19:00 12 Ноябр 2019
Эфир
  • RUB148.82
  • EUR10455.03
  • USD9490.77
Гули Мурадова с мужем

Леди бўлиш осонми? Инглиз лордига турмушга чиққан Гули Мурадова билан интервью

Фото из личного архива леди Гули Мурадовой
Жамият
Ҳавола олиш
232561

Ўзбекистонлик Гули Мурадова ҳаёти замонавий Золушка ҳақидаги фильмга асос бўла олади. Леди Гули ва лорд Муҳаммад Илтаф ўртасидаги ёш сезиларли бўлса-да, аммо бу уларнинг бахтиёр ҳаётига заррача таъсир қилмаган. Улар ўз турмушидан мамнун.

ТОШКЕНТ, 5 сен - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Леди Гули билан суҳбатимиз унинг Тошкентдаги офисида кечди. Маълум бўлишича, Ўзбекистонга Мустақиллик айёми арафасида учиб келган лорд Муҳаммад Илтаф жаноблари Лондонга қайтиб кетган. Гули хоним эса айрим ишлар билан бандлиги туфайли Тошкентда вақтинча яшаб турибди.

- Гули хоним, Ўзбекистонга хуш келибсиз.

- Хушвақт бўлинг.

- Мамлакатда ўтказилаётган йирик тадбирлардан бири – Шарқ тароналари фестивалида юқори даражали меҳмонлар сафида лорд жаноблари - Муҳаммад Илтаф ҳам бор эдилар. Кейин Мустақиллик тантаналарига бағишланган йиғинда турмуш ўртоғингиз билан кўриниш бердингиз. Ўзбекистонга бирор иш билан келдиларингизми ёки шунчаки меҳмон бўлиб?

- Турмуш қурганимиздан буён Ўзбекистонга икки-уч бор келиб кетдик. Тошкентда уйим бор, шу боис Ватанимдан узоқлашганим йўқ. Бу галги сафаримиздан ҳам албатта кўзлаган мақсадларимиз бор эди.

- Қандай мақсадлар экан, сир бўлмаса?

- Ҳаммага маълум-ки, Ўзбекистон президенти 2019-йилни фаол инвестициялар йили деб эълон қилган эдилар. Турмуш ўртоғим - Лорд жаноблари - йирик бизнесмен. Ҳар келганимизда у киши банклар ва бошқа компаниялар билан музокаралар ўтказадилар. Ҳозирда суғурта соҳасига қизиқиб қолдилар, кўчмас мулк ҳам эътиборларини тортяпти. Лорд жаноблари ўзлари билан таржимон олиб юришлари керак, бироқ ҳар гал инглиз тилида мукаммал гапирадиган ходимларни топиш катта қийинчилик туғдиради.  Бизнесменлар,  инвестициялар келишини кутсак-да, инглиз тилини мукаммал биладиган ходимлар кам бўлса, у қанақа бизнес бўлади? Шу боис, турмуш ўртоғим баробарида мен ҳам Ўзбекистонда ўз бизнесимни бошлашим лозимлиги ҳақида ўйлаб, ҳозирда тил ўргатишга ихтисослашган London College Of English ўқув марказини очиш тадориги билан юрибман.

Гули Мурадова
Фото из личного архива леди Гули Мурадовой
Гули Мурадова

Ҳар гал Ўзбекистонга келганимизда, ота-оналардан "Фарзандларимизни Англияга ўқишга юборишга ёрдам беринг", деган мазмунда таклиф тушади. Англияга бориб ўқиш осон эмаслигини ўзим мисолимда биламан. Шу боис, Тошкентга Англиянинг ўзини олиб келишга қарор қилдим (жилмаяди). Жиддий айтадиган бўлсам, тил марказида дарс беришлари учун Англиядан домлаларни олиб келяпмиз. Бу марказ халқимга керак, деб ўйлайман. Юртдошларим инглиз тилини ўрганишларини истайман. Шу боис, бундай ишга қўл уриш менга ифтихор бағишлайди.

- Коллежни очишда лорд жанобларидан ёрдам оляпсизми?

- Йўқ, фақат ўзимни жамғармамдан фойдаланяпман. Чунки одамлар ҳозир айтганингиздек, унинг умр йўлдоши лорд, шунга бундай ишларни амалга оширяпти, деб гапиришларини истамайман. Мен 15 йилдан бери Англияда яшайман, ўзига яраша маблағ жамғаришга улгурганман. Айтишим жоизки, турмуш ўртоғим ўзи илм одам бўлгани учун, бу режам билан бўлишганимда, жуда хурсанд бўлдилар ва маъқулладилар.

Бир гапни қўшимча қилмоқчи эдим, Ўзбекистон янги президент раҳбарлигида кундан-кунга шу даражада ўзгариб боряптики, ҳатто лорд Муҳаммад Илтаф жаноблари ҳам "танимай қоляпман", дея кўп таъкидлаяптилар. У киши Ўзбекистонни Дубайга ўхшаб ўзгариб бораётганини такрор-такрор айтишдан чарчамайдилар.

Буларнинг барчаси яхши, албатта. Чунки бу ислоҳотлар Ўзбекистонни имиджини ўзгартираяпти. Мисол учун ўн йил олдин лорд жанобларини ёки менинг Ўзбекистонга инвестиция қилиш масаласи ҳеч қачон ўйлантирмаган ёки қизиқтирмаган. Ҳозирги ўзгаришларни кўриб, фикримиз ўзгарди, инвестиция киритишга биз ҳам қизиқиб қолдик.

