16:00 26 Май 2019
Эфир
  • RUB131.06
  • EUR9439.00
  • USD8460.92
Узбекские милиционеры

Ўзбекистонда милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик учун жазо кучайтирилади

Sputnik
Жамият
Ҳавола олиш
37510

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди.

ТОШКЕНТ, 13 май – Sputnik. Ички ишлар вазирлиги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини тайёрлади.

Ҳужжат умумий муҳокамага қўйилди.

Янги ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 219-моддаси қуйидаги қуйидаги таҳрирда баён этилиши мумкин:

“219-модда. Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш ёхуд унга нисбатан зўрлик ишлатиш

Хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш, худди шунингдек хизмат вазифасини бажариши муносабати билан ҳокимият вакилига ёхуд фуқаровий бурчини бажараётган шахсга нисбатан ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиш –

энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга ёхуд қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш, худди шунингдек уларга нисбатан ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш –

уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги ўзгартишлар киритилади:

194-модда. Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик:

биринчи қисмининг санкциясидаги “иккидан бир қисмидан икки бараваригача” деган сўзлар “бир бараваридан уч бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилади;

иккинчи қисмининг санкциясидаги “икки бараваридан уч бараваригача” деган сўзлар “уч бараваридан беш бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилади;

195-модданинг - Милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш санкциясидаги “уч бараваридан беш бараваригача” деган сўзлар “уч бараваридан етти бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилади;

198-модда. Ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш:

биринчи қисмининг санкциясидаги “иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса – бир бараваридан икки бараваригача” деган сўзлар “бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса – уч бараваридан беш бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилади;

иккинчи қисмининг санкциясидаги “бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса – уч бараваридан беш бараваригача” деган сўзлар “уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан етти бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилади.

Асосий мавзулар