ТОШКЕНТ, 26 мар — Sputnik. Тез фурсатларда Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганларни даволаш ва карантин учун 10 тага яқин шифохоналар қуриб битказилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра,Тошкент шаҳрида 3 та замонавий ихтисослашган тиббиёт муассасалари бунёд этилмоқда. Биринчиси, бу 144 ўринга мўлжалланган Чилонзор туманида янги қурилаётган шаҳар 3-сонли болалар юқумли касалликлари шифохонаси ва 158 ўринли шаҳар 4-сонли болалар кардиоревматология клиник шифохона бинолари яқин ойларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Яшнобод туманидаги Тошкент стоматология институтининг янги қурилаётган биносини 250 ўринли замонавий даволаш муассасасига айлантириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Бино май ойида фойдаланишга топширилади.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида карантин муассасасини жуда қисқа кунларда қуриб битказилиш чоралари кўрилмоқда.
Яна бир йирик муассаса Зангиота туманида бунёд этилмоқда. Ушбу тумандан ажратилган 27 гектар ер майдонида ўн минг ўринли шифохона қурилиши жадал давом этмоқда ва яқин фурсатларда фойдаланишга топширилади.
Шунингдек, айни пайтда Андижон, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ҳам коронавирус билан касалланганлар ва уларнинг карантини учун худди шундай муассасалар қурилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда махсус карантин объектлари қурилиши хабар қилинган эди.