Ўзбекистонда Peugeot тез ёрдам машиналари ишлаб чиқарилади

© AP Photo / Jacques BrinonPeugeot
Peugeot - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ҳозирда республика тез ёрдам хизматида "Дамас" автомобилларидан фойдаланилмоқда, тез орада уларнинг ўрнини "Ўзавтосаноат" ва Peugeot ҳамкорлигида Жиззахда ишлаб чиқариладиган автомобиллар эгаллайди

TOШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Ўзбекистонда 2019 йилдан Франциянинг Peugeot Citroen Automobiles компанияси технологиялари асосида тез ёрдам автомобиллари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда, деб хабар берди Sputnik мухбири.

GM Uzbekistan компанияси бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Рустам Ражабовнинг маълум қилишича, Жиззахдаги янги заводда биратўла икки турдаги замонавий тез ёрдам машиналарини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Завод қурилиши билан "Ўзавтосаноат" ва Peugeot Citroen Automobiles S.A компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилган Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive (UzPCA) қўшма корхонаси шуғулланади. Унинг устав жамғармаси 29,3 миллион евро бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 133,3 миллион еврога тенг.

Ҳозирда республика тез ёрдам хизматида зарур тиббий ёрдам кўрсатишга деярли мослашмаган "Дамас" автомобилларидан фойдаланилмоқда.

Рабочие в цехе сварки кузовов автосборочного предприятия - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда Peugeot Citroen заводи бир йил ичида қуриб битказилади

"Бизда "Дамас" автомобиллари тез ёрдам машинаси сифатида 1996 йилда пайдо бўлган. Бу биринчи навбатда собиқ Иттифоқнинг тарқалиши билан боғлиқ. Ўша даврларда тиббий хизматда РАФ автомобилларидан фойдаланилган, лекин кейинчалик бу завод ёпилганди. Натижада мамлакатда беморларга ёрдам кўрсатиш учун кўп миқдордаги автомобилларга эҳтиёж пайдо бўлди. "Дамас" шундай автомобилга айланди. Бу албатта реанимобиль эмас, у орқали оддий биринчи ёрдамни кўрсатиш мумкин. "Дамас"нинг асосий вазифаси беморни имкон борича тезроқ тиббиёт муассасасига етказиш эди", — деди Рустам Ражабов.

Унинг айтишича, янги заводда икки – "А" ва "В" тоифасидаги тез ёрдам автомобиллари ишлаб чиқарилади. "А" тоифадаги автомобиллар аҳволи оғир бўлмаган беморларга тиббий ходимлар билан ёрдам кўрсатишга мўлжалланади. "B" тоифадаги автомобиллар эса шифокорлар бригадаси томонидан операция ўтказиш, беморни касалхонага етказиш ва унинг аҳволини мониторинг қилиш имкониятини беради.

Янгиликлар лентаси
0