Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти тизими тубдан яхшиланади

© Sputnik / Виталий Аньков / Медиабанкка ўтишБатарея в подъезде жилого дома
Батарея в подъезде жилого дома - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Қарор ижро этилиши натижасида шаҳар ва туман марказларида иссиқлик таъминоти тизимини тубдан яхшилаш, истеъмолчиларни иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминоти билан таъминлаш ҳамда табиий газ ва электр энергиясини тежаш имкони юзага келади

ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарорга имзо чекди. Қарор матни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида келтирилган.

Ҳужжатда айтилишича, бугунги кунда қозонхона ускуналари ва тармоқларнинг ўта эскиргани сабабли, мавжуд иссиқлик таъминоти тизимида иссиқлик манбаларидан мақбул даражада фойдаланишнинг имкони бўлмаяпти, бу эса иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятига, истеъмолчиларни иссиқлик хизмати ва иссиқ сув билан таъминлаш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Иситиш радиатори - Sputnik Ўзбекистон
Самарқанднинг қатор ҳудудларида иссиқлик таъминоти қайта тикланади

Марказлаштирилган иссиқлик таъминотидан узилган айрим кўп хонадонли уйлар кўпинча сертификатга эга бўлмаган ва ёнғин хавфсизлиги кафолатланмаган газ ва электр ускуналари билан иситилмоқда.

Мазкур дастур истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб бериш сифатини ошириш ва узлуксизлигини таъминлаш, иссиқлик таъминоти тизимини замонавий тежамкор ва кам энергия сарфлайдиган технологияларни жорий этиш асосида янгилаш ва модернизация қилиш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишга доир чора-тадбирларни изчил амалга ошириш мақсадида қабул қилинди.

Қарорга кўра, иссиқлик таъминоти тизимига энергия ва ресурс тежайдиган янги технология ва ускуналарни, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда жорий этилади. Шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фонди, ижтимоий ва бошқа объектларнинг марказлаштирилмаган иссиқлик таъминоти тизимини энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминот тизимини ўрнатиш орқали ривожлантирилади.

Исситиш батареяси - Sputnik Ўзбекистон
Иссиқлик манбаи корхоналари вилоят ҳокимияти ихтиёрига ўтказилади

Дастур доирасида жисмоний ва маънавий эскирган, тежамкор бўлмаган қозонхона агрегатларини, ишдан чиққан магистрал ва тақсимлаш иссиқлик тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиниб, алмаштирилади.

Энергия ресурслари истеъмоли ва ишлаб чиқарилишини меъёр бўйича ҳисоблаш амалда қўлланилиб, истеъмолчиларни ҳамда иссиқлик таъминоти хизматларини ҳисоблаш ва тўловларни амалга оширишга автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими жорий қилинади.

Қарорда 2018-2022 йилларда марказий қозонхона, иссиқлик тармоқлари, маҳаллий қозонхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш, энергия самарадорлиги юқори бўлган, жумладан, гелиоқурилмаларни қўллаш орқали маҳаллий қозонхоналар қуриш, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимини ўрнатиш параметрлари, шунингдек, иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тасдиқланди.

Комплекс чора-тадбирларда кўзда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Давлат бюджети, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари, пудрат ташкилотлари маблағлари ва Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1,7 триллион сўм йўналтирилади.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар, хонадонларга якка тартибда ўрнатиладиган ички иссиқлик таъминоти тизимлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳамда уларни Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритиш назарда тутилган.

Шавкат Мирзиёев виртуал қабулхонаси - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ташкил этилиши мумкин

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Кўп хонадонли уйлар ва иссиқлик таъминоти объектлари қуриш бўйича инжиниринг компанияси — дастур доирасида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича буюртмачи ҳисобланади.

Қарорга кўра, дастурни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар 2023 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловлари тўлашда (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) озод қилинди.

Мазкур қарорнинг ижро этилиши шаҳар ва туман марказларида иссиқлик таъминоти тизимини тубдан яхшилаш, аҳоли учун ижтимоий-маиший қулай шароитлар яратиш, барча тоифадаги истеъмолчиларни иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминоти билан таъминлаш ҳамда самарадорлиги юқори бўлган қозонхона ва насос ускуналарини ўрнатиш, замонавий технологияларни қўллаш ҳисобидан табиий газ ва электр энергиясини тежаш имконини беради.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Янгиликлар лентаси
0