12:22 19 Ноябр 2018
Эфир
  • RUB121.79
  • EUR9374.66
  • USD8271.27
Джахонгир Иргашев

Петербургдаги бош консул: биз светофор бурчагида паспорт бермаймиз

Sputnik
Жамият
Ҳавола олиш
67130

Ўзбекистоннинг Петербургдаги бош консули Жаҳонгир Иргашев Sputnik агентлигига берган интервьюсида Шимолий пойтахтда ўтказилган Тошкент кунлари якунлари ва консуликка қачон телефон қилган маъқуллиги ҳамда Ўзбекистонга қайси мавсумда бориш кераклиги тўғрисида сўзлаб берди

ТОШКЕНТ, 5 ноя - Sputnik, Дмитрий Матвеев. Жорий йилнинг феврал ойида Петербургда Ўзбекистон Бош консуллиги кунига 150-200 кишини қабул қилади, деб ҳикоя қилди Sputnikка бош консул Жаҳонгир Иргашев.

— Август ойидаги тайинловингиз қай тарзда амалга ошган?

— Менинг тайинловим тўғрисидаги қарор вазирлигимизнинг консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан бўлган келишувдан сўнг ташқи ишлар вазири томонидан қабул қилинган. Ҳақиқатдан ҳам яқинда тайинланганман, Петербургга 10 июлда келган эдим. Мен маълум муддат бош консул вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритдим. Сзнгра Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Викторович Лавров имзоси қўйилган экзекватурани олдим. Мен Санкт-Петербургда аккредитация қилинган тўлақонли бош консул ҳисобланаман.

Санкт-Петербургда бош консулликнинг очилиши тасодифан рўй бергани йўқ. Давлатимиз раҳбари биринчи навбатда чет элдаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишига эътибор қаратадилар. Санкт-Петербургдан ташқари, Москва ва Новосибирскда ҳам консулликларимиз бор. Йил охирига келиб Владивосток, Екатеринбург, Казань ва Ростов-Донда ҳам бош консулликлар ўз ишини бошлайди.

Петербургдаги консуллигимиз жорий йил март ойида очилган бўлса-да, етти-саккиз ой муддат ичида бизнинг фаолиятимиз ҳақида кўплаб фуқароларимиз хабар топдилар. Бир кунда 150-200 киши қабулимизда бўлади, биз уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатамиз.

Бизнинг бош консуллигимиз манзилини кўпчилик билмайди. Шу боис, пайтдан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги бош консуллиги 4-Красноармейская кўчаси, 4А уйда жойлашганини маълум қилмоқчиман. Биз душанбадан-жумагача ишлаймиз. Аҳолини эрталабки 10дан кечки 5гача қабул қиламиз.

Истагимиз шу-ки — бирор муаммо юзага келганида, мисол учун ҳужжатлар билан боғлиқ, аввал бизга мурожаат қилинг. Биз ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Сиз тушган мушкул вазиятдан фойдаланишни хоҳлайдиган ноинсофлар бор. Илтимос, ҳушёр бўлинг! Биз фақат бош консуллик ҳудудида учрашамиз ва ҳар бир пулли хизмат учун квитанция берамиз. Метро ёнида учрашмаймиз! Светофор бурчагида ҳам учрашмаймиз! Бундайларнинг барчаси фирибгарлардир.

 — Санкт-Петербург аҳолисидан, Ўзбекистондан келган меҳнат мигрантларидан шикоятлар бор. Айтишларича, сизларга қўнғироқ қилиб тушиб бўлмас экан. Шу ростми?

— Бундай муаммо мавжуд, буни яширишга ҳожат йўқ. У консулликда одам етишмаслиги туфайли юзага келган. Телефон қўнғироқларига жавоб бериши учун қайсидир ходимни вазифасидан озод қилишим зарур. Бу ерда 3 нафар дипломат ва 2 нафар ёрдамчиси ишлайди. Кунига 200га яқин киши келади. Кимнидир қўнғироқларга жавоб бериш учун масъули қилиб қўйиш - бу ерга келган кишининг муаммосини ечиб бермаслик демак.

Шу боис, илтимос қиламиз, ёки эрталаб 9дан 10гача, ёки кечқурун 5дан 7гача қўнғироқ қилинг. Яъни фуқароларни қабул қилишни бошламасимиздан, ёки қабул тугаганидан кейин. Мана шу вақтда телефон орқали барча саволларингизга жавоб беришга тайёрмиз.

—Петербургдаги Тошкент кунлари Санкт-Петербург ва Тошкент ўртасида ўтган йил имзоланган битим доирасида ўтказилмоқда. Мана шу келишувга асосан Санкт-Петербург ва ўзбек шаҳарларида яна қандай тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган?

- Албатта, биз Тошкентда ҳам Санкт-Петербург кунлари ўтказилишини кутмоқдамиз. Лекин ҳозирча келгуси йилга режалар тузилмаган.

