15:27 16 Сентябр 2019
Эфир
  • RUB142.96
  • EUR10360.56
  • USD9395.63

"Улкан гуноҳ": Ўзбекистонда мусулмонларга дарахтдан бола сўраш ширк экани эслатилди

© Sputnik / Kirill Shipitsyn
Жамият
Ҳавола олиш
60810

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Аллоҳга ширк бўлган бундай амалларнинг давом этаётганидан жиддий ташвишда.

ТОШКЕНТ, 20 апр - Sputnik. Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, зиёратгоҳлардаги  ширк амаллардан сақланишга чақирмоқда.

Хабарда айтилишича, шу кунларда Бухоро вилоятидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида қуриган дарахтни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби ширк амаллар акс этган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган.

"Бугунги кунда кўплаб зиёратгоҳларда ана шундай бидъат ва ширк амалларига кўзингиз тушади. Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қадимий дарахт ҳам инсонларнинг йўлдан озишларига, ширк амалларга қўл уришларига сабаб бўлмоқда. Зиёратга келганлар ўша дарахтни силаб, юз-кўзларини суртиб, атрофини айланиб, турли нарсаларни сўрашаётгани кузатилмоқда. Ахир аллақачон қуриб қолган, биттагина барг чиқаришга ҳам мажоли етмаётган дарахт инсонга қандай қилиб фойда келтириши мумкин?! У ерлардаги нарса ва буюмлардан фарзанд, бахт, бойлик ва ҳоказоларни сўраш нодонлик ва улкан гуноҳдир", - дейилади идора хабарида.

Идора бундан бир неча йил аввал ҳам мазкур ҳолат юзасидан "Дарахт ва тош кабиларни муқаддас деб билишнинг ширклиги ҳақида"ги фатвони эълон қилингани ҳамда тушунтириш ишларини олиб борилгани, шунингдек, зиёратгоҳларга Ислом ақидаси ва шариатида кўрсатилган зиёрат қилиш одоблари ҳақида лавҳалар қўйилганини қўшимча қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Аллоҳга ширк бўлган бундай амалларнинг давом этаётганидан жиддий ташвишдалигини билдирган.

"Бугунги кунга келиб, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги мазкур қуриган дарахт атрофида бирмунча тартиб ўрнатилди. Жумладан, имом-хатиблар жалб этилиб, келган зиёратчиларга у қадимий қуриган дарахт экани, кимда-ким ундан бирор нарса сўраса, айланса ширк бўлиши ҳақида маълумотлар бериб турибдилар. Аммо ушбу дарахтдан мадад сўраш ягона ҳодиса эмас, юртдошларимиз Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги  дарахтдан, Тошкент вилоятидаги Кумушкон санаторияси тепасидаги садақайрағочдан, Самарқанд вилоятининг Чўнқаймиш қишлоғидаги чинор дарахтидан ҳам ҳожат сўрашдек ширк амалларни одат қилганлар. ...сув қўймасангиз қуриб қоладиган ёхуд сизнинг қаровингизга муҳтож бир дарахт сизга бойликни қаердан олиб келади. Ундан фарзанд сўраш-ку ақлга сиғмайдиган даражадаги таажжубли ҳолат. Мусулмон одам нимаики ҳожати бўлса, барчасини фақат ва фақат Аллоҳ таолодан сўраши лозим. Бандани асровчи ҳам, унга бойлик, фарзанд неъмати ва бошқа нарсаларни берувчи ҳам фақат Ҳақ таолонинг Ўзидир!", - дейилади идора томонидан эълон қилинган мурожаатда.

Асосий мавзулар