18:32 21 Ноябр 2019
Эфир
  • RUB149.01
  • EUR10498.56
  • USD9500.96
Пострадавшая от домашнего насилия женщина из Узбекистана

Группавий сексга мажбурлаб, ёқвормоқчи бўлди: жиззахлик аёл садист билан турмуши ҳақида

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Жамият
Ҳавола олиш
323853

Жиззахлик ёш аёл Россия ўрмонларида эри томонидан аёвсиз калтакланди ва таҳқирланди. Қарийб 10 йил давомида золим эрнинг хўрлашларига чидаб келаёган аёл, энди яқинлари ва тегишли идоралар ёрдамила у билан ажрашишга ҳаракат қилмоқда

ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik, Дилшода Рахматова. Бу ёш аёл ҳаёти асосида қалбларни ларзага солувчи психологик триллер суратга олиш мумкин. Аёл узоқ йиллар давомида биргина ўзига аён бўлган даҳшатли сирни ҳеч кимга айтолмай келди, аммо бундан буёғига сукут сақламоқчимас. Қарийб ўн йиллик турмуши давомида бошдан кечирган кўргуликлар ҳақида жиззахлик Муҳайё Sputnik Ўзбекистон мухбирига сўзлаб берди.

Муҳайё ўз юртига қайтганига энди бир ҳафтадан ошди. Россиядан Жиззахга у чорасизликдан йўловчи машинада келган. Бегона юртда аёвсиз калтакланган, сариқ чақасиз ҳолатда у қонуний эри томонидан ташлаб кетилган. Албатта, аёл эрининг ортидан қувиш учун йўлга чиққани йўқ, у қизлари ёнида бўлишга шошилган эди.

Суянчиқ деб ўйлагани, садист бўлиб чиқди

Муҳайёни эркин муносабатларга ўрганган аёллар қаторига қўшиб бўлмайди, бироқ у "кўз очиб кўрган" инсони билан тўйга қадар қовушган: романтик учрашув давомида севгилиси томонидан узатилган спиртли ичимлик тўлдирилган бир неча қадаҳдан сўнг, у эртасига нима рўй берганини кўради ва "тақдир шу экан, нега унга турмушга чиқмай" деган қарорга келади.

Аёлнинг айтишича, шафқасиз калтаклар илк ҳомиладор бўлган вақтидан бошланган. Муҳайёнинг турмуш ўртоғи ҳисобланмиш Фахриддин учун сабаблар ҳам керакмас эди. У шунингдек, аёлининг қўлига ҳеч қачон пул тутмаган. "Пул - ёмон, у аёлни қутуртиради", деган гапни такрорлашни хуш кўрган.

"Шундай яшардик. Мен уйдагилар юзини қора қилишдан қўрққаним учун эримнинг калтакларига чидардим. Таҳқирланишим, камситилишим, мунтазам калтакланишим ҳақида онамга деярли айтмасдим. Бир-икки айтганимда ҳам, "чида, қизим, ҳаммаси ўтиб кетади", деганлар. Ортга йўл йўқ эди", - дея ҳикоя қилади турмушининг илк йиллари ҳақида Муҳайё.

Эр-хотин иш топиш илинжида маълум вақтга Тошкентга келади. Бу ерда Фахриддин "Халқлар дўстлиги" саройида барменлик қила бошлайди. Худди шу кунларнинг бирида мунтазам бўладиган оилавий жанжаллар қаторига, группавий сексга мажбурлар ҳолати ҳам қўшилади.

"Мен бу ҳақда ҳозиргача ҳеч кимга айтолмаган эдим. Ҳатто энг яқинларим - онам ва опаларимга ҳам. У менга яна иккита эркакни ётоғимизга олиб келишни хоҳлаганини айтганида, аввал даҳшатдан шокка тушиб, агар шундай қилсангиз, ўзимни ўлдираман, деб ундан бундай қилмасликни йиғлаб, ёлбориб сўраганман. У мени шу учун ҳам кўп калтакларди", — деб хотирлайди Муҳайё.

Бегона юрт сари бахт излаб

2019 йилнинг май ойида оила пул топиш илинжида Россияга йўл олади. Бошида патент, квартира ижараси ва ҳоказолар учун Муҳайёнинг опасидан қарз олиб туришади.

