Наримон Умаровнинг сайловолди дастури

Oбуна бўлиш
Номзод сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳот ва ўзгаришларни “ўзбек модели”га мувофиқ равишда давом эттиришни бош мақсади деб билади

ТОШКЕНТ, 2 ноя – Sputnik. "Адолат" социал демократик партияси сайтида партиядан Ўзбекистон Президентлигига номзоди кўрсатилган Наримон Умаровнинг сайловолди дастури эълон қилинди.

Номзод сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ўзаро чамбарчас ислоҳот ва ўзгаришларни “ўзбек модели”га мувофиқ равишда давом эттиришни бош мақсади деб билади.

Умаров вакиллик ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, парламентаризмни ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кенг жорий этишни ёқлайди.

Номзод ҳокимларнинг вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва озод этишдаги, уларни жавобгарликка тортиш масаласидаги, ҳудуднинг кадрлар сиёсатига таъсир этишдаги ваколатларини кенгайтириш тарафдори эканлигини билдиради.

Матбуот - Sputnik Ўзбекистон
Наримон Умаров матбуотни янада эркинлаштириш тарафдори

Ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш устувор вазифа ҳисобланади.

Шунингдек босма оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини тарқатиш соҳасида рақобатни ривожлантиришга, даврий матбуот маҳсулотларининг чакана савдо тармоқларини кенгайтиришга алоҳида аҳамият берилади.

Номзод қонун устуворлигини таъминлаш инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ижтимоий ҳимояси амалда таъминланадиган ҳуқуқий давлат, халқчил, адолатли, эркин жамият, фаровон ҳаёт барпо этишнинг гарови, деб билади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллигини, судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини, фаолиятининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштириш, одил судловнинг нуфузини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни таклиф этади.

Давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик меъёрларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва эркин талқин этилишига, шунингдек, тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилади.

Доллар - Sputnik Ўзбекистон
Коррупцияга қарши кураш тартибига оид қонун биринчи ўқишда маъқулланди

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш, хусусан, ички ишлар, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилиниши устидан кучли жамоатчилик назорати янада кучайтирилади.

Умаров иқтисодий соҳада олиб борилаётган макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳамлаш, иқтисодий ўсиш суръатларини давом эттириш, бюджет ҳамда миллий валюта барқарорлигини таъминлаш, банк ва суғурта тизимларини мустаҳкамлаш, четдан қарз олиш масалаларида консерватив ёндашувга асосланиш, давлатнинг ташқи қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетмаслигига эришиш борасидаги сиёсатни давом эттириш тарафдори.

Замонавий иннновацион ва юқори технологияларни жадал ривожлантириш ва кенг жорий қилиш мақсадида махсус комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Номзод бюджет соҳасида харажатларни кескин қисқартириш эвазига бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдори эмаслигини, бюджет харажатлари иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим омилларидан бири эканлигини, у аҳолининг тўлов қобилиятини кучайтириб, халқ фаровонлигини таъминлашини билдиради.

Олий Мажлис - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистоннинг 2017 йилги Давлат бюджети қабул қилинди

Умаров йирик компанияларнинг марказий бошқарув органларини кичик шаҳарларга кўчириш ҳамда кичик шаҳарларнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини республика бюджети ҳисобидан кенг кўламли реконструкция қилиш зарур, деб ҳисоблайди.

Энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантиришга қаратилган замонавий технологияларни кенг миқёсда жорий этилади.

Муқобил энергия манбалари, хусусан қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича қонунчилик ҳужжатлари ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.

Уй-жой-коммунал соҳаси ва кундалик турмушда кенг фойдаланишга мўлжалланган қуёш батареяси ва бошқа қайта тикланувчи энергия олишга ихтисослашган инновацион технологияларни аҳолининг харид қобилиятига мос нархларда ишлаб чиқариш кенгайтирилади.

