11:23 06 Декабр 2019
Эфир
  • RUB147.79
  • EUR10476.36
  • USD9510.99
Танзила Нарбаева

Норбоева сиёсат ва аёллар, зўравонликка қарши қонун ҳамда ўзгараётган никоҳ ёши ҳақида

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Жамият
Ҳавола олиш
183233

Ўзбекистон аёллари етакчиси Танзила Норбоева сўзларига кўра, бугунги кунда ўзбек аёллари орасида фаоллашув кузатилмоқда. Кечаги "журъатсизлик" уларни секин бўлса-да, тарк этмоқда. Бунинг боиси эса янги раҳбар бошчилигида улкан ислоҳотлар майдонига айланган Ўзбекистонда аёлга бўлган эътибор ва муносабатнинг тубдан қайта кўриб чиқилишида

- Танзила Камаловна, авваламбор, интервьюга розилик берганингиз учун ташаккур.

- Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятига, айниқса, аёллар ҳуқуқини таъминлаш масалаларига билдираётган қизиқишингиз учун сизга ташаккур.

- Сизнинг раҳбарлигингизда Республика хотин-қизлар қўмитаси зўравонликка қарши курашга қаратилган кенг кўламли лойиҳани йўлга қўйди. Бугунги кунда пойтахтда зўравонлик қурбонига айланган ўзбек аёллари учун бошпаналар - кризис марказлар ишга тушганидан хабардормиз. Айтингчи, ушбу лойиҳа тўсатдан ҳаётга татбиқ этилдими ёки маълум ишлар амалга оширилгандими?...

- Биласизми, бу узоқ йиллар давомида аёллар муаммосида тўпланиб қолган энг катта “дард”лардан бири. Албатта, Мустақиллик йилларида хотин-қизлар қўмитаси аёллар ҳуқуқини таъминлаш, тенг имкониятлар яратиб бериш, шунингдек, бандлик ва соғломлаштириш масалалари, жамият таянчи - оилани мустаҳкамлаш сингари муҳим жабҳаларда фаолият олиб боришди. Лекин республика бўйича хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини жиддий таҳлил қиладиган бўлсангиз, "зўравонлик" ёки "аёл ҳуқуқининг поймол этилиши" каби сўзларни учратмас эдингиз... 2017 йил муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингач, яъни биз аҳоли билан, айниқса, жойларда аёллар билан мулоқот қила бошлагач, узоқ йиллар давомида гапирилмай келган, оммага олиб чиқилмаган муаммоларни аниқлай бошладик.

Бу ерда қайсидир тузилмаларни, дейлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, хотин-қизлар қўмиталари ёхуд шу масалалар билан шуғулланадиган бошқа муассасаларни айблаш ҳам ножоиз. Бу муаммолар туб негизи инсонлар дунёқарашига бориб тақалади, деб биламан. 

Зўравонлик нима ўзи? Бу ҳақда ҳеч ким бизга гапирмаган.

Аёлга нисбатан унинг турмуш ўртоғи ёки иш жойида раҳбар томонидан, шунингдек бошқа жойларда амалга ошириладиган ҳаракатлар, шунчаки “табиий ҳолат”дек қабул қилиниб келган. Бу нарсага ҳеч ким зўравонлик сифатида қарамаган. Қолаверса, аёлларнинг ўзлари ҳам ушбу ҳолатларга кўниккан эдилар.

Дейлик, турмуш ўртоғи унга қўл кўтардими, демак, бу шундай бўлиши керак. Ахир у оила бошлиғи, у бундай қилишга ҳақли. Яъни аёл итоаткор мавжудот сифатида бу нарсаларнинг барчасини ҳазм қилаверган.

- Яъни, сизнингча, бу ерда менталитет катта роль ўйнаган?

