01:56 08 Август 2020
Эфир
  • RUB137.46
  • EUR12021.09
  • USD10209.86
Жамият
Ҳавола олиш
141830

Шавкат Мирзиёев Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи билдирилди. Янги вазирлик маҳалладан тортиб республика даражасигача 40 мингдан ортиқ ходимни бирлаштиради.

ТОШКЕНТ, 12 фев – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Президент маҳалла тизимидан халқ ҳам, давлат ҳам тўла рози эмаслигини, бу соҳада камчилик ва долзарб масалалар кўплигини таъкидлади. 

Хусусан, маҳаллаларда 18 мингдан ортиқ ходим фаолият кўрсатиб келаётган бўлса-да, уларнинг иши самарали ташкил этилмаган. Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизим йўлга қўйилмаган. Оқибатда айрим маҳаллаларда нотинч оилалар, ҳуқуқбузарликлар кўпайган. Шунингдек, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари учраётгани жуда ачинарли.

Йиғилишда оилавий ажримлар, ёшлар саломатлиги, эрта туғруқлар, маънавий-ахлоқий тарбия билан боғлиқ муаммолар кўрсатиб ўтилди. 

““Оила – муқаддас” деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиб, минг йиллик миллий қадриятларимиз завол топар экан, бу каби оғриқли ҳолатларни камайтириб бўлмайди. Бунинг учун маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак. Чунки фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз, агар истаса, жамоатчилик билан биргаликда ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, хато қилган ёшларни тўғри йўлга солишга қодир,” – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда маҳаллаларнинг ўзида ҳам қатор муаммолар борлиги қайд этилиб, уларни қўллаб-қувватлаш, маҳалла идораларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Масалан, бугунги кунда 1 минг 234 та фуқаролар йиғини турли ташкилотлар ёки тадбиркорларга тегишли биноларда жойлашган. Яна мингдан зиёди ижтимоий муассасаларда, 78 таси қўшни маҳалла йиғинлари биноларида фаолият кўрсатмоқда, 48 та маҳалла биноси авария ҳолатида. Маҳалла бинолари учун коммунал тўловларни тўлаш бўйича мақбул ва ягона тартиб ишлаб чиқилмаган.

Маҳалла тизимида кадрлар қўнимсизлиги одатий ҳолга айланган. Маҳалла ходимларини уларга боғлиқ бўлмаган ишлар, йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилиш тақиқланган бўлса-да, бу борада сезиларли ўзгариш бўлмаяпти.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари зиммасига 200 дан ортиқ вазифа юкланган. Лекин бор-йўғи 2 та штат бирлиги билан шунча вазифани бажариш мумкинми, деб ўйлаб кўрилмаган. Ҳеч бир ҳоким ёки кенгаш маҳаллалар фаолиятининг самарадорлигини ошириш масаласини муҳокама қилмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга яқинда йўллаган Мурожаатномасида маҳалла тизимини ўзгартириш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этиш зарурлиги тўғрисида фикр билдирган эди.

Видеоселектор йиғилишида ана шу тамойилни амалга ошириш, маҳалла тизимини ислоҳ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш шартлигини таъкидлади. Ушбу улкан соҳага масъул алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Қайд этилганидек, янги вазирлик маҳалладан тортиб республика даражасигача 40 мингдан ортиқ ходимни бирлаштиради ва уларнинг “бир ёқадан бош чиқариб”, ягона мақсад йўлида фаолият кўрсатишларини таъминлайди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалаларга масъул этиб белгиланади. Вазирнинг яна бир ўринбосари кексаларни ижтимоий рағбатлантириш, ёшларда ватанпарварликни мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланади. Оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш, томорқа ва ободонлаштириш, экология, бандликка кўмаклашиш масалаларига масъул ўринбосар лавозими жорий этилади.

Вазир – “Маҳалла” жамғармасига, вазирнинг биринчи ўринбосари – “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” жамоат фондига, Кексалар ва фахрийлар бўйича ўринбосар “Нуроний” жамғармасига раисликни ҳам бажаради.

Вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари ҳоким ўринбосари ҳисобланади. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ҳудудлардаги ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари даражасига кўтарилади. Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан узвий ҳамкорликда ишлайди.

Янги тузилмада хотин-қизлар билан ишлашга устувор аҳамият қаратилади. Шу вақтга қадар хотин-қизлар қўмиталарида, маҳаллаларда меҳнат қилиб келган аёллар тузилмада фаолиятини давом эттиради, уларнинг мавқеи, моддий шарт-шароитлари ва иш ҳақи ҳам сезиларли оширилади.

   

Асосий мавзулар