15:30 07 Апрел 2020
Эфир
  • RUB121.10
  • EUR10637.67
  • USD9554.22
Жамият
Ҳавола олиш
195630

Ўнинчи синф ўқувчилари ҳафтада беш кун умумтаълим фанларидан сабоқ олишади ва 1 кун - касблар билан боғлиқ фанларни ўрганадилар. Ўнинчи синфлар учун 8,5 миллион ўқув-методик қўлланмалар нашр этилган

ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Халқ таълими вазирлиги ва Олий таълим ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарлари Ўзбекистонда 11 йиллик таълимга ўтиш бўйича тафсилотларни маълум қилдилар, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.

Мухбирга кўра, бир кун олдин вазирлар Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган мажлисда янги тизим бўйича барча маълумотларни тақдим этишган.

Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовнинг сўзларига кўра, 10-синф ўқувчилари ҳафтада 5 кун умумтаълим фанларини, 1 кун эса касб билан боғлиқ фанларни ўрганишади. Касб коллежларидан олис масофада жойлашган 2703 мактаблар учун 1103та мактабда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари яратилади, 6956та мактаб учун бу каби мажмуалар — 615та коллежларда барпо этилади.

"Мактабларда 10-синфлар очилиши муносабати билан 22 минг нафар ўқитувчига эҳтиёж туғилмоқда. Шулардан 9,5 минг нафари олий таълим масканлари битирувчилари ҳисобидан комплектлаштирилади, 13 минг нафарини эса лицей ва коллежлар ўқитувчиларидан жалб қиламиз. 10-синфларда дарс берадиган ўқитувчиларнинг профессионал билимларини янгилаш ва чуқурлаштириш мақсадида жорий йил ва келгуси йилда 116 минг нафар педагоглар қисқа муддатли малака ошириш курсларини ўтадилар", — деб қайд этган Улуғбек Иноятов.

Айни вақтда 10-синф ўқувчилари учун 8,5 миллион нусха дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар нашрдан чиқарилган бўлиб, улар шу кунларда таълим муассасаларига етказиб берилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов берган маълумотларга кўра, айни вақтда олий таълим масканларида биттадан академик лицейларни очиш ва улар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Бу лицейларда ўқиш учун иқтидорли ва талантли ёшлар ажратиб олинади.

Мутахассислар ахборотини тинглаган Мирзиёев, олий таълим масканлари ўқитувчиларини ҳаддан зиёд ҳисобот, турли бюрократик топшириқлардан халос этиш масалаларини ҳал этиш кераклигини айтган ҳамда бошланғич таълим масканларига қатор имтиёзлар бериш кераклигини таъкидлаган.

Ўзбекистон президенти шунингдек, Халқ таълими вазирлиги қошидаги малака ошириш институтида таълим мазмунини сифат жиҳатдан ўзгартириш кераклигини айтиб ўтган.

Мирзиёев вазирликлар раҳбарларига жорий йилнинг 25 августига қадар барча таълим масканларини янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини тугатиш ҳамда таълим объектларини жиҳозлаш ишларини якунлаш бўйича топшириқ берган.

Асосий мавзулар