- Менталитет, анъаналар ва шу вақтгача йиллар давомида шаклланиб келган стереотиплар роль ўйнаган, албатта. Ҳеч ким аёл оилада худди эркак сингари ҳақ-ҳуқуқларга эга деган гапни айтмаган. Албатта, ўзбекона миллий урф-одатларимизда турмуш ўртоқга бўлган ҳурмат назарда тутилади. Муқаддас Қуръони Каримда ҳам ота-онага, ака-укага, қолаверса, аёлга бўлган ҳурмат борасида ёзилган. Лекин йиллар давомида бу анъаналар бузиб келинган. Бу эса оқибатда оилаларда ажримлар, суъиқасдлар сони кўпайишига олиб келган. Айнан ўзбекона урф-одатларимиз, менталитетимиз туфайли аёлларимиз бу ҳақда кимгадир "ёрила" олмаган.

- Маиший зўравонлик бўйича расмий статистика мавжудми?

- Йўқ, умуман мавжуд эмас. Ўзбек аёллари бу сингари ҳолатларни "одатийдек" қабул қилишгани учун ҳеч ким бу ҳолатларни санашни ҳатто хаёлига келтирмаган. Албатта, зўравонлик, қотиллик ва мудҳиш жиноятлар билан боғлиқ бўлмаган бўлса.

Қолган ҳолатларда, дейлик, эрнинг хотинни дўппослаши, аёлнинг сабабсиз ишдан ҳайдалиши, аёл  шаънининг ерга урилиши – буларни ҳеч ким санамаган. Ва бу борада ҳеч қандай статистика йўқ. Аёллар билан очиқ мулоқотни бошлагач, ушбу масала мамлакатимизда қанчалик чуқур илдиз отганини тушундик.

- Лойиҳа ишга тушди. Бугун республика бўйлаб зўравонлик қурбонлари учун шелтерлар, яъни бошпаналар ташкил қилинмоқда. Бу иш аёллар ҳуқуқини таъминлаш бўйича Ўзбекистонда илк маротаба йирик кўламда амалга оширилаётган инқилобий лойиҳа, деб ҳисоблаш мумкин. Лекин савол туғилади. Лойиҳани бошлаб, дейлик, ички ишлар органларига иш орттириб, кейинчалик маблағ етишмаслиги туфайли ярим йўлда тўхтаб қолишлар бўлмайдими?

- Ушбу лойиҳа бюджети аниқ белгилаб берилган. Хотин-қизлар қўмиталари қошида аёлларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил қилинган. Маблағларнинг бир қисми мана шу жамғарма ҳисобидан қопланади. Қолаверса, қуйи палата қошида ташкил қилинган ижтимиой грантлар ажратиш жамғармаси ҳам бу лойиҳага кўмак беради.

Мустақиллик йилларининг бошида вилоятларимизда ҳозирги каби шелтерлар ташкил қилинган. Хабарингиз бўлса, Самарқанд ва Бухорода биттадан сақланиб қолган. Лекин бугунги кунда улар ачинарли ҳолатда. Чунки молиялаш манбалари мавжуд эмас.

Қўмита томонидан ташкил этилаётган шелтерлар эса – стабил марказлар бўлади. Уларнинг материал-техник базаси тўлалигича маҳаллий ҳокимликлар зиммасига юклатилган. Ҳозирда ҳудудларимизда жами 130 та марказ ташкил қилганмиз, ишларни тўлиқ 2019 йилнинг биринчи кварталида якунлаймиз.

Ҳозирча муаммо кадрларни тайёрлаш масаласига бориб тақалмоқда. Давлатимиз раҳбари жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган видеоселектор йиғилишларининг бирида психологлар фаолияти мутлақо талабга жавоб бермаслигини айтган эди. Яъни биз йиллар давомида бу йўналишда ишламаганмиз. Бугунги кунда шелтерларни ишга тушириб, биз ҳам кадрлар танқислиги муаммосини жуда қаттиқ ҳис қилмоқдамиз.

Лекин вазият ўзгаришидан умидвормиз. Жорий йилда халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли олий таълим даргоҳларида психология йўналишида квоталар сони кўпайтирилган.