- Лордга турмушга чиққач, ўзингизга Леди (Хоним) титулини олдингиз. Яъни аввалги Гули Муродова билан Леди Гули ўртасида қандай фарқ бор?

- Аввалги Гули билан ҳозирги Гули бир хил. Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Мен ўша-ўша Гулиман.

Гули Мурадова с мужем
Фото из личного архива леди Гули Мурадовой
Гули Мурадова с мужем

- Ҳаётингизда нима ўзгарди?

- Тўғрисини айтсам, ледини Англияда жуда ҳурмат қилишади, бошқача қарашади. Леди бўлганингиздан кейин жуда кўп базмларга боришингизга тўғри келади. Чунки лорд ва леди базмларнинг азиз меҳмони бўлади Англияда. Масалан, Қиролича бизни чойга таклиф қилган, элчихоналардаги базмларга кўп борамиз. Умуман, лордларни бирор базмга таклиф қиладиган бўлишса, турмуш ўртоқлариниям биргаликда таклиф қилишади. Бу лорд ҳамда унинг турмуш ўртоғига кўрсатиладиган ҳурмат белгиси саналади. Англияда аёл кишига ҳурмат биринчи ўринда туради.

Леди бўлишнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари, катта масъулияти бор. Масалан, базмларга борганингизда ўзингизни ҳақиқий Ледига ўхшаб тутишингиз шарт. Бу маданиятга киради.

Лекин ледиман, деб ўзимни катта тутмайман. Мусулмон аёлининг одоби – леди эга бўлиши керак хулқ-атвордан ҳам устун экан, шу боис, леди бўлганимдан кейин ниманидир ўрганишга ёки дарс олишга тўғри келмаган. Мен учун леди – бу шунчаки титул. У масъулиятни талаб этади, мен албатта, қоидаларга амал қилишга ҳаракат қиламан ва ўзимни ҳар доимгидек ўзбек масъума аёлидек тутаман. Эҳтимол, турмуш ўртоғим мени мана шундай оддий аёллигим учун севиб қолгандир.

Гули Мурадова
Фото из личного архива леди Гули Мурадовой
Гули Мурадова

- Лордга турмушга чиққанингиздан кейин ҳаётингизга микроскоп остида қарай бошладилар. Шу туфайли сиқилиб қолмадингизми?

- Одамларни орқасидан гапириш – бу қадим-қадимдан бўлган ва ҳозир бор. Ҳамма гапиради. Англияда яхши бир гап бор: бугун чиққан мақола эртага унутилади, деган. Яъни британияликларга гапни орқасидан қувиш ёки бўлмаса сўкиниш ёт. Мени биргина истагим, мени ҳаётимни гапирадиган одамлар ўзларига олдин бир қарашсин...

Ҳеч кимни ҳаёти юз фоиз бекаму-кўст эмас. Ҳар битта инсонни ўзига яраша камчилиги бор.

Масалан, ҳеч ким тақдиридан қочиб қутулолмайди. Мен ҳаракат қилганман тақдиримдан қочиб қутулишга, лекин бўлмаган. Буни тақдир дейишади. Агар шу инсон (лорд демоқчи, таҳр.) менинг тақдиримга ёзилмаган бўлганларида, Аллоҳ менга Ҳажга боришга йўл кўрсатармиди? Шу инсон билан тақдир бизни бирлаштиргани туфайли, икки бор Ҳажга бориб келдим ва бу учун шукроналар айтаман.

Гули Мурадова с мужем
Фото из личного архива леди Гули Мурадовой
Гули Мурадова с мужем

(Ўйланиб) Биласизми, мени фикримча интернет Ўзбекистон учун нисбатан янги нарса. Шу боис, интернет оламида ёзиш одамларга қизиқ. Вақт ўтиши билан, албатта, одамларимиз онгида ҳам ўзгариш рўй беради ва улар ҳам аста-аста худди британияликлар каби – одамларни орқасидан гапирмайдиган бўлиб қолишади. Лекин гапирса гапираверишсин, мен ўз юртимни, мени яхши кўрадиган ва яхши кўрмайдиганларни ҳамиша ҳурмат қилиб қолавераман. Чунки мен шунақа тарбия олганман.

- Ўзбекистонга анча вақтга келдингизми?

- Ҳозирча ҳеч нарса деёлмайман. Шуни айтишим мумкин-ки, борди-келдимиз давом этаверади. Лорд жаноблари шу кунларда соҳибқирон Амир Темур ҳақида китоб ёзишни бошламоқчилар, бошласалар бу ерга яна кўп келадилар. Менга эса ҳозирча инглиз тили ўқув кусрларини вилоятларда, Қорақалпоғистон Республикасида очинг, деган таклиф тушаяпти. Шу масала билан шуғулланяпман.

Гули Мурадова с мужем
Фото из личного архива леди Гули Мурадовой
Гули Мурадова с мужем

 

- Ўзингизни бахтлиман деб айта оласизми?

-  Албатта, бахтиёрман! Умр йўлдошим маданиятли, кўнгли тоза ва меҳрибон инсонлар. Аёл учун бундан ортиқ бахт бўладими?

- Лорд жаноблари билан фарзандли бўлишни режалаштирганмисизлар?

- Иншааллоҳ, Худо хоҳласа.

Асосий мавзулар