Олий ўқув юртлари домлалари талабалардан пора олмасликка ваъда берди

Oбуна бўлиш
Шу кунларда Республика Бош прокуратураси ходимлари Тошкент шаҳрида жойлашган олий ўқув юртлари ўқитувчи-домлалари ўртасида халқ таълими соҳасидаги коррупция мавзусида суҳбат ўтказдилар. Суҳбат якунида педагоглар талабалардан пора олмаслик ҳақида кафолат хати ёзиб бердилар.

ТОШКЕНТ, 13 май — Sputnik. Коррупцияга қарши кураш органлари маълумотига кўра, Ўзбекистонда пора олиш бўйича биринчи ўринда – соғлиқни сақлаш соҳаси, иккинчи ўринда эса – таълим соҳаси туради. Шу сабабдан, ҳар йили республикалардаги таълим муассасаларида домлалар билан пора олиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги мавзусида суҳбатлар ўтказилади.

Бу йил тадбир анча жиддий тартибда ўтказилди, деб хабар қилмоқда, nuz.uz сайти. Тушунтириш суҳбати ва фильм намойишидан сўнг ҳар бир мураббий ўз номидан коррупция билан шуғулланмаслик ҳақида кафолат хатини ёзиб берган.

Прокуратура ходимлари ўқитувчилар томонидан пора олиб қўлга тушган ва бунинг оқибатида жиноий иш қўзғатилган бир қанча мисолларни келтиришган. Бош прокуратуранинг ушбу ҳаракатларига порахўрлик юзасидан талабаларнинг ўзлари ва уларнинг ота-оналари томонидан келиб тушган шикоятлар сабаб бўлгани айтилган. Илгари талабалар бу ҳақда аноним тарзда хабар беришган бўлса, ҳозирда улар бу борада очиқ шикоят қилишмоқда.

Талабаларнинг аксарияти ўқиш йилдан йилга қийинлашиб бораётганидан нолишган. Баъзи домлалар ҳар бир "хизмат тури" учун алоҳида ставка белгилаганликлари маълум: назорат(оралиқ) ишлари алоҳида пул турса, давоматни тузатиш алоҳида пул туриши маълум. Семестрни якунлаш учун ҳам алоҳида "чиқим" қилиниши шарт. Энг ачинарлиси, талабаларнинг ҳаммаси пул беришга мажбур, акс ҳолда порахўр домла пул бермаган талабани “йиқитишга” ҳаракат қилади.

Янгиликлар лентаси
0