17:52 18 Август 2019
Эфир
  • RUB136.38
  • EUR9928.30
  • USD8882.00
Евгений Евтушенко

Муҳаммад Исмоил: Евтушенко буюк рус шоири эди, аммо Россиянинг маддоҳи эмасди

© Sputnik / Владимир Вяткин
Жамият
Ҳавола олиш
47210

"Евгений Евтушенко ким эди? У инсониятнинг бугунги кундаги энг буюк шоирларидан бири эди. Агар бундай шоирлар тўртта бўлса тўрттанинг энг биринчиси, иккита бўлса, иккитанинг биттаси эди"

ТОШКЕНТ, 2 апр – Sputnik. Бугун эрта тонгдан барча ОАВлар Россиянинг буюк шоири вафоти ҳақидаги хабарларни тарқатди: Евгений Евтушенко 85 ёшида АҚШда юрак етишмовчилигидан вафот этди. 

Ушбу қайғули воқеа юзасидан, Муҳаммад Исмоил ўзининг facebookдаги саҳифасида Евтушенко хотирасига бағишланган сатрларни ёзиб қолдирди. Қуйида шоирнинг сўзларини тўлалигича келтирамиз.

“Улуғларимиздан мана бирма-бир ажралиб қолаяпмиз. Юрагимизни ҳувиллатиб Эркин Воҳидов оламдан ўтдилар… Кейин кенг дунёни қоронғу қилиб Абдулла акам вафот этди. Мана бугун Евгений Евтушенко қазо қилибди.

Евтушенко билан учрашишни бир умр орзу қилардим. Орзуим орзулигича қолиб кетди. Дастлаб у Тошкентга келаман деди. Уни кутдим. Мен ўзим боришга шайландим. У учрашувимизни баҳорга қолдирди. Хуллас, насиб қилмади. Энди армон қилиб ўтирибман.

Айтмоқчиманки, севган одамларингизни бир бора бўлсада кўришга, кўриб қолишга, дийдорлашишга шошилинг экан. Кейин кўзингизда ёш билан қайғуга ботмас экансиз.

Евгений Евтушенко ким эди? У инсониятнинг бугунги кундаги энг буюк шоирларидан бири эди. Агар бундай шоирлар тўртта бўлса тўрттанинг энг биринчиси, иккита бўлса, иккитанинг биттаси эди.

У эркни, озодликни, инсон улуғлигининг энг ёрқин номоёндаси эди. У ўзбекларни севарди, Ўзбекистонни севарди. У миллатпарвар шоир эди. Ҳамма миллатларни бирдай эъзозларди. У бутун Ер юзининг шоири эди. Асло маҳаллийчи эмасди. Ўз миллати билан асло чекланиб қолмаган эди. У бутун Ер юзига таалуқли даҳолардан эди. Ўз фикрлари билан, шеърлари, достонлари, дунёқараши, тутган йўли билан инсониятни аҳилликка, дўстликка, ҳақиқий инсон бўлиб яшашга чорларди. Ёвузликка қарши курашарди, зулмга, тутқунликка, инсонни инсон томонидан, давлатни давлат томонидан, салтанатни салтанат томонидан, динни дин томонидан маҳф этилишига, босқинчиликка қарши матонат ва жасорат билан курашарди.

У буюк шоир эди, аммо асло маддоҳ эмас эди. У буюк рус шоири эди, аммо Россиянинг маддоҳи эмас эди. У Россиянинг манфаатлари билан чегараланиб қолмаган эди. У рус манфаатини қанчалик улуғласа, грузин, ўзбек, француз, инглиз, америка манфаатини ҳам шунчалик улуғларди. У бирор миллат, бирор давлат, бирор дин куйчиси эмас, инсон куйчиси эди. Инсон эрки, инсон буюклиги, инсон муҳаббати куйчиси эди.

Евтушенко сингари шоирлар борлиги учун Ер шари гўзал, Ер сайёраси улуғ эди. Ер шарида адолат, адабиёт, умуминсоний қадриятлар хукмрон эди. Евтушенко бугунги куннинг Билл Гейтс, Марк Цукерберг, Жеймс Кемерон сингари даҳоларидан бири эди.

Инсоният бугун ўз даҳоларидан бири билан видолашмоқда. Миллатимиз, динимиздан қатъий назар инсониятга яхшилик, ҳалоллик, поклик, эзгулик уруғини сочган ҳар бир инсон олдида таъзим бажо келтиришимиз, ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз. Келинглар азизлар, бутун инсониятни севган, бутун умр инсоният манфаатлари учун курашган, азоб чеккан, қайғурган,ҳаётини бахшида қилган, шу жумладан ўзбекни севган, қадрлаган, эъзозлаган буюк шоир олдида бош эгайлик, унинг ҳаққига дуо қилайлик, номини яхши сўзлар билан ёд этайлик, бутун инсоният қайғусига шерик бўлайлик. Қабрингиз нурга тўлсин Женя оға!"

Асосий мавзулар