13:59 10 Декабр 2019
Эфир
  • RUB149.88
  • EUR10545.67
  • USD9537.55
внутри гигансткого голубого купола кипит торговля

Хотин-қизлар қўмитаси "бозорчи аёллар" сурбетлигига чек қўяди

Sputnik / Рамиз Бахтияров
Жамият
Ҳавола олиш
145301

Ўзбекистон хотин-қизлар раиси Эльмира Баситханованинг айтишича, эндиликда бозорларда қўмитанинг бошланғич ташкилоти тузилади. Бозорда ишлайдиган аёллар маърифатсиз "бозорчи аёл" номига муносиб бўлмасликлари учун бошланғич ташкилот хонасида улар билан маърифий суҳбатлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган

ТОШКЕНТ, 11 июл - Sputnik, Дилшода Раҳматова. "Мамлакатни биламан десанг, бозор билан мозорига бор, деган гап бор. Ҳақиқий бозорчи аёлларда на маънавият, на маърифат бор. Аммо шу сўзга мос бўлмаслиги учун хотин-қизлар қўмитаси нима қилди?", - деди бугун ўтказилган матбуот-анжумани давомида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Баситханова.

Шу ўринда, куни кеча 10-июль куни Самарқанд шаҳри Сиёб бозорида рўй берган бир нохуш ҳолат эсимга тушди. МДҲ давлатларидан келган меҳмонлар билан бозор айланиб, Бибихоним мадрасаси яқинида тўпланиб турган эдик, ана шундай бозорчи аёллардан бири кутилмаганда ички ишлар органлари ходимларига қўлини пахса қилиб, шанғиллаб бақириб кетгани гувоҳ бўлдик. "Икки юз минг ойликка яшаб бўладими? Нима демоқчисан?", - деб бақирарди қўлида турли сувенирларни кўтариб олган, оғзи тўла тилла тиш аёл.

Ички ишлар ходими аёлдан қанча узоқлашишга ҳаракат қилса, жазаваси тутган аёл у томон бостириб, бақиришдан тўхтамасди.

Аёлнинг ҳаракатини меҳмонлар ҳайрон қараб кузатишди.

Шу тобда меҳмонлар олдида изза бўлишдан ҳам кўра, ички ишлар ходимига кўпроқ ачиндим. 

Энг ачинарлиси, орадан ярим дақиқа ўтмай, бозор дарвозаси олдида ана шундай бозорчи аёллардан яна бири ички ишлар ходимига ҳужумга ўтди. Уни икки-уч киши тўхтатишга ҳарчанд ҳаракат қилмасин, аёл юлқиниб, формадаги орган ходимига ташланмоқчи бўларди. Ҳайриятки, шу вақт автобус тайёрлиги эълон қилинди ва меҳмонлар бозордан узоқлашдилар.

Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимованинг айтишича, Сиёб бозоридаги аёлларнинг ўзини тутиши масаласи кун тартибида турган муаммоли масалалардан бири. Муаммо шундаки, бундайлар ҳеч кимни эшитмайди ва "орани очиқ" қилиб кун кечиришга одатланиб қолган.

Ўзбекистон хотин-қизлар раиси Эльмира Баситханованинг айтишича, эндиликда бозорларда қўмитанинг бошланғич ташкилоти тузилади. Бозорда ишлайдиган аёллар маърифатсиз "бозорчи аёл" номига муносиб бўлмасликлари учун бошланғич ташкилот хонасида улар билан маърифий суҳбатлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, бозорларда радиоузел орқали Зулфияхонимнинг "Хотирам синиқлари"га ўхшаш асарлар ҳар куни беш-олти мартадан ўқиб эшиттирилиши, муомала маданияти мавзусида эшиттиришлар тайёрланиши ҳам кўзда тутилган.

"Бор ҳаракатимиз бозор ҳақиқиқатан ҳам маърифат манбаи бўлишига эришишга қаратилади", - деди Баситханова.

Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимова тез кунларда Сиёб бозорига чиқиб, аёллар билан шахсан суҳбат ўтказишини маълум қилди.

Асосий мавзулар