Санкт-Петербургда Тошкент савдо уйининг очилиши йирик тадбирлардан бири бўлиши кутилмоқда. Губернатор ўринбосари Сергей Мовчанов билан учрашувда бу масала муҳокама қилинган эди. Қизиқиш бор, бозорда бизнинг маҳсулотларимизни билишади, қадрлашади ва яхши кўришади. Лекин у ё жуда қиммат, ёки уни топиш мушкул. Шу боис, бу жараённи соддалаштириш, ўзбек маҳсулотларини Санкт-Петербургда оммабоплигини кучайтириш учун ҳам бу савдо уйини ташкил қилмоқдамиз. Савдо уйи Шимолий-Ғарбий Федерал округда ўзига хос хаб вазифасини бажаришига умид қилмоқдамиз. Бу ўзбек товарлари кўргазмаси мунтазам ташкил қилинадиган савдо уйи бўлади.

Савдо уйи фаолияти россиялик харидорларга келиб, маҳсулотни томоша қилиш имконини беради. Агар уларга маъқул келса, буюртма шу ондаёқ расмийлаштирилади, биз уларни тўғридан-тўғри ишлаб-чиқарувчи билан боғлаймиз.

Энг аввало мева ва сабзавотлар тақдим этилади. Мева ва сабзавотларимиз экспортини Россия Федерациясига, хусусан, Санкт-Петербургга оширишга имкон борича ҳаракат қиламиз.

Бугун биз Санкт-Петербургга жавобан Тошкент ҳудудида ахборот-ишбилармонлик марказини очишни таклиф этдик. Бу масала энди муҳокама этилади. Эҳтимол, ноябрь ойи охирида Санкт-Петербург бизнес-делегацияси шаҳар раҳбарияти вакиллари бошчилигида Ўзбекистонда бўлиб, бу масалани батафсилроқ муҳокама этадилар.

—Петербургликларга Ўзбекистоннинг қаерига боришни маслаҳат берган бўлардингиз?

— Йил мавсумидан бошлай қолайлик. Бизда туристик мавсум март ойи бошларидан бошланади ва июнь бошигача давом этади. Кейин Ўзбекистонда жазирама бошланади ва ҳар қандай сайёҳ ҳам +50 градусда республикага келишга тайёр бўлмайди. Мавсум август ойи ўрталаридан бошланади ва ноябрь ойи ўрталаригача об-ҳаво жуда қулай бўлади.

Туристик мавсумда, энг аввало Самарқанд, Бухоро ва Хива сингари шаҳарларни бориб кўришни маслаҳат берган бўлар эдим. Сизни бу саёҳат бефарқ қолдирмайди. Бу мингйиллик тарихга эга меъморчилик ёдгорликларидир.

Қишки ва ёзги мавсумда бизда тоғ туризми мавжуд. Тоғларда кўплаб ажойиб дам олиш зоналари бор, Чорвоқ шулар жумласидан. Қишки туризм ҳам жуда тез ривожланмоқда. Чимён тоғ-чанғи трассаси СССР даврида кўплаб жамоаларга машғулотлар зонаси бўлган ва шу билан машҳур.

Келгуси ойда яна бир тоғ-чанғи курорти - Амирсойнинг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Бир нарсани аниқ айтишим мумкин: палов йил мавсумига боғлиқ эмас. У қишда ҳам, ёзда ҳам, баҳорда ва кузда ҳам бирдек мазали. Шу боис, хуш келибсиз!

— Петербургликлар Ўзбекистонга боришга тайёр, лекин уларни чипта нархлари қўрқитади.

— Биз бу муаммони ечишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ҳозирда аниқ туристик фирма орқали Ўзбекистонга отланган туристлар гуруҳлари учун чегирмалар дастури мавжуд. Бу давлат бюджетидан қилинган чегирмалар. 

Биз шунингдек, авиарейслар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқдамиз: ҳар ҳафта 15та рейслар амалга оширилмоқда. Ҳозирда "Пулково" аэропорти раҳбарияти билан рейслар сонини кунига 2 марта қилиш юзасидан музокаралар олиб боряпмиз. Агар бу иш амалга ошса, ҳафтасига 20-25 рейс бажарилади. Йўловчилар сони ортиши чипталар нархига ҳам таъсир кўрсатади, улар арзонлайди.

Ўзбекистонда янги отеллар қурилмоқда, улар ўз навбатида ўзаро рақобатлашади. Шу тариқа, биз секин бўлсада, аммо тўғри ҳаракатлар билан вазиятни ўнглаяпмиз. Биз муаммолар мавжудлигини биламиз, тез-тез уларни муҳокама қиламиз, Ўзбекистонда ҳам, бу ердаги миллий авиакомпаниямиз ваколатхонасида ҳам. Шу боис, сизни ишонтириб айтаманки, яқин келажакда вазият кескин ўзгаради. Ўзбекистонга учиш Туркияга учишдан кўра арзонроқ бўлмаса-да, сиз Ўзбекистондан унутилмас онларни бошдан кечирасиз.

Sputnik ахбороти: Жаҳонгир Иргашев 1999 йилда Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетини тамомлаган. Сўнгра, кичик амалиётдан сўнг Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритган. 2004-2006 йилларда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги консули сифатида меҳнат қилган. 2009-2013 йилларда Ўзбекистоннинг Буюк британиядаги элчихонаси биринчи котиби лавозимида ишлаган.

Асосий мавзулар