06:28 25 Феврал 2018
Эфир
Сарвар Отамуратов архив сурат

Сарвар Отамуратовнинг сайловолди дастури эълон қилинди

© Пресс-служба партии Миллий Тикланиш
Жамият
Ҳавола олиш
Ўзбекистонда президент сайлови (124)
47910

Номзод ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш учун турли соҳаларда бир қатор вазифаларни ҳал этиш зарур деб ҳисоблайди

ТОШКЕНТ, 2 ноя – Sputnik. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайтида партиядан Ўзбекистон Президентлигига номзоди кўрсатилган Сарвар Отамуратовнинг сайловолди дастури эълон қилинди.

Дастурда номзод асосий мақсади сифатида миллий тикланишдан миллий юксалишга эришиш ғоясини амалга ошириш, ички сиёсатда иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига, халқ фаровонлиги ошишига эришиш, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатда миллий манфаатларни ҳимоялаш ва мақсадли илгари суриш, Ўзбекистон халқининг миллий-маданий ва маънавий-ахлоқий қадриятлари, урф-одатларини сақлаш ва бойитиш эканлигини маълум қилган.

Номзод бу мақсадларга эришиш учун турли соҳаларда бир қатор вазифаларни ҳал этиш зарур деб ҳисоблайди. Жумладан, халқнинг тарихий, маданий ва интеллектуал мероси, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш ва бойитиш, унинг ютуқларини навқирон ва баркамол авлод орасида кенг тарғиб қилиш, ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва   бугунги кунини баҳолашда бир ёқлама ёндашувларга, нохолисликка йўл қўймаслик, Ўзбекистон тарихининг бузиб, сохталаштириб талқин этилишига қарши курашиш, маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш, музейлар, архивлар, кутубхоналарда ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш, бу борадаги қонунчиликни янада   такомиллаштириш кабилар дастурда кўрсатиб ўтилган.

Шаҳарлар миллий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирлар амалга оширилади, архитектура ёдгорликларини асраб-авайлаш, қайта таъмирлашга кўмаклашиш ва бугунги кунгача уларнинг ЮНЕСКОнинг Жаҳон  маданий мероси рўйхатига кирмаганларини унга киритишга қаратилган Давлат дастури қабул қилинади ва амалга оширилади.

Туристик фаолият билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланадиган солиқ ва мажбурий тўловлар ҳисобидан моддий маданият меросини қайта тиклаш ва капитал таъмирлаш  жамғармаси ташкил этилади.

Хорижий мамлакатлар кутубхона, архив ва музейларида сақланаётган ўзбек алломалари, мутафаккирлари ва ёзувчи-шоирлари томонидан яратилган илмий ва бадиий асарлар ҳамда тарихга оид моддий бойликларни Ўзбекистонга қайтаришда фаоллик кўрсатилади.

Ёшлар онгини "оммавий маданият"нинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг қалби ва онгига миллий тикланиш ғоясини сингдириш, уларни миллий маънавият ва қадриятлар руҳида тарбиялашга эътибор қаратилади. Бунда кино, театр ва эстрада санъатида ўзбек халқининг тарихи, маданияти, анъаналари ва илғор урф-одатларини таъсирчан бадиий образлар орқали ифода этадиган асарларнинг дунёга келишига кўмаклашилади.

Ўзбек тили ривожини янги босқичга кўтариш учун давлат тилини бойитиш, янада такомиллаштиришга, давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва унинг тўла амал қилишига эришишга ҳаракат қилинади.

Фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш мақсадида замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш борасида махсус комиссия тузилади.

Ўзбекистон заминида яшаб ижод этган ва жаҳон тамаддуни тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, буюк давлат арбоблари, ҳарбий саркардалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган кино асарлар яратилишида ташаббус кўрсатиш, хорижий киностудиялар билан ҳамкорликда, таниқли режиссёр ва актёрлар иштирокида уларни бутун дунё жамоатчилигига етказиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон халқининг тарихи, маънавий-маданий меросига доир адабиётларни нашр этиш билан шуғулланаётган муаллифлар, босмахоналар, нашриётлар иқтисодий жиҳатдан рағбатлантирилади, уларга солиқ ва бошқа тўловлар бўйича имтиёзлар берилади.

