16:45 20 Июн 2019
Эфир
  • RUB132.57
  • EUR9566.00
  • USD8535.74
Подписание документов

Ўзбекистонда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташкил этилди

© Sputnik/Виктор Толочко
Жамият
Ҳавола олиш
99901

Банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини тубдан кучайтириш мақсадида Ўзбекистон президентининг фармони қабул қилинди

ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Ўзбекистон президентининг "Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ,Меҳнат вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига айлантирилди.

Ҳужжат банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлашда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини тубдан кучайтириш мақсадида қабул қилинди.

Меҳнат бозоридаги ҳақиқий ҳолатни республика минтақалари кесимида чуқур таҳлил қилиш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш вазирликнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кам таъминланган оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам тўланиши бўйича мониторингни амалга оширади, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаоллигини ошириш орқали оилани кам таъминланганликдан чиқариш юзасидан индивидуал дастурларни ишлаб чиқади.

Ишсиз аҳолини, ёшларни, авваламбор касб-ҳунар коллежи битирувчиларини, шунингдек, аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини ихтисослаштирилган иш ўрни ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш, аҳоли ва иш берувчилар учун меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва ҳаммабоплигини ошириш йўли билан ишга жойлаштиришга кўмаклашишни амалга ошириш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ва унинг ўринбосарларига шахсий жавобгарлик этиб юкланди.

Фармонга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январидан илк бора ишга жойлашган коллеж, лицей ва олийгоҳлар битирувчиларининг меҳнати даромади учун биринчи меҳнат йили давомида ягона социал тўлов ставкаси 50 фоизга, иккинчи ва учинчи йилларда эса 25 фоизга қисқартирилади.

Шунингдек, ўша санадан бошлаб нодавлат ташкилотларга пулли асосда Ўзбекистон ҳудудида фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи тақдим этилади.

Вазирлик ҳузурида ташкил этиладиган Жамоат ишлари жамғармасининг асосий вазифалари вақтинчалик ишсиз аҳолининг йирик инвестицион лойиҳаларда, йўл ва уй-жой ва коммунал инфраструктура қурилишида, таъмирида ва реконструкциясида, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этишини таъминлашдан иборат бўлади.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Асосий мавзулар