Корхона ва муассасаларни босқичма-босқич хусусийлаштириш сиёсати давом эттирилади ва бу орқали аралаш иқтисодиёт доирасида давлат мулки ҳимоя қилинади, стратегик муҳим объектлар уларнинг ижтимоий фойдалилигидан келиб чиқиб давлат тасарруфида қолдирилади.

Экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқариш рағбатлантирилади, прогрессив солиқ тизимини босқичма-босқич жорий қилишни ўз ичига олган самарали иқтисодий сиёсат воситаларидан фойдаланилади.

Саноат корхоналари чиқиндиларини қайта ишлаш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш долзарб вазифа сифатида қайд этилади.

Чиқиндини қайта ишлаш - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда чиқинди тўплаш тизими ачинарли аҳволда

Экология масалалари устувор вазифалардан бири бўлиб, бу соҳани комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.

Давлат инсоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлаши; шахсий ташаббусларни рағбатлантириши; иш берувчилар ходимларнинг кучи ва соғлиғидан фойдаланишда суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслигини таъминлаши; фуқаролар ўзларининг жинси, ёши ва кучига тўғри келмайдиган ишлар билан шуғулланмасликларини назорат этиши лозим, деб ҳисобланади.

Давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини соғлиқни сақлаш, фан ва таълим тизими, йўл қурилиши, коммунал соҳаларда ривожлантирилади. Ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, корхоналарда ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, бизнес тузилмаларнинг ижтимоий масъулиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ёшларни муносиб ҳақ тўланадиган меҳнатга жалб қилиш, коллеж битирувчилари ва ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш юзасидан давлат дастурларининг амалда бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳоли бандлигини тўлиқ таъминлаш ва ишсизликни минимал даражагача қисқартиришга ҳаракат қилинади.

Аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши таъминланади. 

Аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари эътибор марказида бўлади.

Номзод уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ажратилаётган ипотека кредитлаш жараёнини такомиллаштириш ва фоизларини оптималлаштириш, уй-жой бозоридаги фирибгарликлар учун назорат ва жавобгарликни кучайтириш, уй-жой-коммунал комплекси ишини янада яхшилаш, аҳоли учун белгиланаётган коммунал тўловлар миқдорини доимий назоратда тутиш, бу соҳаларда аҳолига хизмат кўрсатадиган муқобил ташкилотлар ўртасидаги рақобатни ошириш тарафдори.

Янги уй - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда имтиёзли ипотекани янада кўпроқ оилалар олиши мумкин

Умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, синфлардаги ўқувчилар сонини оптималлаштириш, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари миқдори ва сифатини ошириш, таълим муассасаларида тиббий хизмат даражасини юксалтиришга эътибор қаратилади. Бу борада умумтаълим мактабларини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш режалаштирилган.

Меҳнатга лаёқатли аҳолининг олий таълим билан қамралганлиги босқичма-босқич ошириб борилади, давлат ва хусусий сектор маблағлари эвазига таълим грантлари ажратилиши тизими такомиллаштирилади.

Олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизими қайта кўрилади, барча талабгорларга олий таълим олиш ҳуқуқини бериш орқали иқтидорли ёшларни танлаб олиш сифати оширилади.

Хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган олий маълумотга эга фуқаролар дипломларини нострификациядан ўтказиш тизими соддалаштирилади.

Масофадан туриб таълим беришнинг замонавий шакллари ривожлантирилади.

Меҳнат ресурсларининг иш берувчи ва бозор талабларига тезроқ мослашишига кўмаклашиш мақсадида қисқа муддатли ўқувларни ташкиллаштирувчи давлат ва нодавлат касб таълими тизими янада ривожлантирилади.

Номзод тинчликсевар ташқи сиёсат тарафдори. Умаров яқин қўшнилар билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қолишини билдиради. 

Ядро қуролларисиз дунё, Марказий Осиёда ядро қуролларидан ҳоли ҳудуд барпо этиш ғояларини илгари суриш давом эттирилади.

Янгиликлар лентаси
0