Анвар қори Турсунов вафот этди

© Пресс-клубИмам Ташкента Анвар Турсунов
Имам Ташкента Анвар Турсунов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Анвар қори апрель ойи бошларида микроинсультни бошдан кечириб, шифохонада қолаётган эди. Кейинчалик унинг комадан чиққани айтилди, бироқ аҳволи барибир оғирлиги маълум қилинганди.

ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Тошкент шаҳри бош имом хатиби Анвар қори Турсунов бугун, 13 июнь куни тонгда вафот этди, деб хабар қилди Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий веб портали.

"Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имом-хатиблар ва мударрислар Анвар қори Турсуновнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. Аллоҳ таоло у кишининг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Қолдирган илмий мерослари, мавъизаи ҳасаналаридан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар айласин. Анвар қори Турсуновнинг охиратлари обод бўлсин", — деб ёзилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Анвар қори апрель ойи бошларида микроинсультни бошдан кечириб, шифохонада қолаётган эди. Кейинчалик унинг комадан чиққани айтилди, бироқ аҳволи барибир оғирлиги маълум қилинганди.

Анвар қори Турсунов 1958 йил 21 ноябрда Тошкент шаҳри Ҳамза туманида хизматчи оиласида туғилган. 1966-1976 йилларда Ҳамза туманидаги 198-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган. 1981 йил Тошкент Давлат университетининг филология факультетини, 2001 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган.

1981-1984 йй. — "Ёшлик" журналида муҳаррир, 1984-1987 йй. — Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходими, 1987-1989 йй. — Тошкент шаҳар, Абдулла Қаҳҳор уй музейи илмий ходими, 1989-1994 йй. — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги таржима ва адабий алоқалар маркази Шарқ адабиёти бўйича катта муҳаррири, 1994-1999 йй. — Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, "Янгиобод" жоме масжиди имом-хатиби, 1999-2015 йй. — Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ҳамда Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани «Хўжа Ахрор Валий» жоме масжиди имом-хатиби, 2015 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ҳамда Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани "Минор" жоме масжиди имом-хатиби вазифасида фаолият юритиб келган.

Анвар қори Турсунов 1989-1992 йилларда Қуръони каримнинг биринчи таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган. Анвар қори Турсуновнинг Али ибн Аҳмад Найсобурийнинг "Асбобун нузул" ("Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари") таржимаси, "Фазилатлар китоби", "Инсон мукаррам зот" номли китоблари нашр этилган.

Маълум бўлишича, марҳумга жаноза бугун аср намозидан сўнг "Минор" масжидида ўқилади.

Янгиликлар лентаси
0