12:45 21 Феврал 2020
Эфир
  • RUB150.07
  • EUR10319.35
  • USD9528.49
Жамият
Ҳавола олиш
1071 0 0

Ватанга қайтган террорчилар оиласининг бошидан кечирганлари кўпинча телевизион камералар ортида қолади. Тўққиз йил умри жангарилар орасида ўтган аёл бошдан кечирганларини Sputnik билан ўртоқлашди.

ТОШКЕНТ, 21 янв - Sputnik. 2019 йилда Ўзбекистон Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудларидан ўз фуқароларини қайтариш бўйича иккита инсонпарварлик амалиётини ўтказди. Натижада май ойида, ундан кейин октябрь ойида асосан аёллар ва болалардан иборат жами 220 киши ватанига қайтди.

Аммо шунга ўхшаш тадбирлар, кичикроқ миқёсда бўлса ҳам, илгари  ҳам амалга оширилган. 2019 йил апрел ойида, яъни биринчи махсус амалиётдан бир ой олдин бир аёл ва унинг етти фарзанди уйга қайтишди. Террорчилар лагерида у умрининг тўққиз йилдан кўпроқ вақтини ўтказди. Аёл бир сафар қулай фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон чегараси томон қочган.

Sputnik Ўзбекистон уни Бухорода топишга муваффақ бўлди. Бугун қайтиб келганидан тўққиз ой ўтгач, бу 34 ёшли аёлни энди радикал ислом билан ҳеч нарса боғлаб турмайди. У қора паранжини камтар одатий кийимга алмаштирди ва болалар билан бирга маҳаллий маъмурият томонидан унга берилган уч хонали шинам квартирада осуда ва хавфсиз ҳаёт кечиришга ўрганмоқда.

Биз аёлнинг ҳақиқий исмини ошкор қилмаймиз, аммо мақолада, айтайлик, Дилдора деб атаймиз.

Ҳозирда аёл Бухоро қандолатчилик цехларидан бирида ишлайди. Маҳаллий ҳокимият бу оилага жуда кўп ёрдам бермоқда: улар Дилдора ва унинг болаларига энг қисқа вақт ичида ҳужжатларни расмийлаштириб беришди, квартирани барча зарур жиҳозлар билан таъминладилар - музлатгич, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печ, телевизор, мебел, гиламлар. Аёл бепул тикувчилик курсларида ўқиб олди, тикув машинасини беришди. Дилдора бу ҳунарни ҳали тўлиқ ўрганмаганлигини тан олиб, вақтинча бошқа ишга киришга мажбур бўлди. Болалари ёзги лагерда дам олишди. Чексиз ҳарбий ҳаракатлар ва тинимсиз бомбардимонлардан кейин дунё улар учун янгича тусда очилди.

Эри учун дунёнинг нариги четига

Тинимсиз уруш - бу Дилдоранинг ёлғон ва ўлим билан тўйинган ўтмишидан қолган хотиралар. Унинг халифаликнинг қора байроқлари остида саёҳати 2005 йилда бошланган. Ўқишни тугатгандан сўнг, қиз кекса бувисига ғамхўрлик қилди. Бувисининг ўлимидан сўнг Уфага пул топгани кетган онасинининг ортидан кетди. 21 ёшга тўлганида, онаси уни тожикистонлик ишбилармонга турмушга беришга қарор қилишди.

“Онам уни билар эди. Куёвнинг ўз кичик бизнеси бор эди. Биз турмушга қурдик ва у мени Тожикистонга олиб кетди. Бир йил ўтгач, бизнинг бир қизимиз, яна бир йилдан кейин бир ўғлимиз туғилди. Кейин учинчи фарзандимиз ҳам дунёга келди. 2010 йилда эрим Туркияда ишлагани кетишга қарор қилди. Мен у пайт нима бўлаётганини тушунмаган эдим”, - дейди аёл.

Туркияда эр-хотин атиги икки кун бўлишди. Эркак иш йўқлигини важ қилиб, Эронга боришни режалаштирганини маълум қилди. Эрини ишонтиришга уринишларининг муваффақиятсизликка учраганидан кейин Дилдора таслим бўлди.

Эронда уларни қирғизистонлик Абдуллоҳ Шавкат кутиб олди. Бу ерда улардан телефонларини, ҳужжатларини олиб қўйишиб, Салоҳиддин исмли ўзбекистонликнинг уйига олиб боришди. Бу ерда аёл эридан у одамларнинг исмларини ва бу ерга аслида нима мақсадда келганларини билади.

“Турмушимиз даврида у ҳеч қачон ўзининг ўта диндорлигини кўрсатмади. Ҳа, биз маросимлар ўтказар эдик, намоз ўқирдик, лекин умуман олганда у миллионлаб мусулмонлар сингари жуда оддий одам эди. Мен унинг режаларидан ҳайратда қолдим ва йўлдан қайтаришга уриндим. Аммо у мен хоҳлаган вақтда кетишим мумкинлигини айтди, лекин фақат ёлғиз, болаларсиз”, деб эслайди аёл.

