11:21 18 Ноябр 2019
Эфир
  • RUB148.82
  • EUR10455.03
  • USD9490.77
Жилые дома в Ташкенте

Кўп квартирали уйлар, ширкат ва эксперимент: янги қонун имзоланди

Foto / Илья Буяновский
Жамият
Ҳавола олиш
141 0 0

Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 майгача Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида кўп квартирали уйларни бошқаришда ушбу Қонун нормаларини апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказади.

ТОШКЕНТ, 8 ноя – Sputnik. “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонун президент томонидан имзоланди, деб хабар қилди Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали.

Қонунда кўп квартирали уй, умумий мол-мулк каби тушунчалар очиб берилди.

Жумладан, кўп квартирали уйга туташ ер участкасига ёхуд бундай уйдаги умумий фойдаланиладиган жойларга мустақил чиқиш йўлакларига эга бўлган икки ва ундан ортиқ квартиралар мажмуи кўп квартирали уй ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, кўп квартирали уйни бошқариш усули кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади.

Кўп квартирали уйни бошқариш қуйидагилар томонидан амалга оширилиши мумкин:

- бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан;

- юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот томонидан ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган бошқарувчи томонидан шартнома асосида;

- битта ёки зич жойлашган бир нечта кўп квартирали уйда турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорларини бирлаштирувчи уй-жой мулкдорларининг ширкати бўлган нотижорат ташкилот томонидан.

Шунингдек, Қонунга кўра, умумий мол-мулк жойларнинг мулкдорларига умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.

Агар умумий мол-мулкнинг бошқа шахсга берилиши ёки фойдаланиш учун ўтказилиши бошқа мулкдорларнинг ўз мулк ҳуқуқларини амалга оширишини чеклайдиган бўлса, у бошқа шахсга берилиши ёки фойдаланиш учун ўтказилиши мумкин эмас.

Қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 майгача Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида кўп квартирали уйларни бошқаришда ушбу Қонун нормаларини апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказади.

Ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича 2020 йил 1 июнга қадар бўлган муддатда ушбу Қонун нормаларини янада такомиллаштириш ва уни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш тўғрисида Қонунчилик палатасига таклиф киритилади.

Ушбу Қонун 2020 йил 1 августдан эътиборан кучга киради.

Асосий мавзулар