12:32 05 Июл 2020
Эфир
  • RUB145.97
  • EUR11411.48
  • USD10173.38
Жамият
Ҳавола олиш
199 0 0

Ўзбекистонда 2020 йилда 130 мингдан зиёд талабани давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш режалаштирилмоқда.

ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. 2020/2021-ўқув йилида 130 мингдан зиёд талабани давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Бу жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон президентининг “2020/2021-ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида айтиб ўтилган. 

Қарор лойиҳасига кўра, 2020/2021-ўқув йилида олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилишнинг қуйидаги умумий параметрлари кўзда тутилган.

Бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

кундузги таълим шаклига — 101 555 нафар;

сиртқи таълим шаклига — 25 863 нафар этиб;

кечки таълим шаклига — 4 368 нафар;

Магистрлар тайёрлаш бўйича — 10 643 нафар.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2020/2021-ўқув йилида таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси тасдиқланади. Давлат комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

- зарурат бўлганда, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини киритиш учун давлат буюртмаси параметрларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

- иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг, шу жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган туманларининг мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул параметрларини белгилаш;

- қарор билан тасдиқланган грант ўринлари параметрлари доирасида зарурат юзага келган ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритиш;

- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифлари асосида олий таълим муассасаларининг (ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасаларидан ташқари) нуфузи ва ҳудудий жойлашувини ҳисобга олган ҳолда базавий тўлов-контракт қийматидан келиб чиқиб табақалаштирилган тўлов-контракт минимал миқдорининг ягона кўрсаткичларини таълим соҳалари ва республика ҳудудлари бўйича белгилаш.

Қарорга мувофиқ, олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ажратиладиган ўринлар сони босқичма-босқич 2022/2023-ўқув йилига қадар 2019/2020-ўқув йилига нисбатан икки баробарга оширилади/

Шунингдек, 2020/2021-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган қизлар учун кундузги таълим шакли бўйича тасдиқланган давлат грантларига нисбатан 4 фоиз миқдорда алоҳида грант ўринлари ажратилади.

Асосий мавзулар