У жажжи гўдакларидан воз кечишга журъат эта олмади, эри билан бегона юртда қолди.

ИШИД* байроқлари остидаги махфий йўллар сари

Бир неча кундан кейин Покистоннинг шимолий-ғарбий қисмидан - ўзини Вазиристон деб эълон қилган давлат ҳудудидан - дала қўмондонларидан бири уларнинг қишлоғига келди. У аёлларни болалари билан йиғиб, уларни Афғонистоннинг Забул вилоятига олиб борди.

Дилдоранинг сўзларига кўра, аёлларнинг у ерда ҳуқуқлари бўлмаган, уларга бир буюм каби муносабатда бўлишган. Чегарани кесиб ўтаётганда, эркак аёлига ўз ҳуқуқларини кўрсатиши кифоя қилар эди ва бу ҳар қандай текширув учун етарли бўлади. Шундай қилиб, улар чегарани осонгина кесиб ўтишди, икки кундан кейин эса эркаклар уларнинг ортидан етиб боришди.

“Биз Афғонистонда кўп вақт ўтказмадик. Бир неча кундан сўнг, бизнинг йўлбошчимиз Ахтар бизни ноқонуний равишда Покистоннинг Мироншоҳ қишлоғига олиб борди. У ерда бизни ЎИҲ* (ИШИДга содиқликга қасамёд қилган Ўзбекистон Ислом Ҳаракати – Россия, Ўзбекистон ва бир қатор давлатларда таъқиқланган) аъзолари кутиб олишди. Маълум бўлишича, улар андижонлик эканлар. Улар эримни сўроқ қилишди: биз қаердан ва нима сабабдан келганмиз, ким ёллаган - улар бизни бирор бир махсус хизматнинг агенти бўлиб чиқишимиздан қўрқишган”, - дея тушунтирди у.

Текширувдан муваффақиятли ўтиб, уларни Мир Али шаҳрига олиб кетишди. Бу ерда Дилдора ва унинг эри 2014 йилгача бир тўлиқ оила бўлиб яшадилар, уларнинг яна тўртта фарзанд дунёга келди.

Бомбардимонлар остида ҳаёт ва фарзанд ўлими

Шаҳар ҳукумат кучлари томонидан қуршаб олинган, аммо улар билан тўқнашувлар бўлмаган. Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, эркаклар бошқа жойларда жанг қилишган. Аммо террорчилар ҳукумат армиясига зарба бериб, бу ерда кечаётган тинчликни бузишди. Жавоб натижасида террорчилар қочишга мажбур бўлишди. Оддий фуқаролар билан аралашиб кетиш амалиёти ёрдам бермади, деб эслайди аёл.

“Ярим тундан кейин вертолётлар учмас эди. Ўша пайтда аёлларни бир нечта гуруҳларга бўлиб олиб кетишар эди. Аввал бир қишлоққа, кейин бошқасига. Эркаклар бу жойлар учун курашар эдилар ва у ерда мустаҳкам ўрнашишга умидларини йўқотмас эдилар. Мен бошқа аёллар билан мужоҳидлар марказида яшадик. Қоидаларга кўра, эрлар уришаётган маҳалда, уларнинг хотинлари бир жойда бирга бўлишлари керак. Бир эркак қайтиб келса, у оиласини олиб кетади ва улар алоҳида яшашади. Бир неча ҳафта ўтгач, эрим келиб бизни олиб кетди ва биз ташлаб кетилган уйлардан бирига жойлашдик”, деб эслайди Дилдора.

Кўп ўтмай, АҚШ разведкаси террорчилар турган жойини аниқлади. Кечаси содир этилган авиазарба натижасида аёл бир фарзандини йўқотди. Аммо у ҳалоқ бўлган боласига аза тутишга вақт тополмади.

Янги дарбадардиклар ва эрининг ўлими

Бомбардимонлардан кейин аёллар Афғонистонга олиб кетилган. Аллақачон куз келган эди. Аввал уларни толиблар* орасига - аввал Фарёб вилоятида жойлаштиришди, кейин ҳукумат кучлари ноқонуний муҳожирларни аниқлаш бўйича кенг кўламли операцияларни бошлаганларида, уларни тоғли аҳоли пунктларидан бирига олиб боришди.

“Фарёб чўл зонасида жойлашган бизни эса тоғлар орасига жойлаштиришган. У ерга микроавтобусда саккиз соатдан кўпроқ вақтда етиб борганмиз. Бу ерда биз бир киши оиласини олиб кетгани келмагунича икки ой яшадик. У мени олти фарзандим билан кўриб бизни олиб кетди – у бизга ёрдам бермоқчи эди. У бизни ўз уйининг иккинчи қаватида жойлаштирди. Биринчи қаватда у ўз оиласи билан яшар эди”, дея давом этади Дилдора.

