Ўзбекистонда кадрлар тизими бутунлай қайта шакллантирилади

Oбуна бўлиш
Ўзбекистон президентининг фикрича, кадрларнинг амалий захирасини шакллантириш бугунги кун талабидир

ТОШКЕНТ, 15 дек – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида амалдаги кадрлар тизими фаолиятига танқидий баҳо берди ва мазкур тизим қайта шакллантирилишини билдирди.

"Ҳаммамиз яхши тушунамизки, олдимизда турган кенг кўламли вазифаларни бажариш учун кадрлар билан ишлашнинг бутун тизимини такомиллаштиришга доир бир қатор ишларни албатта амалга оширимиз керак.

Ҳозирги вақтда давлат ва ҳокимият идораларида кўп ҳолларда кадрлар салоҳиятидан фойдаланиш, уларнинг вазифа ва ваколатлари тақсимоти оқилона ва самарали йўлга қўйилмагани сезилмоқда.

Энг ёмони, бу ҳолат ишимизга халақит бермоқда. Бир идорани қарасангиз, юзлаб одам номига ишлаб ўтирибди. Бошқа идорани қарасангиз, иш кўп, вазифа кўп, лекин ишлайдиган одам, кадр етишмайди.

Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Шавкат Мирзиёев: Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади

Бундай нотўғри иш тақсимотига мутлақо чек қўйишнинг вақти етди. Ҳар бир давлат хизматчиси ўзининг бурчи ва мажбуриятини аниқ-равшан билиши, содда қилиб айтганда, ўз аравасини ўзи тортиши лозим", деди у.

Ўзбекистон президентининг фикрича, кадрларнинг амалий захирасини шакллантириш бугунги кун талабидир.

"Бу – замон талаби. Олдимизга қўйган мақсад-муддаоларга етиш учун бу ишларни ўзимиз қилмасак, бошқа ҳеч ким бизга четдан келиб қилиб бермайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, кадрларнинг амалий захирасини шакллантириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг муҳим масалаларини ўз ичига оладиган мақсадли дастурни ишлаб чиқиш вақти келди, деб ўйлайман.

Асосий вазифа – бу юқори касб маҳорати ва замонавий тафаккурга эга, пухта ўйланган, ҳар томонлама тўғри қарорлар қабул қила оладиган, белгиланган мақсадларга эришадиган раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг янги таркибини шакллантиришдан иборат.

Бу борада ҳудудий бошқарув органлари, энг аввало, мамлакатимиз туман ва шаҳарлари ҳокимликлари учун малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бунинг учун олий таълим муассасалари тизими билан бирга, мамлакатимиздаги 6 та академия, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази каби ташкилотларнинг илмий-амалий салоҳияти ва имкониятларини янада фаол сафарбар этиш даркор", деди Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ўзига юклатилган вазифани мутлақо уддаламаётганини таъкидлаб ўтди ва ушбу академияни ҳам, унинг иш услубини ҳам тубдан ўзгартириш ва раҳбар кадрларини қайта кўриб чиқиш лозимлигини айтди.

"Айни вақтда маҳаллий ҳокимликларнинг вазифа ва ваколатларини ҳам такомиллаштириш талаб этилмоқда.

Ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонунлар ижросини таъминлаш, жойлардаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш борасидаги ролини ҳисобга олиб, бугунги кунда маҳаллий ҳокимликларга қўшимча ваколатлар бериш борасида тегишли таклифлар тайёрланмоқда", деди Ўзбекистон президенти.

Янгиликлар лентаси
0