Андижонда МИБ инспекторига пичоқ билан ҳужум қилинди

Oбуна бўлиш
2018 йил 1 август ҳолатига кўра, МИБнинг 96 нафар ходимига тажовуз қилинган.

ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Мажбурий ижро бюроси ходимлари ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида энергия ресурсларидан керагича фойдаланиб, пулини тўлашга келганда тажовузкор муносабатда бўлаётган фуқароларга ҳам дуч келишмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура мультимедиа маркази видео лавҳа тайёрлаган.

Мана шундай нохуш ҳолатлардан бири жорий йилнинг 19 июль куни Мажбурий ижро бюросининг Андижон туман бўлими давлат инспектори Баҳром Ҳакимқулов билан содир бўлди. Бюро ходимлари хизмат вазифаларини бажариш чоғида туманнинг “Наврўз” МФЙ Меҳнат кўчаси, 52-хонадонда яшовчи Охуновнинг электр энергиясидан 650 минг сўмлик қарзи борлигини аниқлашади.

Давлат инспекторлари томонидан хонадон соҳибига мавжуд қарздорликни тўлаб қўйиши учун белгиланган тартибда талабнома расмийлаштирилади.

Хонадон эгаси эса унинг бир нусхасига имзо чекишдан бош тортиб, жанжал кўтаради. 650 минг сўмлик қарзини тўлаб қўйиш ўрнига давлат инспекторининг талабномани расмийлаштираётганидан фойдаланиб, ошхонасидан пичоқ кўтариб чиқиб, давлат инспекторининг қорин ҳамда бел қисмига икки марта пичоқ уради. Мажбурий ижро бюросининг шу жойда бўлган яна бир инспектори Азимов ёрдамга келади ва ҳамкасбини ҳимоя қилади.

27 ёшга кирган Ёдгор Охунов оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси бўла туриб, бирор бир фойдали иш билан шуғулланмасдан шу жиноятга қўл урган. Хизмат вазифасини бажараётган давлат инспекторига нисбатан содир этган тажовузи учун Охуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Лавҳада қайд этилишича, 2018 йил 1 август ҳолатига кўра, МИБнинг 96 нафар ходимига тажовуз қилинган.

Янгиликлар лентаси
0