Икки ой ўтгач, унга эрини Афғонистон-Покистон чегарасида оиласига қайтаётганда жарликка қулаб ўлгани ҳақида хабар берилди. Тўрт ой ва ўн кун давомида Дилдора мотам тутди, кўчага чиқмади. Ўзларининг пуллари йўқ эди, лекин уларга овқат олиб келишар эди. Ҳукумат кучлари бу жойларда махсус амалиёт бошлагунига қадар бундай ҳолат яна икки ой давом этди.

“Бизни Туркманистон билан чегарадош ҳудудга олиб келишди. Улар зарурият туғилганда қочишимиз учун доимо ҳушёр бўлиб, кийимда ухлашни талаб қилишар эди”, - дея тушунтирди аёл.

Иккинчи турмуш ва уйдан қочиш

2016 йил сентябр ойида Афғонистонда у иккинчи марта турмушга чиқди. Эркак Намангандан бўлиб, ундан 15 ёш катта эди. Унинг аллақачон оиласи, фарзандлари, неваралари бўлган, Дилдора иккинчи хотин бўлган.

“У бизни яна болаларимиз билан Фарёб вилоятининг аҳоли пунктларидан бирига олиб борди. 2017 йилда мен қиз туғдим. Мен унга бундан буён шундай яшай олмаслигимни ва уйдан чиқиб ватанимга кетиш ниятим борлигини айтдим. У буни қилишга рухсат бермади, у ҳолда қизимни ўзи билан олиб қолишлигини айтди”, - дейди Дилдора.

Бу ерда шунча вақт ичида унда оз-моз пул ишлаш имконияти топилди: уяли телефонларини ишлата олмаган маҳаллий аҳоли ундан ёрдам сўрашар эди, миннатдорчилик эвазига пул беришар эди. Етарли миқдорда пул йигиб йиғиб, у телефон сотиб олди.

“Мен Бухородаги отам ва қариндошларимга қўнғироқ қилдим, Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчихонаси, Мозори-Шарифдаги консуллиги билан боғландим. Бир куни эрим уйда бўлмаганида, болаларимни олиб, чегара томонга югурдим. Ватанимда мени қамашади деб ўйлардим, аммо бу мен учун бу энди муҳим эмас эди”, - дея эслайди суҳбатдош.

Бу вақтга қадар керакли ҳужжатларни тайёрлаган консуллик ходимлари уларни кутиб олиб, Ўзбекистон чегарасига олиб боришди. Нариги тарафда уларни оломон кутиб олди, у ерда журналистлар, видеокамералар ...

Бухорода отаси ва қариндошлари кутишган, аммо онадан бир йилдан бери ҳеч қандай хабар йўқ ва у қаерда ёки у билан нима бўлганлигини ҳеч ким билмайди.

Янги ҳаёт

Бугунги кунда Дилдоранинг етти нафар фарзанди бор. Катта қизи 13 ёшда, энг кичиги эса атиги икки ёшда. Улар давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар шароитида, ҳеч қандай, оддий бўлса ҳам, тиббий ёрдамсиз туғилганлар. Уларнинг онаси бир вақтни ўзида ҳам шифокор, ҳам доимий бомбардимонлардан сақлаган тирик қалқон бўлган.

Барча синовлардан сўнг, ёш аёл ва унинг контузия натижасида қулоқларидан бирида кар бўлиб жабрланган фарзандларидан бири каби, соғлиғини йўқотди. Фарзандлари билан ҳали ҳам психологлар ва ўқитувчилар шуғулланишмоқда, чунки уларнинг ҳеч бири ҳали мактабга бормаган. Уларнинг барчаси тўлиқ тиббий кўрикдан, режали кўриклардан ўтди ва зарур ёрдам олишди.

“Мени алдашди. Тўққиз йил давомида мен гаровда эдим, зўравонликда эдим, тунлари ухламадим. Атрофимда доим отишмалар, бомбардимонлар бўлган. Мен ўз фарзандларим учун шу ишлардан омон қолганман ва буни ҳеч кимга раво кўрмайман. Мен авваллари бу ҳаёт ҳақида ҳеч нарса билмаганман ва билишни ҳеч қачон хоҳламаганман”, - дея сўзларини якунлади Дилдора.

Бошидан кечирган даҳшатларини эслаб, аёл ватандошлари ва умуман қиз ва йигитларни ёлғон ташвиқотларга берилмасликка ва уларни ўз тақдирларини бузмасликка чақиради.

* - Россия ва бошқа бир қатор мамлакатлар ҳудудида тақиқланган террористик ташкилот (гуруҳ)

Асосий мавзулар