12:19 25 Сентябр 2020
Эфир
  • RUB136.28
  • EUR12210.60
  • USD10315.62
Жамият
Ҳавола олиш
Рус Самарқанди: Sputnik Ўзбекистон махсус лойиҳаси (4)
146920

СССР тарқалиб кетганидан сўнг рус номлар Самарқанд харитасидан йўқ бўлиб кетди, лекин ҳозир вазият ўзгармоқда – шаҳарда Михаил Иванович Невесский номига хотира тахтачаси пайдо бўлиши мумкин. Айнан шу инсон Самарқанддаги яшил бульварни яратган ва боғларни барпо этган

"Рус Самарқанди" атамаси XIX асрнинг иккинчи ярмида, Туркистоннинг ушбу вилояти Россияга қўшилгач, пайдо бўлган. Дастлаб генерал Кауфман бошчилигидаги рус қўшинлари эски қалъа ҳудудида жойлашишган эди. Кейинчалик эса қалъа ҳудуди қайта қурилиб, у ерда "Самарқанднинг рус қисми" қуриш режаси ишлаб чиқилади. Атрофдаги маҳаллий аҳолига тегишли ерлар, боғлар сотиб олиниб, янги қурилиш бошланади.

XIX аср охири XX аср бошида қурилган кўплаб уйлар ҳалигача Самарқандни безаб турибди. Марказий бульвар эса, бир неча бор номини ўзгартириб, ҳозир "Университет бульвари" бўлган. Бу ер шаҳарнинг марказида жойлашган бўлиб маҳаллий аҳоли учун шинам сайҳлгоҳ бўлиб хизмат қилади.

Албатта, Регистон майдони ва унинг атрофидаги масжид ва мақбаралар, Амир Темур даври ёдгорликлари -  Шарқнинг ҳақиқий дурдонаси бўлган ва шундай бўлиб қолади ҳам. Лекин айнан шу ердан, шаҳарнинг мусулмонлар яшаган қисмидан “рус” бульвари бошланади.

Рус амалдори ҳақида бир сўз

Самарқанд  Давлат университеттининг рус филологияси факультети доценти Рубен Назарьян бутун умри давомида Самарқанднинг Революциягача бўлган тарихини, унинг айтиши бўйича колониал, рус даврини ўрганиш билан шуғулланади. У ушбу мавзуда китоблар ёзган, Россия ва хорижий телекомпаниялар билан ҳамкорлик қилган.

Университетга, унинг иш жойига борсак – у йўқ экан, беморлиги туфайли больничнийда эканлиги маълум бщлди. Унга қўнғироқ қилганимизда: "Менда жуда қизиқ янгиликлар бор, улар ҳақида ҳали ҳеч ким хабар қилмаган”, деб қолди. Бироз вақт ўтиб унинг шаҳар чеккасидаги хонадонига етиб бордик. У бизни қаҳва билан сийлаб, шаҳарда юз бераётган янгиликлар ва янги президент билан келган ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилиб берди. 

"Рус Самарқанди ҳақида мен ҳаммадан кўп ёзганман – бутун умрим давомида архивлар, китоблар, замондошлар кундаликлари орқали Самарқанднинг рус даврини  ўрганганман. Сўнгги йилларда янги президент келганидан сўнг ушбу мавзуда тўлақонли ишлаш учун имконият пайдо бўлди. Олдин СССР даврида ҳам, ундан сўнг ҳам бу мавзуда чекловлар бор эди", - дейди Назарьян. 

Тарихий маълумотлардаги ноаниқликларни тўғрилашни, революциягача фаолият юритган рус арбоблари номларини абадийлаштириш масаласида маслаҳат сўраб унга бир неча маротаба мурожаат қилишган. Ҳозир ушбу жараёнда бироз олдинга силжиш кузатилмоқда.

"Бир неча ой олдин дарс ўтаётган эдим, кутилмаганда ҳокимиятдан қўнғироқ қилиб қолишди. Сабабини тушунтирмасдан  “Сиз дарҳол бу ерга кела оласизми?", дейишди. Борсам. у ерда 30га яқин одам ниманидир муҳокама қилишаётган экан. Улар шаҳар марказида бульвар ва ундан бошланган кўчаларни қуриш режасини тузган ва бу ерда кўплаб яшил дарахтлар ўтқазган мутахассис – Михаил Иванович Невесскийга у яшаган уйда ёдгорлик тахтачаси қўйишмоқчи экан. Бу бинода ҳозир ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё изланишлари институти жойлашган”, - деб ҳикоясини бошлади Рубен Назарьян.

Ўшанда унга Невесский ҳақида батафсил маълумот тўплаш кераклиги ҳақида хабар қилишади. Бунга жавобан у бунинг Тошкент, балким Россияга боришга тўғри келиши мумкинлигини хабар қилган. Ташрифнинг молиявий ва ташкилий томонлари ҳал бўлгандан сўнг Назарянга Москва, Санкт-Петербург ва Сочига боришга тўғри келган.

Излари йўқолган бўлсада, баъзи маълумотлар бор  

Июл ойида Рубен Назарян узоқ командировкага отланади. Дастлаб Тошкентга йўл олади. Россия амалдорининг тақдири анча мураккаб бўлиб чиқади.

