05:27 20 Октябр 2019
Эфир
  • RUB147.25
  • EUR10438.58
  • USD9455.24

Эркин Йўлдошев Гулнора Каримова иши, прокурор назорати ва тизимдаги ўзгаришлар ҳақида

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Жамият
Ҳавола олиш
180020

Бош прокуратура расмий вакили Халқаро Пресс-клубнинг илк бор йўлга қўйилган янги форматдаги лойиҳасида тизимдаги ўзгаришлар, Гулнора Каримованинг ҳозирда қаердалиги ва ойлик маошини оломаётган ишчилар борасида берилган саволларга жавоб қайтарди

ТОШКЕНТ, 19 дек - Sputnik. Халқаро Пресс Клубда илк маротаба Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари бир вақтда, битта сафда қўшма матбуот-анжуманида иштирок этишди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Хусусан, Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий вакили Халқаро Пресс-клубнинг илк бор йўлга қўйилган янги форматдаги лойиҳасида тизимдаги ўзгаришлар, Гулнора Каримованинг ҳозирда қаердалиги ва ойлик маошини оломаётган ишчилар борасида берилган саволларга жавоб қайтарди.

Норма ижодкорлиги - прокурорлар фаолиятининг бош бўғини

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошевга кўра, Бош прокуратура йил давомида Ўзбекистон Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга доир давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита қатнашиб келади. 

"Норма ижодкорлиги прокурорлар фаолиятининг жуда ҳам муҳим бўғинларидан бирига айланди ва бу иш жуда катта сафарбарликни талаб этди. Давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотларда аниқланган, аҳоли фаровонлигининг реал ўсишига ва жойларда иш ҳолатини тубдан яхшиланишига тўсқинлик қилаётган мавжуд муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, илғор хорижий тажрибалар асосида бир хулосаларга келинди", - деди Йўлдошев. 

Бош прокуратура томонидан 2018 йил давомида 100га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилган. Шулардан олтмиш олтитаси бугунги кунда қабул қилинган ва амалиётган жорий этилмоқда, деди Бош прокурор ўринбосари.

Гулнора Каримова ва Рашид Қодировлар иши не кечди?

Йўлдошев журналистларга Гулнора Каримова, Рашид Қодиров ва Абдусалом Йўлдошевларга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар тақдири не кечаётгани хусусида ҳам сўзлаб берди.

Ҳуқуқ посбонининг маълум қилишича, Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров иши бўйича тергов жараёни якунланиш арафасида.

Ушбу жиноят иши ҳақида аҳоли батафсил хабардор қилинади, дея ваъда берди у.

Давлат солиқ қўмитаси собиқ раисининг биринчи ўринбосари Абдусалом Йўлдошевга нисбатан очилган жиноят иши бўйича эса тергов жараёни давом этмоқда. Ўзбекистон Биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова Ўзбекистонда жазони ўтамоқда.

Прокурор назорати амалга ошириляптими?

Спутник мухбири томонидан Андижон ва Тошкент вилояти "Ўзпахтасаноат" корхонаси ишчилари ойлик иш ҳақларини ололмаётганлари борасида берилган саволга жавобан Йўлдошев прокуратура органларининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида қонунийликни таъминлаш бўйича фаолияти жуда кенглигини таъкидлаб ўтди.

"Прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали 78 918 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Сиз айтаётган масалада қанча одам ўзларининг иш ҳақларини ололмаганликларини билмайман, лекин бир одамнинг бўлса ҳам "иш ҳақимни олмадим", "мени таътилга чиқишдан ҳуқуқларим бузилди" ёки бўлмасам, "раҳбарим томонидан менга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этилаяпти" деган мазмундаги ҳар битта аризаси қонунда белгиланган муддатларда аниқ мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилади ва прокуратура органлари томонидан тегишли чоралар кўрилади", - деб таъкидлади Бош прокурор ўринбосари.

Ойлик иш ҳақларини вақтида бермаганлик учун кўрилган зарарлар ундирилиши ҳақида тўхталар экан, "прокурорларнинг қўллаган таъсир чоралари натижасида текширишлар ва жиноят ишларининг тергови жараёнида 1 триллион 800 миллиард сўм кўрилган зарарлар ундириб берилгани"ни маълум қилди ва буларнинг ичида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш жараёнлари ҳам борлигини қайд этди. 

"Сиз келтирган мурожаатга келадиган бўлсак, бундай мурожаатларнинг барчаси алоҳида текширув, алоҳида ўрганишни талаб этади. Агар керакли маълумотлар бизга берилса, биз тегишли текширувларни ўтказамиз ва натижаси ҳақида сизга батафсил хабардор қиламиз", - деди Йўлдошев Спутник мухбирига.

Асосий мавзулар