12:18 19 Декабр 2018
Эфир
  • RUB124.70
  • EUR9413.74
  • USD8325.59
Милиция патрул машинаси

Текин тўн қимматга тушар: милиция ходимлари ҳалол меҳнатга чақирилди

AP Photo
Жамият
Ҳавола олиш
77031

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасида Андижон, Асака, Балиқчи ва Олтинкўл туманлари ИИБ ҳудудий профилактика инспекторлари ҳамда уларнинг ота-оналари билан учрашув бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. Тадбир осойишталик посбонлари орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг оилавий аҳволи, муаммолари билан яқиндан танишиш мақсадида ўтказилди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.

Тадбирда сўзга чиққан Андижон вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Ш. Собиров профилактика инспекторларининг самарали хизмат қилиши ва мазмунли дам олиши учун барча шарт-шароитлар яратилганини, уларга 188 та хизмат уйи ажратилиб, ҳозирда таъмирланаётганини, улар имтиёзли кредит асосида автомашина олишлари бўйича 416 та шартнома тузилгани ҳақида гапирган.

"Шунга қарамай, барча профилактика инспекторлари ҳам сидқидилдан хизмат қилаяпти, деб бўлмайди. Улар орасида тамагирлик қилаётган, жамоат жойларида спиртли ичимлик ичаётган, жиноятларни яшираётган ходимлар ҳам учраб турибди. Айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилиб, ички ишлар органларидан бўшатилди", — деб қўшимча қилган Собиров.

Раҳбарнинг сўзларига кўра, фуқароларнинг ариза ва шикоятлари билан ишлашга совуққонлик билан муносабатда бўлаётганлар ҳам бор. Жумладан, Андижон тумани ИИБ ҲООБ профилактика инспектори, капитан Сарвар Мамировнинг хизмат хонаси текшириб кўрилганида, фуқароларнинг ўтган йили ёзилиб, ҳалигача кўриб чиқилмаган аризалари топилган.

"Худудий профилактика инспекторлари жорий йил бошидан буён қидирувдаги 15 нафар шахсни қўлга олишди, холос. Маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, маҳалла посбонлари, аҳоли билан яқин алоқа ўрнатиш керак. Улар ҳар бир оиланинг турмуш даражасини, муаммоларини яхши билиши лозим. Аҳоли орасида обрў-эътибор қозониш учун муаммоларни одилона ҳал этиш, фуқароларга ёрдам бериш даркор", – деган Собиров.

Йиғилганларга шахсий таркиб бўйича махсус инспекция ходимлари томонидан тасвирга олинган "Пушаймон" номли видео фильм намойиш этилган. Унда профилактика инспекторлари, йўл-патруль хизмати ходимларининг пора олиш чоғида қўлга олингани акс этган. Видео тасвирларда собиқ ички ишлар органлари ходимлари ўз қилмишларидан астойдил пушаймон бўлиб, кўз ёшларини тия олмай тавба-тазарру қилишган, кечирим сўрашган.

Шундан сўнг Андижон вилояти ИИБ фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник М. Шамшиддинов ходимларни ҳалол хизмат қилишга, ўз бурчини виждонан бажаришга чақирган. Шамшиддинов инспекторларнинг ота- оналарига эса ўз фарзандларининг хизмат фаолияти билан яқиндан танишишни, уларга оқилона маслаҳат бериб, тўғри йўл кўрсатишни тавсия этган.

Учрашув чоғида ходимларнинг ота-оналаридан Балиқчи туманидан келган Мусабой Асронов, Озодахон Хўжанова, Асака туманида яшовчи Мўминжон Ғаниев ва Хадича Усмонова уларнинг ўғиллари тез орада уйли жойли бўлиши, имтиёзли кредит асосида автомашина харид қилишларини мамнуният билан айтишган.

Тадбир якунида вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Д. Мирзамамедов Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонуни кучга кирганини эслатиб, барча ходимлар унинг талабларига қатъий риоя этишлари лозимлигини таъкидлаган.

Асосий мавзулар