18:45 25 Феврал 2018
Эфир
Ҳотамжон Кетмонов архив сурат

Ҳотамжон Кетмоновнинг сайловолди дастури

© Sputnik/
Жамият
Ҳавола олиш
Ўзбекистонда президент сайлови (124)
234 0 0

Номзод аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишни асосий устувор йўналиш деб ҳисоблайди

ТОШКЕНТ, 2 ноя – Sputnik. Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайти партия томонидан Ўзбекистон Президентлигига номзоди илгари сурилган Ҳотамжон Кетмоновнинг сайловолди дастурини эълон қилди.

Номзод аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатлами турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлашга эътибор қаратади.

Бунга асосан, энг кам истеъмол харажатлари (истеъмол саватчаси) стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини ишлаб чиқилади ҳамда жорий қилинади.

Кетмонов аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишни асосий устувор йўналиш деб ҳисоблайди.

Номзод аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш даражасини яхшилашнинг энг муҳим шарти сифатида уларнинг бандлигини таъминлаш деб билади. Бунинг учун, аввало, меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлиши, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур деб ҳисоблайди.

Ижтимоий ҳимоя борасида пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантириш билан боғлиқ масалаларни қамраб олувчи кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш лозим, деб билади.

Ишчи кучи четга чиқиб кетишининг олди олинади, бунинг учун ҳар йили қабул қилинадиган иш ўринлари ташкил этилади ва аҳоли бандлигини таъминлаш Давлат дастури ижросида янгича ёндашувларга ўтилади. Бунда асосий эътибор меҳнат бозоридаги талаб-таклифни тўлиқ ўрганиш, ҳисобга олиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини тузишда жорий ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини тўғри ва аниқ белгилашга қаратилади.

Муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини таклиф этаётган, минерал хомашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни таъминловчи юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар фаоллаштирилади, ушбу соҳаларга мамлакатда мавжуд бўлган бўш меҳнат ресурслари фаол жалб этилади.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг мустақил ўзини ўзи иш билан таъминлаш ҳамда якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиёти кенгайтирилади, ўз бизнесини очишда белгиланган йиғимлардан, фаолиятини тўлиқ йўлга қўйгунга қадар солиқлардан озод қилиш муддати узайтирилади.

Тегишли мутахассисларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, кадрлар тайёрлаш учун олий ўқув юртлари талабаларининг таълим шартномалари тўловларини тўлаётган корхоналар ва ташкилотларни рағбатлантириш амалиёти такомиллаштирилади.

Муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароитига эга бўлган, қўшимча барқарор иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар яратиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида солиққа тортиш тизими такомиллаштирилади.

Кичик бизнес, уй меҳнати, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш самарадорлиги оширилади.

Меҳнат қонунчилигида аёлларга берилган ҳуқуқ ва қўшимча имтиёзлардан кенг фойдаланишлари учун янада мақбул шароитлар яратилади.

Меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш, бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштириш, уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади ва амалиётга киритилади.

Ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналарни ташкил этишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилади, ушбу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғи ривожлантирилади.

Йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имкониятлари чекланган шахслар (ногиронлар)ни касаначилик фаолиятига жалб қилиш кенгайтирилади.

Номзод давлатнинг молиявий-иқтисодий қудратини оширишни кучли ижтимоий сиёсат билан уйғунлаштириш орқали аҳолининг, хусусан, унинг эҳтиёжманд қатламларининг турмуш даражасини янада яхшилашга йўналтиришга эътибор қаратади.

Бюджет маблағлари, айниқса, ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағларнинг мақсадли равишда сарфланиши устидан қатъий назорат кучайтирилади.

Замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш асосида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар сифатини ошириш, таннархини пасайтириш, шунингдек, уларнинг экспорт имкониятларини кенгайтирувчи ва аҳолининг харид қобилиятини оширишга хизмат қилувчи рақобат муҳитини шакллантириш масалаларига эътибор кучайтирилади.

Тижорат банкларининг инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштирокини янада кенгайтирилади, хўжалик юритувчи субъектларни кредитлаш тизими соддалаштирилади, макроиқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, фоиз ставкаларини минимал даражада белгилаш, муаммоли қарзлар юзага келишига йўл қўймаслик ва банк хизматлари сифатини яхшилаш орқали уларнинг инвестициявий фаоллиги кучайтирилади.

