10:58 18 Октябр 2019
Эфир
  • RUB147.25
  • EUR10438.58
  • USD9455.24

Комил Алламжонов ОАВ ва блогерларни огоҳлантирди

© Fb
Жамият
Ҳавола олиш
289 0 0

Алламжоновнинг маълум қилишича, веб-ресурс эгаси Интернет тармоғига ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек, жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилигини аниқлаган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.

ТОШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов расмий баёнот билан чиқди.

Алламжоновнинг маълум қилишича, веб-ресурс эгаси Интернет тармоғига ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек, жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилигини аниқлаган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.

У амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда бундай хатти-ҳаракатларнинг таъриф-тавсифи ва уларга белгиланган жазолар аниқ кўрсатиб ўтилганини эслатиб ўтган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунида: “Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади”, деб белгиланган.

Шунингдек, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунда: “Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади. Оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар, дея қайд этилган.

“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, веб-сайтнинг ёки веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блогер Интернет тармоғидаги ўз веб-ресурси орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиши қатъий ман этилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 140-модаасига мувофиқ эса, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Таъкидланишича, нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш — энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, АОКА  Facebook’да Комил Алламжонов шаънига камситувчи шарҳлар жойлаган сохта профилларни аниқлагани хабар қилинган эди. Агентлик баёнотида айтилишича, “Озодлик” радиоси 48 та сохта аккаунт ёрдамида АОКА раҳбариятига қарши қасддан салбий ахборот кампанияларини тарқатган.

Асосий мавзулар