09:11 19 Июл 2019
Эфир
  • RUB136.34
  • EUR9673.87
  • USD8584.50
Министр народного образования Узбекистана Шерзод Шерматов

Ҳар бир бола ўз микроҳудудига бириктирилиши керак – Халқ таълими вазирлиги

Sputnik / Дильшода Рахматова
Жамият
Ҳавола олиш
36210

Микроҳудудда яшовчи аҳоли вакиллари ҳеч қандай муаммосиз ўз фарзандларини мактабга жойлаш имкониятига эга бўлади.

ТОШКЕНТ, 19 июн – Sputnik. Бугун Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигида Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” мавзусида брифинг ўтказилди.

Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.

Брифингда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов янги қабул қилинган қарорнинг мақсади ҳақида тўхталиб ўтди.

“Биринчи масала Тошкент шаҳрида 309 та мактаб бўладиган бўлса, мактаблар орасида ўқитувчилар  турли хил жойлашган. Шу 309 та мактабдан 81 та мактабда, бу 26 фоиз Тошкент шаҳридаги 43 фоиз ўқувчиси ўқимоқда. Бу мактабларда деярли уч сменада, бир синфда 50-60 бола ўқимоқда”, - деди Шерматов.  

Вазир аҳоли томонидан жуда кўп эътирозлар билдириладиган масалалар ҳақида айтиб ўтди.

“Шу мактаблар атрофида яшайдиган аҳоли бизга мурожаат қилади - менинг олдимда мактаб бор, лекин мен бу мактабга боламни бера олмайман. Умуман бегона, бошқа оила келиб боласини беради. Бу қандай адолатсизлик. Буни таҳлил қиладиган бўлсак, ҳозир минглаб болалар атрофидаги мактабига кира олмаган”, - деб таъкидлади вазир.  

Шерматовнинг сўзларига кўра, янги қарорнинг мақсади - аҳоли фарзандини ўз микроҳудудида мактабга ҳеч қандай муаммосиз, текинга жойлаштириш ҳуқуқни бериш.

“Ота-оналар кўпинча тушунмасдан туриб, мажбурлаб мактаб тилини билмайдиган болаларни шу мактабга жойлаштиришга ҳаракат қилади. Бу бўйича жуда кўп ўқитувчилар ва директорлардан  эътирозларни эшитдим. Тил ўрганиш бошқа, лекин бошқа билмайдиган тилда фанни ўрганиш бошқа масала. Шунинг учун, рус тилига бўлган қизиқиш бўладиган бўлса, давлат тилида олиб бориладиган мактабларда рус тилини ўқитиш сифатини оширишимиз керак. Россиялик ҳамкорлар билан келишганмиз, бу бўйича иш олиб борилмоқда”, - деди Шерматов.  

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 7 июн куни Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, жорий йилдан бошлаб талаб юқори бўлган Тошкент шаҳридаги 81 та мактабда қабул Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Янги қарорга кўра, ушбу мактабларга болалар асосий ва қўшимча квота асосида қабул қилинади.

Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг (тегишли йилнинг 31 декабрига қадар 7 ёшга тўладиган) фарзандлари, отаси ёки онаси биринчи гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини инобатга олган ҳолда асосий квота шакллантирилади.

Умумтаълим муассасасининг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшдаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун қўшимча квота ажратилади.

Асосий мавзулар