Тошкентда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами учун реабилитация маркази очилмоқда

Oбуна бўлиш
Европа Иттифоқи ташкил қилаётган марказда турли ҳаётий қийинчиликларга дуч келган фуқароларга, яъни маҳбусликдан озод қилинганлар, гиёҳванд моддаларга тобе, ВИЧ касаллигига чалинган ва бошқа тоифадаги фуқароларга ёрдам кўрсатилади. Лойиҳа икки йилга мўлжалланган.

ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Жорий йилнинг 28-июнь санасида Тошкентда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази очилиши кутилмоқда. “Уйга тўлақонли ҳаёт сари йўл” лойиҳаси доирасида ташкил қилинган марказ учун маблағ Европа Иттифоқи томонидан ажратилган, деб хабар қилди чоршанба куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси.

Лойиҳа психологик ва юридик ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Тошкентда Ижтимоий ёрдам синов марказини ташкил этиш орқали аҳолининг заиф қатлами вакилларини касбий тайёргарликдан ўтказишда ҳамкорлик олиб боришга йўналтирилган.

"Икки йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган лойиҳа Германия Миллий университетлар ассоциацияси (DVV International) томонидан амалга оширилади ҳамда Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларда истиқомат қиладиган аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами – жазони ижро этиш жойларидан озод этилган, гиёҳванд моддаларга қарам бўлган, ВИЧ(ОИВ) касаллиги билан яшовчи, силга чалинган ва бошқа заиф қатламлардан иборат 1,5 минг аёл ва эркакларни қамраб олади”, деб таъкидлашди ваколатхонада.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи 1996 йилда кенг миқёсдаги ҳамкорликни кўзда тутувчи Шериклик ва ҳамкорлик битимини имзолаган. Европа Иттифоқининг дипломатик ваколатхонаси Ўзбекистонда 2012 йилда очилган. 2015 йилнинг июл ойида ЕИ Ўзбекистонга 2014-2020 йиллар давомида Ўзбекистонда амалга ошириладиган лойиҳаларга 168 миллион евро ажратиши ҳақида хабар қилган эди. Пул маблағлари таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни қўллаш ва кўмак беришга, ирригация инфратузилмаларини яхшилашга ҳамда аграр секторда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишга сарфланиши таъкидланган эди.

Янгиликлар лентаси
0