- Мана зўравонлик қурбонлари бўлган аёллар учун 1146 рақамли ишонч телефони ишга туширилгач, шу вақтгача нечта мурожаат қабул қилинди?

- Авваламбор, шуни айтишим керак-ки, бизнинг аёллар, ўзбек аёллари - уйдан ташқарига гап олиб чиқишни хоҳламайди. Чунки шундай бўлган тақдирда, дейлик, қайнона келинни умуман қабул қилмаслиги мумкин. Қўшнилар муҳокама қилиши мумкин. Агар оилада совуқ муносабат бўлган бўлса, аёлни ҳайдашлари, ундан воз кечишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Шу боис, ўз муаммолари ҳақида баралла айтадиган бўлса, аёлга осон бўлмайди.

Ишонч телефонини ҳам айнан шу мақсадда киритдик. У тўлиқ махфий тарзда ишлайди. Аёл келиб маслаҳат олиши ёки кимнинг ёрдамига муҳтожлигини айтиши мумкин. Биз аввало зўравонликка учраган аёлнинг ҳолатига қараймиз. Лекин афсуски, аёлларнинг аксарияти ҳали бу янгиликка тайёр эмаслиги маълум бўлди.

Зўравонлик қурбонлари учун ташкил қилинган бу қисқа рақамларга аёлларимиз турфа масалаларда қўнғироқ қилишмоқда. Бир ярим ой ичида 700 тадан зиёд қўнғироқларни қабул қилган бўлсак, шулардан 40 дан сал зиёди зўравонлик бўйича экани аниқланди.

Аёллар аксарият ҳолларда квартира олиш, иш топиш, кредит расмийлаштириш масалалари бўйича мурожаат қилишган. Ҳатто ярим кечаси соат учда уйига музлаткич сўраб қўнғироқ қилганлар ҳам бўлди...

Шу боис, биз бугун гудоклар ўрнига оператор овозини киритдик. Эндиликда қўнғироқ қилганларга бу рақам зўравонлик қурбонига айланган аёллар учун ташкил этилгани ва улар бошқа масалалар бўйича хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилишлари мумкинлиги ҳақида ахборот берилади.

Ўйлайманки, ҳолат тез орада тартибга солинади, аёлларимиз кўникади. Бу бизнинг камчилигимиз бўлса керак, қисқа рақамлар мақсади ҳақида кенгроқ ташвиқот ишларини олиб бориш керакдир балки.

- Танзила Камаловна, мана 40 дан сал зиёд бўлса ҳам зўравонлик қурбонлари аниқлангани ҳақида айтдингиз. Жабрланувчилар эмас, зўравонлар ҳақида ҳам тўхталсак. Уларни қай тарзда жазолаш кўзда тутилмоқда? Ёки ҳаммаси суҳбатлар, тушунтиришлар билан якун топадими?

- Тўғри, бу янги тизим. Лекин шуни айтишим мумкин-ки, ҳозирда қонун ишлаб чиқилган оиладаги жанжал профилактикаси тўғрисида. Ҳужжат номи белгилангани йўқ. Қонунда зўравонлик тушунчасига аниқлик киритилади, қолаверса қайси муассаса нима учун жавобгарлиги аниқлаштирилади.

Ушбу қонун қабул қилиниши билан биз ҳам қандайдир чоралар кўришга тайёр бўламиз. Агар зўравонлик фактлари ўз тасдиғини топса, яъни аёлни калтаклашса ва у эри устидан ариза ёзишга тайёр бўлса, у ҳолда эркакка нисбатан Жиноят кодексининг маълум моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилади.

Қонунларимизда зўравонликка нисбатан жазо белгиланган, аммо бу сўз тушунчаси мавжуд эмас. Зўравонлик содир этганларга нисбатан жазо жарима билан чекланади, оғирроқ жазо йўқ. Умид қиламизки, ушбу қонун бу ҳолатларга очиқлик киритади. Қонун ҳозирда вазирликлар ўртасида муҳокама қилинмоқда. Кўпчилик ҳам таклиф ҳам танқидий фикрлар билдирмоқда. Яъни ҳужжат катта жамоатчилик экспертизасидан ўтмоқда.