"Патентим тайёр бўлиши билан ресторанларнинг бирига идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишга кирдим. Иш ҳақим кунлик бериларди - 1300 рубл олардим. Бу пуллар патент ва регистрация учун тўлов, яшаш ва эримнинг майда-чуйда харажатларига етарди. Икки ой ўтгач, у мени машина сотиб олишга кўндирди - пицца ташисам, пул топаман, ҳаётимиз яхшиланади, деган ваъдаларидан кейин яна қарз олиб, эскироқ "Матиз"ли бўлдик. Аммо эрим менга шундан кейин ҳам ойлигини кўрсатмади", - дейди Муҳайё.

Аксинча, энди унинг янги талаблари пайдо бўлади. Фахриддин ўз хотинига шим ва очиқ кофталар кийишни таъқиқлайди.

"Кунларнинг бирида, ишдан қайтсам, эрим кроватда ўтириб, пичоқ билан бор кийимларимни бурдалаб ўтиргани устидан чиқдим. Ҳайратдан қотиб қолдим, аммо бу сафар ҳам индамадим, ишга узун кўйлак ва рўмолда қатнай бошладим", - дейди аёл.

Иш берувчилар Муҳайёни ишга расмийлаштиришга қарор қилиб, маош энди кунда эмас, балки ойда бир марта берилишини эълон қилган кун оилада яна жанжал авж олди. Турмуш ўртоғи аёлни пулни ундан қизғанишда айблаб, йўқ жойдан уруш чиқаради ва Муҳайёга ҳатто пичоқ билан таҳдид қилади.

Фахриддиннинг танишлари ҳам ундан ўзгаришларни аллақачон пайқашган эди. Танишларидан бири Муҳайёга қўнғироқ қилиб, ундан ўзига эҳтиёт бўлишни сўрайди. Келинчакни қўрқув босади, у ҳамкасблари билан боғланиб, самолётга чипта олишга ёрдам беришларини сўрайди.

Кутилмаганда уйга кириб келган Фахриддин хотинининг телефонига sms келганини кўриб, қўлидан юлиб олади ва хабарни овозини чиқариб ўқийди: "Сизга чипта топдик, бизга қўнғироқ қилинг". Фахриддиннинг афт-ангори ўзгариб: "Хўш, қаерга отландинг?", - сўрайди Муҳайёдан. Шундан кейин рўй берган воқеаларни аёл бугун ҳам титроқ босган ҳолатда эсга олади.

"Ҳаммаси тамом, деб ўйлагандим"

Муҳайё эри жанжал кўтармаганига аввалига ҳайратланди ҳам. Фахриддин ундан шунчаки кийинишни сўрайди ва кўчага айлантириб келишини айтади.

Уй эгаси ўртада рўй бераётган воқеалардан хабардор бўлгани учун, Фахриддиндан дарҳол Муҳайёни қаёққа олиб кетаётганини сўрайди. Эркак унга бармоғини текизмаслигини айтиб, онт ичади. Эҳтимол, шу қасам Муҳайёни ажалдан сақлаб қолади ҳам.

"Шаҳардан ташқарига чиқишимиз билан у машинани жуда катта тезликда ҳайдай бошлади - дачалар, поселкалар, ўрмонзор кўз олдимда бир-бир алмашарди. Аввалига нима рўй бераётганини тушунмадим. Ниҳоят, у ўрмонзор ичига қараб ҳайдади ва бир жойда машинани тўхтатди. Кутилмаганда қўлидаги калит билан бошимга ура кетди. Сўнг биқиним, сонларимга калитни чуқур ботириб ола бошлади. Қўлимни калит учи билан кесди", — овозида титроқ билан ҳикоя қилади аёл.

Сўнгра машинадан судраб туширди ва дуч келган жойимга тепиб, калтаклай бошлади. У мени хиёнатда айблар, "Ким билан бўлгансан, айт", дея қилмаган ишимга иқрор бўлишимни талаб қиларди. Орадан ундан ва қизларимиздан воз кечишим кераклигини айтарди. Кўз ёшларим, қасамлар, ёлворишлар унга умуман кор қилмасди, дейди Муҳайё.

"Дўппослашдан чарчагач, машинанинг багаж қисмидан бензил тўлдирилган бакни олиб келди ва устимдан қуйди. Ўзи эса четга ўтиб, сигарета тутатди. Дағ-дағ қалтираётганимни кўриб, беўхшов илжайди ва "Хоҳлайсанми, ҳозир шундоқ сигаретни ташлайман, "вошиллаб" ёниб кетасан?", - деди. Шу онда мен ҳаммаси тамом энди, деб ўйладим. Ундан охирги марта қизларим ва онамни кўришга имкон беришини сўраб, ялина бошлади", - дея ёдга олади Муҳайё.