Маҳаллий хомашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналарининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юқори қўшимча қийматга эга истеъмол товарлари ишлаб чиқаришини молиявий ва иқтисодий рағбатлантирилади, имтиёзли кредитлаш самарадорлиги оширилади.

Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда оилавий тадбиркорлик ва касаначилик рағбатлантирилади.

Кичик корхоналарнинг йириклашишини рағбатлантирувчи солиқ сиёсати юритилади, кичик корхоналарнинг йириклашиши ва янада ривожланишига хизмат қиладиган солиқ ва имтиёзлар тизими ишлаб чиқилади.

Номзод қурилиш ташкилотларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, соҳага янги технологияларни жорий қилиш, малакали мутахассисларни ёллашга имконият берувчи шароитлар яратиш мақсадида солиқ юкини камайтиришни таклиф қилади.

Кетмонов ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратиш, уларнинг меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ташаббускорлигини рағбатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Нафақалар ва моддий ёрдам асосан, кам таъминланган оилалар, моддий ёрдамга муҳтож кексалар ва болаларга йўналтирилади.

Ўз бизнесини ташкил этишга интилувчи меҳнатга лаёқатли фуқароларга имтиёзли кредитлар ва фоизсиз ссудалар ажратиш амалиёти янада ривожлантирилади.

Кам таъминланган оилаларга ҳар ойда тўланадиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни, ўз бизнесини ташкил этиши учун мақсадли фойдаланиш шарти билан, тегишли даврда тўланадиган маблағлар суммасини бир марталик тўлов шаклига ўтказиш механизми жорий этилади.

Ижтимоий аҳамиятга молик товарлар ва хизматлар нархини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назорати самарадорлигини янада ошириш орқали нархлар ва тарифларнинг ўсиши инфляция даражасидан юқори бўлмаслиги таъминланади.

Аҳолига кўрсатиладиган коммунал хизматлар (газ, электр ва иссиқлик таъминоти, канализация, маиший чиқиндилар ва ҳ.к.) нархлари ва тарифларини давлат томонидан тартибга солиш механизмлари такомиллаштирилади.

Номзод ижтимоий объектларда ногиронлар учун махсус кириш йўлаги – пандуслар ҳамда уларга мослаштирилган пиёдалар йўлакчалари бўлишини таъминлаш даркор, мавжуд барча бино ва иншоотларни ногиронлар кира олишлари нуқтаи назаридан хатловдан ўтказиш, йўлакчаларни ногиронларга мослаш бўйича махсус давлат дастурини қабул қилиш лозим, деб ҳисоблайди.

Бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғи кенгайтирилади.

Корхона ва ташкилотларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, техник ва технологик мутахассисликлар бўйича олий ўқув юртларига мақсадли қабул қилиш масаласи рағбатлантирилади.

Педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан машғул бўлгани боис вақтинча ишламайдиган аёлларнинг оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этишнинг қонуний асослари яратилади.

Аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғи кенгайтирилади.

Фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти ҳамда дори-дармон воситалари нархи устидан давлат ва жамоатчилик назорати кучайтирилади, дори воситалари рекламаси чекланади.

Аҳолига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида Ягона интерфаол давлат хизматлари порталидан эркин фойдаланишни тақдим этувчи пунктлар тармоғини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўрилади.

Судларда ишларни кўриб чиқиш жараёнига ахборот-коммуникация технологиялари кенг татбиқ этилади. Фуқароларнинг судга мурожаат қилиши ва суд ҳужжатларини олишининг электрон тизими кенг жорий қилинади.

Номзод ташқи сиёсат борасида қўшни мамлакатларга нисбатан очиқ ва прагматик сиёсат юритиш, улар билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ташаббусларни илгари суриш тарафдори.

Марказий Осиё мамлакатлари, дунёнинг бошқа давлатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар билан терроризм, экстремизм, наркотрафик, одам савдоси ва бошқа таҳдидларга қарши кураш масалалари бўйича ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва кучайтириш зарур деб ҳисоблайди.

Мавзу:
Ўзбекистонда президент сайлови (124)

Асосий мавзулар