Қонун лойиҳаси расмий сайтимизда ҳам эълон қилинган. Бундан ташқари қўмиталаримиз томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Ўйлайманки, бир-икки ой ичида у қонунчилик палатасига киритилади.

- Эндиги саволим биринчи марта турмуш ўртоғи қўл кўтарган аёл борасида. У нима қилиши керак: кетсинми, ёки қолиб гаплашсинми?...

- Ҳаммаси эр-хотиннинг ўзаро муносабатларига боғлиқ, деб ўйлайман. Бундай ҳолатларда барчага тайёр бир хил тавсия бериш мумкин эмас.

- Лекин барибир фикрингиз қизиқ?

- Менинг фикрим шундай: ҳеч ким аёл кишига қўл кўтаришга ҳақли эмас. У ким бўлишидан ва нима қилганидан қатъи назар. Бу гап эркакларга ҳам тегишли. Ҳеч ким инсон шаънини ерга уришга ҳақли эмас. Биз бундай муносабатларга мутлақо қаршимиз. Агар шундай ҳолат рўй берган бўлса, жанжал катталашмаслиги ва у салбий оқибатларга олиб келмаслиги учун иккала томон ҳам маълум муддатга бир-биридан узоқлашгани маъқул. Бунда улар ўз ҳис-туйғуларини синайдилар ва ўзларига келиб оладилар. Балки эркак бу ишни жаҳл устида қилгандир ва аёл уни кечирар... Буни фақат иккиси ҳал этади.

Аёл эрни кечирадиган тақдирда ёки аксинча, йўқ, у жазоланиши керак, деган тўхтамга келадиган бўлса ҳам биз унга ёрдам беришга тайёрмиз. Ўша аёл ва унинг эри учун руҳшунос ёрдамини ташкиллаштирамиз. Психолог улар билан индивидуал ишлаб, бундай ҳаракатлар оилавий муносабатларда келажакда бўлмаслиги кераклигига ишонтириш борасида иш олиб боради.

- Зўравонлик қурбонлари қайси ижтимоий гуруҳларда кўпроқ?

- Биласизми, узоқ йиллар давомида ижтимоий соҳада фаолият юритиб келаман. Аёллар билан боғлиқ муаммолар нафақат зўравонлик, балки жиноятчилик билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Дейлик, аёл адашиб нотўғри йўлга кириб қолгандир. Бу каби аёллар биринчи навбатда ўзини ҳимоя қилишга қодирмас, уларнинг ўз кучига бўлган ишончи суст.

Яъни етарли таълим олишмаганидан ва касб-ҳунарга эга эмаслигидан улар ҳаётдаги қийинчиликларни енгиб ўтишга тайёр эмас. Иродасиз.

Мана шундай ижтимоий гуруҳлар ўртасида зўравонлик қурбонлари кўп.

Хотин-қизлар қўмитасидаги фаолиятим давомида шундай қарорга келдим, биз бугун биринчи навбатда қизларимизнинг таълим олишига эътибор қаратишимиз керак. Биз, ўзбекларда "Қиз бола бировнинг хасми" деган гап бор. Биз қиз болани бировнинг бойлиги деб биламиз. Эътиборни кўпроқ ўғил болаларга қаратишга интиламиз. Ўғлимизни ўқитамиз, касб-ҳунарли қиламиз. Мард ва ватанпарвар бўлсин деб армияга кузатамиз. Ўғил боланинг ҳаётга тайёргарлигига жиддий эътибор қаратамиз.

Қиз болага эса... эътиборлимасмиз. Уни фақат овқат пишириш, тикиш-бичиш ва меҳмон кутишга ўргатамиз.

- Хизматкор демоқчисиз яъни?