У ҳозиргача, ўшанда эрини қотилликдан нима тўхтатиб қолганини билмайди. Аммо, аёлнинг юз-қўлларини ўзи кўтариб келган беш литрли сувда ювиб, машинани юрғизмоқчи бўлганида, Муҳайёни калтаклашда "қурол" сифатида ишлатилган калит синиб кетади ва "Матиз"ни ўрмонзорда қолдиришга тўғри келади.

"У курткасини ечиб, менга кийдирди, капюшони билан моматалоғи чиққан юзимни беркитди ва шу алфозда катта трассага етаклаб чиқди. Йўловчи машиналарнинг бирида уйга қайтдик", - дея ўз ҳикоясини давом эттиради Муҳайё.

Келинчакни бу аҳволда кўриб, квартира эгаси Фахриддинни уйдан кўчага қувиб солади ва полиция чақириш билан пўписа қилади.

Зўравондан қурбон чиқди

Муҳайёнинг айтишича, шундан сўнг у бир неча кун давомида кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолади. Бошидаги ёриқлар, бурнидаги кўкариш бироз яхши бўлгач, уй эгаси унга Ўзбекистонга қайтиш кераклигини маслаҳат бериб, чипта олишга ёрдамлашишини айтади. Сумкасини очган Муҳайё, ҳайратдан донг қотади, Фахриддин уйдан қувилган куни хотинининг барча ҳужжатларини ўзи билан олиб чиқиб кетган экан. Устига-устак, "хотинимни Ўзбекистонга юбормоқчиман", деган важ билан Муҳайёнинг ишхонасидан ойлигининг қолган қисмини ҳам олишга улгургани маълум бўлади. Шундан сўнг чиндан полицияга мурожаат қилишга тўғри келади. Фахриддин қўлга олинади, ҳужжатлар аёлга қайтарилади. Орадан бир неча кун ўтгач, эр ватанга учиб кетади, пулсиз қолган аёл қарз олиб йўл машинада қайтишдан ўзга чорани тополмайди.

Ватанда, Жиззах вилоятида Муҳайё нимаики бўлмасин, золим эр билан ажрашишга қарор қилади. Аммо аёл ҳозирча кўмакка муҳтож. Муҳайёнинг айтишича, турмуш ўртоғи унинг маҳалласига келиб, гўёки хотини опаси билан биргалашиб унинг бор будини шилиб олиб, уйдан қувиб солгани ҳақида миш-миш тарқатган. Эр барча инстанцияларга қатнаб, Муҳайё устидан шикоят қилмоқда, ва аёвсиз калтакланган Муҳайё эмас, ўзини "қурбон" қилиб кўрсатмоқда.

Келинчак бугун икки қизини онаси ва опаси кўмагида тарбияламоқда. Муҳайё эри билан қонуний ажрашишни ва барча азобларни эсдан чиқаришни истайди. У маҳалладаги профилактика инпекторига мурожаат қилган, аммо ҳеч қандай ёрдам ёки маслаҳат олмаган. Аёл яшайдиган шаҳарчада зўравонликка учраган аёллар учун реабилитация маркази мавжуд эмас. Муҳайё шунга ишонадики, агар ўзи каби зўравонлик қурбони бўлган аёллар ўзларини қийнаётган муаммолар ҳақида гапирсалар, жамият ҳам, тегишли хизматлар ҳам бунга бефарқ бўлмайди, тўлиқ қўллаб-қувватлашади.

Sputnik Ўзбекистон жарбдийдага кўмаклашиш мақсадида Республика хотин-қизлар қўмитаси билан боғланди. Ташкилот мурожаатни қабул қилди ва шу заҳоти иш материалларини Жиззах хотин-қизлар қўмитасига йўналтирди. 24 октябр ҳолатига кўра, Жиззах хотин-қизлар қўмитаси вакиллари Муҳайё билан телефон орқали боғланишган ва бўлиб ўтган воқеаларни ўрганиш, аёлга қандай кўмак кераклигини аниқлаш мақсадида уни ўз идораларига чақиртиришган.

Муҳайё нафақат юридик, балки психологик кўмакка муҳтож.

Sputnik таҳририяти воқеа ривожини кузатиб боради.

Асосий мавзулар