Ёш хонанда ва созандаларнинг халқаро нуфузли танловлар ва фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишига эътибор қаратилади.
Бадиий жиҳатдан юксак маҳорат билан саҳналаштирилган спектаклларни кўпайтириш, одамларда, айниқса, ёшларда театр томошаси маданиятини ўстириш, барча театрларда "Очиқ эшиклар куни"ни ташкил этиш кўзда тутилган.

Мамлакатда оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий қадриятларни ардоқлаш, ёш оилаларга ғамхўрликни ошириш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, соғлом ва мустаҳкам оилалар сонини янада кўпайтириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларга кўмаклашилади.

Тўй маросимларини ўта дабдабали қилиб ўтказиш ва исрофгарчиликка асосланган бошқа тадбирларга барҳам беришга қаратилган ишлар фаол амалга оширилади.
Номзод дастурида замонавий ривожланган демократик давлат қуриш бош мақсадлардан бири сифатида эътироф этилган.

Дастурга кўра, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларини ҳал этишда ҳамда миллий ва маънавий қадриятлар, маҳаллий урф-одат ва анъаналарни қайта тиклаш ва бойитишдаги бевосита иштирокини таъминлашда маҳалланинг роли кучайтирилади.

Оила, мерос, уй-жой даъвоси ва маиший турмуш манбаида туғиладиган низоларни судгача ҳал этиш тизими ривожлантирилади.

Номзод ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган харажатларни қисқартириш, янги, замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, истиқболли ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган корхоналарга солиқ ва мажбурий тўловларда имтиёзлар бериш йўли билан маҳаллий саноат самарадорлигини янада оширишга эътибор қаратган.

Хорижий маҳсулотлар ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқараётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар самарали қўллаб-қувватланади, улар учун солиқ миқдори камайтирилади, божхона имтиёз ва преференциялари, имтиёзли субсидиялар ва бошқа шакллардаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади.

Мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш ва ташқи бозорда маҳсулотлар таннархини тушириш имконини берувчи транспорт-экспедиторлик компанияларга солиқ имтиёзлари ва преференциялари берилади, йирик юк ташувчи автомобилларни лизингга бериш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган Дастур қабул қилинади ва амалга оширилади.

Енгил ва ихчам тўқимачилик корхоналарининг сони кўпайтирилади, уларга маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлайдиган замонавий технологияларни жорий қилиш қўллаб-қувватланади.

Замонавий билим ва малакага эга инженер-техник, молия-иқтисод, корпоратив бошқарув менежментлари, ахборот технологиялари соҳасида дастурчиларни тайёрлаш тубдан кучайтирилади ва мазкур соҳалардаги истеъдодли ёшлар қўллаб-қувватланади.

Номзод аҳоли турмуш сифати, даражаси ва фаровонлигини оширишни ижтимоий соҳадаги стратегик мақсади деб билади.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Давлат дастури қабул қилинади. Сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўпайтирилади ва бунда генларни модификация қилиш усулидан фойдаланиш чекланади.

Йўловчиларга, жумладан, олис ва етиб бориш қийин бўлган жойлар аҳолисига транспорт хизмати тизими яхшиланади, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари учун имтиёзли транспорт қатнови таъминланади.

Маданият муассасалари, "Баркамол авлод" болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактаблари, шу жумладан, олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ жойларни ривожлантириш учун бюджетдан маблағ ажратиш кўпайтирилади.

Номзод миллий ахборот тизимлари ва миллий ахборот ресурсларини ривожлантириш, миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини ҳал этишга эътибор қаратган.

Бу борада идоралараро ва идора мажмуаларининг ахборот тизимларини бирлаштирувчи миллий ахборот тизимлари ва миллий ахборот ресурслари, айниқса, Интернет тармоғининг миллий сегментлари ривожлантирилади.

Дастурда спортнинг барча турлари, айниқса, олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган ҳамда миллий турларини ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш етакчи вазифа сифатида кўрсатилган.

Отамуратов Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслигини қўллаб-қувватлайди.

Ташқи сиёсат ва давлат бошқарувининг бошқа органлари фаолияти доирасида миллий манфаатлар қатъий ҳимоя қилинади.

Ўзбекистоннинг айрим шериклар ва мамлакатлар гуруҳига боғлиқлигини камайтириш мақсадида иқтисодий, технологик, транспорт ва бошқа хилдаги алоқалар кенг кўламда диверсификация қилинади.

Мавзу:
Ўзбекистонда президент сайлови (124)

Асосий мавзулар