- Ҳа, хизмат қилишга. Қиз бола биринчи кунданоқ мана шу нарсаларга ўргатилади. Шу боис, ҳозирда қизлар тарбияси, уларни ҳаётга тайёрлаш бўйича жуда катта кампанияни бошлаб юборганмиз. Бу иш барча вилоятларда амалга оширилмоқда.

Қизларимиз келажакда ҳис-туйғуларини бошқара оладиган, ўзига ишонадиган ва мустаҳкам оёқда турадиган бўлмоғи лозим. Қўлида ҳунари бор аёл эрта ҳаётида бирор нохушлик рўй берганида ҳам ўзини йўқотиб қўймайди. Ҳатто 2-3 нафар фарзанди бўлса ҳам, ўз йўлини топа олади.

Бунинг учун биринчи навбатда ота-оналар билан ишлашимиз керак. Мана, ҳаётга тайёр бўлмаган бир авлод ёшларни олдик. Оқибатларни ҳам кўриб турибмиз. Ёшлар ўртасида ажримлар, жиноятлар сони ортиб кетди. 

Давлат раҳбаримиз айнан шу ҳолатга қаттиқ эътибор қаратганларидан жудаям мамнунмиз. У киши муаммони туб илдизини кўра билди. Ва бугунги кунда тарбияга катта эътибор қаратмоқдалар.

Чунки ёмонлик илдизи – оиладаги тарбияда бўлади. Мен шундай фикрдаман.

- Мунтазам равишда маиший зўравонлик қурбони бўлиб келаётган аёлларга қандай ёрдам берасизлар? Булар нима қилиши керак?

- Аёлнинг мунтазам зўравонликка дучор бўлиши, унинг ҳаётини хавф остида қолдириши мумкин. Бу руҳият бузилиши, асабийлик ва бунинг оқибатида организмнинг буткул бузилиши демак. Қолаверса, бу ҳолат фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади.

Шу боис, бу сингари зўравонликни ҳар қанақасига тўхтатишимиз керак. Агар ўша босқичда масалани ҳал этиш имкони йўқ экан, эр-хотинни ажратиш керак.

Биласизми, биз бундай оилаларни яраштириш тарафдори эмасмиз. Баъзилар, мана маҳаллаларда яраштирув комиссияларингиз бор, улар, албатта яраштириши керак, сизлар эса бундай қилмайсизлар, дея бизни танқид қилишади. Бу нотўғри. Ажрашув арзимас масала туфайли бўлса, яраштириш мумкин. Масалан, сарподаги камчиликлар ёки арзимас можаро. Аммо сиз айтгандек, мунтазам равишда зўравонлик бўладиган тақдирда, жуфтлик ажрашиши керак.

Менга бу масалада кўплаб аёллар мурожаат қилади. Биз шундай вақтларда бу аёл эридан кетиши керак, деган қарорга келамиз. Шу билан бирга аёл энди қаерга бориши ҳақида ҳам ўйлаймиз. Яъни эри бу аёл учун нима қилиб бера олади? Алимент, бошпана билан таъминлаш масалалари, болаларни боғчага жойлаш, яъни ўша аёлнинг нормал ҳаёт кечириши учун лозим бўлган шарт-шароитларни яратиш масаласида иш олиб борамиз.

Аёл зўравонликни унутиши ва ҳеч қачон бунга дош бермаслиги лозим.

- Айтингчи, қизлар ўртасида турмушга чиқиш тенденциялари ҳозир қандай? Улар ҳаётларидаги бу муҳим қарорни қабул қилиш олдидан балки кўпроқ мулоҳаза қила бошлагандир?..

- Биринчи галда айтиш лозимки, бизда қизлар учун оила қуриш ёши 17 ёш, йигитлар учун 18 ёш этиб белгиланган. Ишга лаёқатлилик Фуқаролик кодекси бўйича 18 ёшдан бошланади. Оила кодексига иккала жинс учун ҳам оила қуриш ёшини 18 ёш этиб белгилаш бўйича таклиф киритдик.

