15:27 12 Июл 2020
Эфир
  • RUB142.48
  • EUR11455.78
  • USD10184.73
Жамият
Ҳавола олиш
732 0 0

Карантин даврида магистратура ва бакалавриат босқичи талабаларига стипендия тўланадими? Шу каби бошқа саволларга Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари ойдинлик киритди.

ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik.  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги брифингда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов коронавирус инфекцияси профилактикаси муносабати билан таътил берилиши сабабли фуқаролар томонидан берилаётган  саволларга жавоб қайтарди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

ОТМлардаги тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган талабалар карантин муносабати билан контракт пулини тўлашга улгурмаган бўлса, уларга муддат узайтириладими?

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари: 2019/2020 ўқув йилида талабаликка тавсия этилган абитуриентларга жорий ўқув йилининг биринчи ярми учун контракт пулини 2020 йил 20 мартга қадар тўлашга рухсат берилган эди. Яъни ушбу муддатга қадар контракт тўлаган абитуриент талабаликка қабул қилинади, акс ҳолда талаба бўла олмайди.

Ўзи шундоқ ҳам бу муддат истисно тариқасида 2019 йил сентябрь ойидан бери мунтазам равишда дарсларга қатнаб турган, айрим сабабларга кўра контракт пулини 2019 йил 31 декабргача тўлай олмаган абитуриентлар учун имконият сифатида берилган эди. Ҳозиргача 20 мартга қадар тўлай олмаганлик ва муддатни узайтириш ҳақида ҳеч қандай мурожаат келиб тушмади.

Агар 1 курслардан шундай мурожаат бўлган тақдирда, ушбу масала Давлат қабул комиссияси томонидан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади.

Талабаликка қабул қилиниб, биринчи семестрни якунлаган 1-босқич ҳамда бошқа барча босқичлардаги талабаларнинг контракт пулини тўлаш муддатлари олий таълим муассасасининг ректори рухсати асосида амалга оширилади.

Карантин тугаганидан кейин олий таълим муассасалари раҳбарларига тавсия қиламиз улар контракт тўлаш муддатини узайтириш бўйича ўзларининг қарорларини қабул қиладилар.

Контракт масаласида муаммо бўлмайди. Ҳар йили ҳам турли сабабларга ўз вақтида тўлай олмаганларга шароит яратиб берилган. Бу йилги ҳолатда қачон ва қандай тартибда тўлов давом эттирилиши мумкинлиги юзасидан навбатдан ташқари таътил тамомланганидан сўнг албатта хабар берамиз.

Германияга грант ютиб олганман, у ерга диплом нусхасини июль ойининг охиригача топшириш керак. Агар топширмаса грант куйиб кетади. Карантин туфайли қолдирилган дарслар кейинчалик диплом ҳимояси ва диплом олиш вақтларига таъсир қиладими?

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари: Маълумки, ҳозирда барча талабалар таътилда. Шундай бўлса ҳам дарсларни онлайн маърузалар ва мустақил таълимга мўлжалланган электрон ресурслар асосида ўзлаштириш имкониятини яратганмиз.

Қолдирилган дарсларни ўзлаштириш бўйича тегишли  чоралар кўрилади, диплом ишини ҳимоя қилиш учун ҳам ташкилий чоралар белгиланади.

Гарчи муддатлар узайтирилса, шуни ҳам айтиш керакки, нафақат Германия, балки бошқа давлатлардаги таълим муассасалари ҳам ушбу ҳолатни инобатга олишга қаратилган қарорлар қабул қилади деб ўйлаймиз.

Коронавирус туфайли қолдирилган дарслар ва олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари нима бўлади?

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари: Биринчидан, шуни айтиш керакки, дарслар ҳаммаси ҳам қолдирилаётгани йўқ. Биз олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқув дастурларимиздаги мавзуларни онлайн ўтказиб бориш тизимини йўлга қўйдик.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таътил вақтида талабаларнинг билим олиш даражасини масофадан туриб қўллаб-қувватлаш мақсадида Телеграм ижтимоий тармоғида ҳам @eduuz_online лойиҳасини йўлга қўйди.

Маълумки, олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари одатда август ойида ўтказилади. Ўша вақтга келиб вазият барқарорлашади деган умиддамиз.

Карантин даврида магистратура ва бакалавриат босқичи талабаларига стипендия тўланадими?

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари: Талабалар учун тўлаб бериладиган стипендиялар аввалги ҳолатида давом этаверади. Фақат тўлов турида ўзгариш бўлиши мумкин. Яъни кимдир ҳозиргача стипендиясини нақд пул кўринишида олиб келган бўлса, таътилда эканини инобатга олиб, уларнинг розилиги асосида пластик картасига тўлақонли тушириб берилади.

Стипендия тўлашда ҳаммага бир хил қаралади: бакалаврлар, магистратура, таянч докторантура ва докторантура босқичларида ўқиётганларнинг барчаси белгиланган тартибда стипендияларини олишда давом этадилар. Яъни стипендияли ва стипендиясиз контракт асосида ўқиётганига қаралади.

ОТМ ўқитувчиларининг барчаси меҳнат таътилига чиқишлари мумкинми? Карантин даврида уларга ҳақ тўланадими?

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари: 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчи ва ходимларининг аксарият қисми белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилади, қолган ходимларнинг фаолияти максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади.

Талабаларга ўқиш қачон бошланади? Карантин туфайли берилган таътил сабаб ёзда таътил берилмайдими?

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари: Талабаларга ўқиш бугунги кундаги коронавирус инфекцияси хавфи пасайиб, дарс ўтиш ва жамовий тадбирларни ўтказишга доир хавф-хатарлар бартараф этилганидан кейин бошланади. Бу жараён албатта оммавий ахборот воситалари орқали тегишли вазирлик ва идоралар томонидан эълон қилинади.

Карантин сабаб ёздаги таътил муддати қисқариши табиий, унинг муддати карантин сабабли берилган таътилнинг қанчалик давом этишига боғлиқ.

Сиртқи таълимдагилар, қайта тайёрлаш ва малака оширишдагиларга ҳам таътил бериладими? Апрель ойида бизда дарслар бошланиши керак эди?

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари: Таътил барчага тегишли. Нафақат кундузги ёки сиртқи таълимдаги, балки қайта тайёрлаш ва малака оширишда ўқиётган ва ўқиши лозим бўлганларга ҳам тегишли.

Апрель ойида карантиннинг давом этиш ёки этмаслиги ҳозирча бизга номаълум. Шунинг учун апрелга қадар вазиятга қараб яна қўшимча хабар бериб борилади.

Асосий мавзулар