Дом Михаила Невесского, где располагается Международный институт Центральноазиатских исследований при ЮНЕСКО
Дом Михаила Невесского, где располагается Международный институт Центральноазиатских исследований при ЮНЕСКО

Невесский Украинанинг қишлоқларидан бирида туғилган. Унинг отаси ўзини дворян қилиб кўрсатишга уринсада, аслида кичик лавозимда ишлаган амалдор бўлган. Невесский 12-13 ёшда бўлганида Киев яқинида боғдорчилик ва ер хўжалиги мактаби очилади. У ерга оддий оилалардан болаларни қабул қилиб, бепул таълим беришар эди. Бўлажак ландшафт дизайнери Невесский у ерда 6-7 йил ўқиб боғдор дипломини олади.

“Кейин нима бўлганини тушуниш жуда қийин – қандайдир ғалати равишда Невесский 19 ёшида Петербургда император боғига боғбон бўлиб ишга киради. Бир йил ўтиб эса, у Туркинстон генерал-губернатори фон Кауфманга хат ёзиб ўзи ҳақида ҳикоя қилиб беради ва унинг соғлиғига Петербургнинг совуқ ҳавоси тўғри келмаслигини ва уни ўз ёнига чақиришини сўрайди ва Кауфман бунга рози бўлади”, - деди изланувчи-ўқитувчи. 

Шундай қилиб Невесский дастлаб Тошкентга, 3 йилдан кейин Самарқандга келади. Бу ерда у 30 йилдан ортиқ ишлайди. Самарқандда бугун соя солиб турган улкан чинорларни айнан Невесский ўтқазган. Ундан ташқари у Омон-Қўтон қилшлоғида ҳам ўрмон хўжалиги ташкил қилган.

Шаҳарнинг мусулмон қисмидан рус қисмигача бўлган бўш жойда дарахтлар экиш учун Михаил Иванович бутун дунёдан дарахт кўчатларини олиб келиб, уларни дастлаб кўчатхонада парвариш қилган. Дарахтлар иқлимга мослашганидан сўнг шаҳар кўчаларига ўтқазган.

“Мен аниқлашимча, Невесский Самарқандга 1870 йилда келган. Ўз лойиҳаси бўйича Бульварда уй қурган. Кейинчалик у давлат хизматида "Статский советник" даражасигача кўтарилган. Бу генерал билан бир хил дегани. Лекин унинг ўзи жуда камтар инсон сифатида қолган. Кейинчалик у жойларда баъзи камчиликларни кўриб, амалдорларининг қалбаки ҳисоботлари ҳақида Тошкент ва Петербургга хабар қилган. Бу эса унинг карьерасига нуқта қўйилишига сабаб бўлган. Унга Самарқандда хотиржам қолишга имкон беришмаган”, - дейди Назарьян.

Университетский проспект в Самарканде
Sputnik / Дильшода Рахматова
Университетский проспект в Самарканде

Оқибатда 1908 йилда у Сочига кўчиб кетади. У ерда ҳукумат унга ер ажратиб беради.

Хотира тахтаси баҳорда пайдо бўладими?

Ўзбекистонлик изланувчи-домла Сочига ҳам боради, лекин у ерда ҳам Невесскийнинг изларни топа олмайди. Маҳаллий қабристонда унинг қабрини ёки насроний епархиясидан ҳам 50 йиллик ҳужжатларни ахтариб Невесский ўлими ҳақида маълумот топа олмайди.

Назарян Невесский ҳаётини фақат 1916 йилга қадар кузатиб боришга муваффақ бўлади ва унинг ягона ўғли бўлганини ва набираси фон доктори бўлганини аниқлайди.

“Невесский Сочидан Москва ёки Санкт-Петербургга кетган, лекин у ерда ҳам у ҳақида ҳеч нарса топишнинг иложи бўлмади. Муаммо шундаки, у Самарқандда давлат хизматини тарк этган. Шундан сўнг Россия пойтахтида унинг ҳаёти ҳеч кимни қизиқтирмаган”, - дейди Назарян.

Қидирув вақтинча тўхтатилган, лекин умид йўқолган эмас...  

Самарқанддаги Невесский уйида хотира тахтачаси ўрнатиш масаласига келсак, у ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё изланишлар институти журналида Невесский ҳақида мақола чоп этилганидан сўнг ўрнатилади. Бу келаси йил баҳорда рўй бериши керак.

“Ҳукумат Самарқанд учун жуда кўп иш қилган рус амалдори хотирасини абадийлаштирса жуда яхши бўларди. Бизнинг шаҳарда русча ном билан аталувчи ягона кўча бор – Пушкин кўчаси. Уни шоирнинг 100 йиллиги муносабати билан аташган ва шундан сўнг  номини ҳеч ким ўзгартирмаган. Шунингдек, вилоят кутубхонаси 1937 йилдан буён рус мумтоз шоири номида. Агар Михаил  Иванович Невесский номи ҳеч бўлмаса хотира тахтачаси ёрдамида абадийлаштирилса – бу катта иш бўларди", — дейди Назарьян.

Унинг сўзларига кўра, руслар турли даврларда Самарқанд ривожланишига катта ҳисса қўшишган ва буни унутиш ноҳақлик бўлган бўларди.

Мавзу:
Рус Самарқанди: Sputnik Ўзбекистон махсус лойиҳаси (4)

Асосий мавзулар