...Биласизми, таҳлиллар давомида бизга шу нарса аён бўлмоқда-ки, қизлар ҳозир ўртача 21-23 ёшда, йигитларимиз 24-25 ёшда оила қуришмоқда. Эрта турмушга чиқиш ҳолатлари жуда кам, деярли йўқ. Бу кечаги ёшлар эмас. Улар шошилишмаяпти.

- Бугунги кунда ўзбек аёлининг жамиятдаги мавқеи ўзгараяптими?

- Тубдан ўзгармоқда. Фаолиятим туфайли олдинги даврларда хотин-қизлар қўмиталари қандай ишлашганини кўрганман. Ўша вақтда аёлнинг жамиятдаги ўрни қандай бўлганини биламан. 

Ўзбекистондаги меҳнат ресурсларининг 46%ини аёллар ташкил этади. Яъни аёлларимиз иқтисодиётимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Улар барча жабҳаларда фаолият юритишади.

Халқаро ташкилотлар бизни кўпинча қарор қабул қилишда аёллар камчиликни ташкил этаётгани учун танқид қилади, яъни раҳбарлик лавозимларида аёллар камлиги учун.

- Сиёсатда, дейлик...

- Ҳа, сиёсатда. Лекин бу ҳолат бугун ўзгармоқда. Агар беш йил олдинни олиб қарайдиган бўлсак, бирорта ҳам вазир аёл бўлмаган. Саидова Галина Каримовнадан бошқа. Ҳатто вазир ўринбосалари ҳам бўлмаган. Энди олиб қарайдиган бўлсак, Сенат раиси ўринбосари, меҳнат масалалари бўйича Сенат қўмитаси раиси - аёл. Мактабгача таълим вазирлигига Агриппина Шин раҳбар этиб тайинланди. Маданият вазири ўринбосарлари, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарлари, бундан ташқари йирик жамоат ташкилотлари раҳбарлари орасида ҳам аёлларимиз бор.

Парламентда 15%, сенатда 17% аёллар бўлгани билан, қуйида, халқ депутатлари туман кенгашларида улар 50%ни ташкил этади.

Аёлларнинг сиёсий жабҳада сони камлиги сабабини - уларни ушбу жараёнларга тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг камчилигида, деб биламан.

Шуни таъкидламоқчиманки, аёл раҳбар бўлган жойларда жиноятчилик фоизи паст, айниқса, ўз-ўзини бошқариш органларида. У ерда тартиб бор, ажримлар кам.

Биласизми, Ўзбекистондаги аёллар жуда истеъдодли. Илм-фан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган олима аёлларимиз сони жуда кўп.

2017 йилда инновациялар бўйича бир лойиҳани бошлаган эдик. Ўзбекистон аёлларининг энг яхши 100 та инновацион ғоялари бўйича.

Менда аввалида иккиланиш бўлган бўлса, ҳатто чекка вилоятлардан ушбу лойиҳада иштирок этиш истагини билдирган аёлларимиз борлигини кўриб, ҳайратим янада ошган. Ўзбекистон аёллари робототехника яратиш соҳасидан тортиб, фермерликкача бўлган соҳаларда ўзининг инновацион ғояларини тақдим этишди, ишонасизми?!

Биз 4000 иштирокчидан 100 нафарини ажратиб олдик ва уларни диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирладик. Аммо гап совғада эмас, муҳими, биз аёлларимизга улар қилган кашфиётларни халқ хўжалигида жорий этишда кўмаклаша бошладик.

Масалан, патент олишда кўмаклашдик. Ва бу аёлларга улар маълум бир вазирлик билан ҳамкорлик қилишлари учун шароит яратдик.

Юз нафар аёллар орасидан энг иқтидорлиларини саралаб олиб, жорий йил Жанубий Корея ҳамда Хитой давлатларида ўтказилган халқаро танловларга юбордик. Хитойда бизнинг ўзбек аёлларимиз Гран-при олишга муваффақ бўлишди.

(давоми бор)

Асосий мавзулар