Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва туманларида Президент Халқ қабулхоналари тузилади

© Sputnik / СтрингерЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Фармонга асосан барча даражадаги Халқ қабулхоналари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг ходимлари ҳисобланиши белгилаб қўйилди

ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонга имзо чекди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тузилади.

Фармонда билдирилишича, мазкур қабулхоналар 2017 йил "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилингани муносабати билан ҳамда аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси иши тўғрисидаги кўплаб ижобий фикрларини эътиборга олиб, барча даражадаги давлат органлари фаолиятида "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган тамойилни амалда қарор топтириш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонаси пайдо бўлди

Халқ қабулхоналарининг тузилиши фуқароларнинг давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш, уларнинг мурожаатларини тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида, шу жумладан видеоконференцалоқа орқали ўтказиш тизимини яратиш имконини беради.

Мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш, Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхона фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, айбдор шахслар жавобгарлигининг муқаррарлигини таъминлашга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати зиммасида бўлади.

Фармонга асосан барча даражадаги Халқ қабулхоналари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг ходимлари ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари, барча даражадаги ҳокимларга жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабулларини, шу жумладан Халқ қабулхоналари томонидан ташкил этиладиган қабулларини мунтазам ўтказиб боришлари ва ҳар ойда Хизматга мурожаатлар билан ишлашга оид, шу жумладан Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонадан кўриб чиқиш учун юборилган мурожаатлар билан ишлашга оид ўз ҳисоботини тақдим этиш вазифаси юклатилди.

Виртуал қабулхона саҳифаси - Sputnik Ўзбекистон
Виртуал қабулхона ишига масъулиятсиз қараганларга чора кўрилмоқда

Бундан ташқари, давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талаблари ва нормаларини бузганликлари учун жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган жавобгарлик хусусида қатъий огоҳлантиришлари кўрсатилди.

Мазкур Фармоннинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев зиммасига юклатилди.

Янгиликлар лентаси
0