16:43 07 Июл 2020
Эфир
  • RUB142.48
  • EUR11455.78
  • USD10184.73
Жамият
Ҳавола олиш
559 0 0

ID-карталар фақат Ўзбекистон ҳудудида амал қилади. Чет элга чиқиш учун биометрик паспорт олиш керак.

ТОШКЕНТ, 8 мар — Sputnik. Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан бошлаб биометрик паспорт ўрнига ID-карталар берилади. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар қилди.

Вазирлар маҳкамаси қабул қилган қарорда қайд этилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб барча янги туғилган чақалоқларга, Ўзбекистон фуқароларига, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ва Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқароларига биометрик паспорт ўрнига 10 йил муддатга ҳужжат эгасининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида идентификация ID-картаси берилади.

Таъкидланишича, ID-карталар фақат Ўзбекистон ҳудудида амал қилади. Чет элга чиқиш учун Ўзбекистон фуқаросининг чет элга чиқиш учун биометрик (“загранпаспорт”) паспорти берилади.

ID-карталарни бериш тизимли равишда 2021 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача мамлакат аҳолиси учун қўшимча юкламасиз амалга оширилади. Шу билан бирга, 2011 йилдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг илгари берилган биометрик паспортларини, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқароларининг яшаш учун рухсатномаларини алмаштириш уларнинг эгаларининг илтимосига биноан муддати тугагандан ёки муддатидан олдин амалга оширилади.

2030 йил 1 январдан бошлаб 2011 йилдаги Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспортлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Хабарда келтирилишича, ID-карталарни бериш тизимига ўтиш ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда ва фуқароларни рақамли идентификация қилиш тизимини жорий этишни жадаллаштиради.

Шунингдек, фуқароларнинг бирламчи маълумотларини Ўзбекистон вазирлик ва идораларининг ахборот тизимларига интеграциялаш жараёнини автоматлаштиради, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини осонлаштиради ва оптималлаштиради.

Эслатиб ўтамиз, ID-карта жорий этиш ва паспортларни босқичма-босқич билан уларга алмаштириш 2021 йилгача қолдирилган эди.

Асосий мавзулар