12:50 28 Январ 2020
Эфир
  • RUB153.89
  • EUR10541.66
  • USD9563.33
Жамият
Ҳавола олиш
54020

Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда шахсни ушлашда мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартибини ўрнатишни таклиф қилди.

ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида фуқарони ушлаш вақтида мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартибини жорий этишни топширди.

Президент бу ҳақда Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда маълум қилди.

Президент ўтган уч йилда жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тизими яратилганини таъкидлади. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига рухсат берилди. Тинтув жараёнини, олинган кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видео тасвир орқали қайд этиш шартлиги қонуний асосда белгиланган эди.

“Бироқ аҳоли билан мулоқотлар ҳуқуқ бузилиши хавфи бўлган бошқа ҳолатлар бўйича ҳам шундай чораларни қўллаш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолатни ҳам мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартибини ўрнатиш зарур”, - деди президент.

У ушланган шахс махсус бинога олиб келинганидан кейин бу ҳақда унинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши кераклигини таъкидлади. Давлат раҳбари буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этди.

“Бундан ташқари, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтиш зарур. Бу жараёнда инсон омили иштирокини иложи борича камайтириш лозим”, - деди Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, келгуси йилдан бошлаб прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилади.

“Шу орқали суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида мувозанатни, яъни ўзаро тийиб туриш тамойилларини таъминлаш имкони яратилади. Бундай муҳим ўзгариш ҳам бизнинг тажрибамизда биринчи марта жорий этилмоқда”, - деди президент.

Давлат раҳбари илгари прокуратура идоралари ниҳоятда ёпиқ, назоратдан холи бир органи бўлгани сир эмаслигини айтди.

“Бунинг оқибатида қанча-қанча одамлар ноҳақ жабр чеккани, адолатсизликка дучор бўлгани ҳам айни ҳақиқат. Қанчалик оғир ва нохуш бўлмасин, биз шу ҳақиқатни тан олиб, бу соҳада қонунийлик ва адолатни қарор топтиришга киришдик”, - дея маълум қилди Мирзиёев.

У прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш адолат мезонини мустаҳкамлашда улкан қадам бўлишига ишонч билдирди.

Теглар:
Ички ишлар органи, Ўзбекистон

Асосий мавзулар