18:41 05 Июн 2020
Эфир
  • RUB121.10
  • EUR10637.67
  • USD9554.22
Жамият
Ҳавола олиш
276 0 0

Бугун Россия шаҳарларида, жумладан, Москвада мусулмон оламида улуғ айёмлардан бири - Рамазон байрами кенг қарши олинди.

ТОШКЕНТ, 4 июн - Sputnik. Бугун Россия шаҳарларида мусулмон оламида улуғ айёмлардан бири - Рамазон байрами кенг нишонланмоқда. Россия масжидларида Рамазон ҳайити намози адо этилди.

Биз ҳам эрта тонгдан масжид сари йўл олдик. Илгарилари “Проспект мира" станцияси яқинида жойлашган Москвадаги энг йирик жоме масжидга Рамазон ҳайити намози адо этиш учун борардик. Бироқ бу йил Москванинг бошқа масжидларидаги байрам намозини кўриш ва йўлга сарфланадиган вақтни ҳисобга олган ҳолда Поклонная тепалигидаги Ғалаба боғи яқинида жойлашган “Ёдгорлик масжиди”га (“Мемориальная мечеть”) боришга қарор қилдик.

Бугун Россияда мусулмонлар Рўза-ҳайитни кутиб олмоқда

Биз масжид биноси ичкарисига кириб, намозни олдинги сафларда адо этиш илинжида такси чақиртирдик, лекин чучварани хом санаган эканмиз. Биз чақирган такси бир зум ўтмай етиб келди. Ҳайдовчи хушчақчақ ва гапдон экан. Масжидга қандай қилиб етиб келганимизни сезмай қолдик.

Машинадан тушиб, кўзимиз масжид сари шошилаётган оломонга тушди. Атроф турли миллат вакилларига тўла эди. Бошида ўзбек, тожик дўпписи, қирғиз қалпоғини кийган ҳамда бошқа миллат вакиллари масжидга олиб борувчи йўлларни тўлдириб боришарди. “Проспект мира" станциясидаги жоме масжидидан фарқли ўлароқ бу ерда атига битта тиланчи ва дўппи ва жойнамоз сотаётган сотувчи борлиги диққатимизни тортди. Эҳтимол, бошқа йўлда яна бўлган бўлса керак. Чунки масжидга олиб келувчи бир неча йўл бор эди. Бир нарсани ишонтириб айтишим мумкинки, масжидни билмайдиган, ҳаётида илк маротаба келаётган киши ҳам масжидни қийналмай топиб боради, зеро метродан чиққан оқимга қўшилсангиз тўғри масжид қаршисидан чиқасиз.

Празднование Ураза байрам в Москве
© Sputnik / Орифжон Назаров
Празднование Ураза байрам в Москве

Қайд этиш жоизки, мусулмонлик бурчини адо этувчилар учун масжидга олиб борувчи кўчалар ажратилган, йўлнинг икки четида тартиб сақлаш учун ҳарбийлар ва махсус гвардия аскарлари саф тортиб туришибди. Шунингдек, кўча четларида махсус ҳожатхоналар ҳам ўрнатилган.

Тез орада кўзланган манзилга етиб келдик. Аллақачон масжид ичи ва атрофи намозхонлар билан лиммо-лим эди. Шунча барвақт келиб, олдинроқдан жой олишга уринганимиз беҳуда экан.

Масжиддан чамаси 200-300 метр узоқликда кўча ўртасида тўхтадик. Ундан уёғига ўтиб бўлмасди. Сабаби эрта тонгдан, эҳтимол, саҳарлаб соат 4-5ларда келган ибодатгўйлар аллақачон жойлашиб бўлишганди. Чунки биз соат 6 да манзилга келиб, бу манзаранинг гувоҳи бўлдик.

Россия бош муфтийси мусулмонларни Рўза - ҳайит билан табриклади

Биз келган вақт имом маърузани бошлаб юборган эди.  Рамазон ҳайити намозини адо қилишга йиғилганлар ўз жойнамозини — кимдир ўзи билан уйидан олиб келган, яна кимдир шу ердан сотиб олган — бир текис қилиб тўшаб, саф-саф бўлиб ўрнашди.

Празднование Ураза байрам в Москве
© Sputnik / Орифжон Назаров
Празднование Ураза байрам в Москве

Имом Рамазон ойи фазилатлари, ушбу муқаддас ойда қилинган тоат-ибодатлар қабул бўлиши, кимлар рўза тутишдан озод қилингани, Ислом динининг тинчлик, эзгулик дини эканлиги ҳақида маъруза қилганидан сўнг ҳайит намози адо этилди. Ҳайит намози адо этилгач, барча намозхонлар бир-бирларини байрам билан қутлаб, ушбу кунларга етказганига шукр қилиб, юрт тинчлиги ва фаровонлиги, фарзандлар камолини Яратгандан сўраб дуолар қилдилар. Ушбу саодатли кунларда Аллоҳдан тутган рўзаларини қабул, ибодатларини мақбул ва дуоларини мустажоб бўлишини сўрадилар.

Празднование Ураза байрам в Москве
© Sputnik / Орифжон Назаров
Празднование Ураза байрам в Москве

Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Маълумот учун: Поклонная тепалигидаги масжид Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлган мусулмон жангчилар хотирасига бағишлаб, 1997 йилда қурилган қурилган.

Асосий мавзулар