом турмуш тадбирларига амал қилса, касаллик ривожланиш муддати узоқлашади. Шу боис, ҳозирги кунда фуқароларнинг ВИЧга тестдан ўтиш тадбири мамлакатимизда кенг жорий этилмоқда. Йилига 3-3,5 миллион фуқаро ВИЧга текширувдан ўтади.

Фуқаролар ушбу Марказга ўз хоҳиши асосида мурожаат қилмоқдами?

Таъкидлаб ўтаман, бундай текширувлар, қонунларимизда белгилаб қўйилганидек, ихтиёрий тарзда амалга оширилади.  Қолаверса, мамлакатимизда янги оила барпо этилаётган вақтда, ҳар иккала томон ҳам маълум касалликлар бўйича тиббий текширувдан ўтади. Бу касалликлар рўйхатида ОИТС ва ВИЧ ҳам бор. Бундан ташқари, қон донорлари мажбурий текширувдан ўтказилади. Дейлик, кимнингдир турмуш ўртоғида касаллик аниқланди, демак жуфтликнинг иккинчи аъзоси ҳам, албатта, текширувдан ўтиши керак.

Президент Ислом Каримов томонидан 2016-йил “Соғлом она ва бола” йили деб эълон қилинди. Нима деб ўйлайсиз, ВИЧ-вирусини юқтирган аёлдан соғлом бола дунёга келиши мумкинми?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига асосан, биз ўзимизда маҳаллий ҳужжатларимизни ишлаб чиқарганмиз. Ҳомиладор аёлларнинг ҳаммаси тиббий текширувдан ўтказилади. ВИЧ-вирусини аниқлаш ҳомиланинг 14-16 ҳафталигида амалга оширилади. Агар инфекция мавжудлиги аниқланса,  ушбу вирусга қарши профилактика ишлари олиб борилади. Ҳомиладор аёл махсус дориларни ичади. ВИЧ-вирусини юқтирган аёлга болани эмизиш таъқиқланади. Мана шу қоидаларга амал қилинса, бола 99 % ҳолатларда соғлом дунёга келишига эришилади. Яқин бир-икки йилда бу вируснинг онадан болага ўтишига бутунлай барҳам беришни режалаштирганмиз. Бунга эришамиз, деб умид қиламиз.

Ҳозирда ВИЧ-вирусига тест топшираётганлар, тестдан олдин ва кейин врач маслаҳатидан ўтмоқда. Бу нима дегани ва у қандай амалга оширилади?

Биз ўзбекларда сўз боши “ассалом”дан бошлангани каби, ВИЧ ва ОИТСга қарши кураш тадбирлари айнан маслаҳатдан бошланади. Тестдан олдинги маслаҳатда тестдан ўтувчига бунинг қандай фойдаси борлиги, ВИЧ ўзи нима ва у қандай юқиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилади.

Киши розилиги билан қон намунаси олиб, текширилади. Тест натижаси хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин, тестдан кейинги врач консултацияси, албатта, амалга оширилади. Тест натижаси салбий бўлганда, яъни ВИЧ аниқланмаганда, натижа 100 % кафолатли бўлиши учун яна бир марта тест такрорланади.  

Тест натижаси ижобий бўлганда, шахсга келгусида соғлом ҳаёт тарзини қандай давом эттириш тиббиёт ходими билан келишиб олинади. У Марказимиздаги ОИТСга қарши курашиш кабинетида доимий рўйхатда туриб, бепул дори-дармон ва тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилади. Ҳар олти ойда иммунитет даражаси ўрганилиб, агар зарурат бўлса, вирусга қарши махсус терапияни бошланади. Ва шу билан бир вақтда, шахс била туриб касалликни бошқаларга юқтириш, жиноий иш эканлиги ҳақида огоҳлантирилади.

Ёшларга нима деб маслаҳат берган бўлардингиз?

Бундай касалликларга қарши, биз ўзбекларда туғма иммунитет бор десам, ҳам бўлади. Маънавиятимизга амал қилсак, бу каби касалликдан ҳимояланган бўламиз. Ёшларга, турмуш ўртоғига вафодор бўлишни, гиёҳвандлик ва шунга ўхшаш иллатлардан узоқроқ юришни, умуман, соғлом турмуш тарзига амал қилишни маслаҳат бераман. Мана шунда, бу касалликдан биз ўзимизни ҳам, яқинларимизни ҳам сақлаган бўламиз. Батафсил маълумотни сайтимиздан олишингиз мумкин.  

Суҳбат учун раҳмат.

Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш маълумотларига кўра, 2014 йилнинг охирига келиб  дунё бўйича ВИЧ вирусини юқтирганлар сони 36,9 миллионни ташкил қилган. Бу йил яна 2 миллион киши ушбу вирусни ўзига юқтирган, 1,2 миллион киши ВИЧ билан боғлиқ касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юмган.

 

Асосий мавзулар