Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига келди

Oбуна бўлиш
Президентнинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, истиқболли лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан бевосита мулоқот қилиш кўзда тутилган

ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10 март куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали маълум қилди.

Давлат раҳбари ўзининг сайловолди дастурида мамлакатнинг барча ҳудудлари қатори Бухоро вилоятини ҳам ривожлантириш бўйича улкан режаларни баён этган эди.

Президентнинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, истиқболли лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан бевосита мулоқот қилиш кўзда тутилган.

Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев Қашқадарёда ишга тушириладиган янги лойиҳалар билан танишди

Сўнгги йилларда бу борадаги ишлар вилоятда янада кенг кўламда амалга оширилмоқда. 2016 йилда вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7,9 фоизга ошди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,3, қурилиш-пудрат ишлари 9,2, хизмат кўрсатиш 15,2, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 7 фоиз ўсди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 67,9 фоизни ташкил этди. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 10 лойиҳа амалга оширилиб, 107,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Вилоятда Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди. Мажмуа таркибига йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш қувватига эга завод, 114 қазиш қудуғи, 11 махсус майдон ва 4 йиғув пунктини ўз ичига олган табиий газни тўплаш тизими киради.

Бундан ташқари, 370 километр газ қувури, 160 километр автомобиль йўли қуриш режалаштирилган бу лойиҳа Ўзбекистон газ конларини ўзлаштиришни янги босқичга кўтаради. Марказий Осиёдаги йирик ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири бўлган ушбу заводда 2 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилади.

Янгиликлар лентаси
0