06:36 06 Июн 2020
Эфир
  • RUB121.10
  • EUR10637.67
  • USD9554.22
Жамият
Ҳавола олиш
COVID-19 умумжаҳон пандемияси (893)
84110

Соғлиқни сақлаш вазирининг сўзларига кўра, асосан хорижда ишловчи фуқаролар Ўзбекистонга қайтгандан сўнг кўпчиликка касалликни юқтирган.

ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов “Ўзбекистон 24” каналида мамлакатда COVID-19 инфекциясига чалинган беморлардан бошқа шахсларга юқиш ҳолатлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, асосан хорижда ишловчи фуқаролар Ўзбекистонга қайтгандан сўнг оила аъзоларига касалликни юқтирган. Шодмонов бир қатор мисолларни келтирди.

Маълум бўлишича, 15 март куни хориждан келган фуқаро 15 нафар шахсга касалликни юқтирган.

“27 март куни Андижонда касаллиги аниқланган шахсдан ота-онасига коронавирус юққан. Унинг отаси яна 36 ҳамкасбига коронавирусни ўтказган. Ҳамкасбларидан бири 4 нафар қариндошига юқтирган. Ундан ташқари яна мулоқотда бўлганлардан 3 кишига касаллик ўтган. Биргина одамдан 46 нафар одамга коронавирус тарқаган. Афсуски, бу беморимиз касаллик белгилари бошланган бўлишига қарамасдан (шифокорларга – Таҳр.) мурожаат этмаган”, - дейди Шодмонов.

Вазирнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳридаги бемор турмуш ўртоғи билан Туркияга бориб келган, бир неча кишига вирусни юқтирган.

“Улар 8 нафар оиласи аъзосига касалликни юқтирган. Энг ачинарлиси, ота-онаси ва 7 ва 8 яшар болаларига ҳам юқтирган. Барчасини ҳозир даволаяпмиз”, - деди вазир.

Шунингдек, Шодмонов коронавирус тарқалишига сабабчи бўлган Тошкент вилоятидан бўлган бемор ҳақида маълумот берди.

“Тошкент вилоятидаги яна бир беморимиз эса 26 мартда касаллик бошланганига қарамасдан 5 кун мобайнида уйида бўлган. У фақат 30 март куни шифокорларга мурожаат қилган ва уни даволашга олдик. Айни вақтда беморни сунъий нафас берувчи (ИВЛ) аппаратига улаб қўйишга мажбур бўлдик. Унинг аҳволи ўта оғир”, - деди ССВ раҳбари.

Тошкент вилоятидаги бошқа бир бемор эса йўталиш, тана ҳароратининг кўтарилиши ва ҳатто нафас олишда қийинчиликлар пайдо бўлишига қарамай тўртта ташкилотга борган.

“Биз мажбур бўлдик ўша ташкилотларнинг барчасини ёпишга. Бунинг орқасидан 52 киши ушбу касалликни юқтирди”, - деди Шодмонов.

Вазиринг маълум қилишича, яна бир бемор учта ташкилотда ишлаётган бўлган. У сабабли 100 дан ортиқ унинг ҳамкасблари кузатувга олишган. Бемор касаллик бошланганини билгани ҳолда шунча одам билан мулоқотда бўлган.

“Бу жиноят. Била туриб шунча одамга касални юқтириш хиёнатдир”, - деди Шодмонов.

Яна бир фуқаро хорижда бўлгандан сўнг 7 нафар оила аъзосига юқтирган. У билан мулоқотда бўлган 153 шахсни кузатувда бўлиб турибди. Чунки бемор сафардан қайтиб келиб тантана қилган.

Унинг сўзларига кўра, умумий ҳисобда 7 мамлакатдан кириб келган 123 киши ва улар билан мулоқотда бўлганлар туфайли беморлар сони 390 нафарга етган.

“Энг ёмони — тўрт нафар беморимиз ким билан учрашганини сир сақлаган. Фақатгина улар билан мулоқотда бўлганларда иситма чиққандан кейин биз буни биляпмиз”, - дея қайд этди вазир.

Шодмонов яна бир мисол тариқасида Туркиядан келган эр-хотинни келтирди. Уларда шамоллаш белгилари бўлган. Аммо улар хориждан келганини айтмаган ва тиббиёт ходимларини чалғитган. Кейинчалик тест ўтказилиб коронавирус аниқлангандан кейин касални яширганларини йиғлаб тан олишган. Натижада бутун оила касалликка чалинган.

“Афсуски, беморлар орасида касаллик аниқлангандан сўнг ҳам шифокорларга қулоқ солмасдан, ўз билганини қилиб юрганлар учраб турибди. Ўзинг бутун маҳаллага юқтириб бўлдинг, керак бўлса яшириб юрдинг, хиёнат қилдинг, энди ҳеч бўлмаса шифохонага келгандан кейин шифокорларнинг айтганини қилиш керак эмасми? Йўқ, манманлик билан тавсияларга қулоқ солмасдан юрганлар ҳам бор. Мана шундай беморлардан бири ҳозир ИВЛ аппаратига улаб қўйилган, сунъий нафас бериляпти”, - дейди вазир.

Соғлиқни сақлаш вазири фуқароларга мурожаа қилиб, уларни сабр қилишга чорлади. Унинг таъкидлашича, барча тартиб-қоидага бўйсуниб, икки ҳафта уйда ўтирса, ҳаммаси ўтиб кетади.

Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси (893)

Асосий мавзулар