08:50 20 Октябр 2020
Эфир
  • RUB133.19
  • EUR12153.63
  • USD10371.76
Жамият
Ҳавола олиш
109530

Улуғ Ватан уруши даврида Ўзбекистон фронтдан анча ичкарида эди, аммо унинг фронт билан алоқалари жуда қалин эди. Пахта, ипак, мевалар каби анъанавий маҳсулотлардан ташқари республика жанг майдонларига қурол-аслаҳаларни ҳам етказиб берди.

Улуғ Ватан уруши нафақат урушнинг ўзининг тарихи, балки Қизил Армия учун ускуналар, ўқ-дорилар ва жиҳозларни ишлаб чиқариш билан шуғулланган кўплаб фабрикалар ва заводларнинг ҳам тарихидир. Биз бу тарихга ноодатий нуқтаи назардан қараймиз: Чирчиқ қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводи раҳбарияти назаридан.

Россия Давлат Иқтисодиёт Архивида (РГАЭ), СССР Миномёт қуроллари Халқ комиссарлиги қишлоқ хўжалиги машиналари ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг фондида ушбу корхонанинг уруш йилларидаги ишлаб чиқариши тўғрисидаги ҳисоботлари сақланиб қолган. Бугунги кунда бу "Ўзагротехмаш" АЖ таркибига кирувчи "Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи"дир.

Саноат гигантининг туғилиши

Корхона 1942 йил 27 июлда Сталин номидаги Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводининг 2-филиали негизида ташкил этилган. Ўзбекистон ССР пойтахтининг ўздаги биринчи цехлар 1941 йилда, Ростов-Дону шаҳридан Ростселмашнинг бир қисми эвакуация қилинганида пайдо бўлди. 1942 йил июн ойида шошилинч қурилиш ва ускуналарни ўрнатилганидан сўнг, янги ишлаб чиқариш майдони СССР миномёт қуроллари Халқ комиссарлигига топширилди.

Эвакуация қилинган корхоналарнинг ускуна ва механизмлари кўпинча тўғри келган жойга жойлаштирилди: Ростселмаш асбоб-ускуналарнинг бир қисми Чирчиқнинг чеккасида жойлашган бўлиб, у ерда темир йўли бор майдон топилди. Шундай қилиб, алоҳида саноат объектига айлантирилган Сталин номидаги заводнинг филиали пайдо бўлди. Миномёт комиссарлигига бўйсинишига қарамай, бу завод миномёт ва ўқ-дориларни ишлаб чиқармади. Унинг иҳтисослиги авиабомбалар бўлган. 1942 йил учун ишлаб чиқариш режаси 60 минг ФАБ-100 (100 кг калибрли фугас авиабомба) ва 150 минг АО-25 (25 кг калибрли парчаланадиган бомба) бўлган.

Гап авиабомба ва портиллатувчилар учун корпуслар ишлаб чиқариш ҳақида кетган. Уруш йилларида кўплаб корхоналар ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқаришга режалаштирилган эди. Кейинчалик бу қисмлар қуролларни жамлаш заводларига етказилган, у ерда портловчи моддалар билан тўлдирилиб ва уша  ернинг ўзидан қўшинларга юборилган. Иш жуда масъулиятли эди: маҳсулотларни ҳарбий қабул қилиш талабларига қатъий мувофиқ равишда топшириш керак эди.

Мажбурий тадбиркорлик

1942 йилда корхона ҳали тўлиқ шаклланмаган эди. Унинг Чирчиқ ГЭС подстансиясидан битта тўлақонли электр узатиш линияси ва лойиҳасиз ўрнатилган цехлар учун вақтинча электр таъминоти тизими мавжуд эди. Буғ қозонхонаси бўлмаган. Мавжуд сиқилган ҳаво учун компрессорлар эҳтиёжнинг фақат ярмига етарли эди. Завод транспорти тўртта машина, учта трактор, ўта эскирган буғли локомотив, шунингдек, тўртта от ва 20 эшакдан иборат бўлган. Ҳеч қандай омбор ҳам бўлмаган ва келаётган материаллар очиқ майдонда сақланар эди.

Бироқ, завод директори ўртоқ Галилов Москва учун ҳисобот тайёрлашда бу барча қийинчиликларни асосий деб ҳисобламади. Биринчи ишлаб чиқариш режасининг бажарилмаслигининг асосий сабаби электр ва материаллар етишмаслиги эди. Бир суткада керакли 12,5 МВт*соат ўрнига электр энергия 1,6 дан 4,8 МВт*соатгача берилган (Тошкентда ўрнатилган қатъий чекловга асосан). Баъзи кунларда корхона умуман тўхтаб қолар эди. Одамлар бу вақтда ёрдамчи ва қурилиш ишларига ўтишди.

Энг асосий хом ашё - метал етишмаётган эди. Чўяннинг 9,792 тонна қуйиш зарурияти мавжудлигида (ФАБ-100нинг жанговар қисми пулат чўян қуймасидан қилинган), Чирчиқ атиги 1167 тоннани қабул қилган. 2662 тонна листли металдан, корхонагача ярмидан ҳам ози - 1174 тонна етиб келди, 23,4 тонна қувурлардан эса атиги 2,7 тонна.

Авиабомба ФАБ-100
© Sputnik / Виталий Тимкив
Авиабомба ФАБ-100

Бундан ҳам баттарроғи рангли металлар таъминоти бўлган, улардан бомба портиллатувчисининг корпуси ишлаб чиқарилган. Керакли 2,9 тонна мисдан 196 кг, 27,3 тонна алюминийдан 1,8 тонна, 8,3 тонна қўрғошиндан 1,8 тонна етказиб берилди.

Аммо бундай шароитда ҳам раҳбарият ҳаракат қилиб режани ҳеч бўлмаганда ярмини бажаришга муваффақ бўлди. Дастурдан ташқари Чирчиқда фронтга яна 350 та ФАБ-250 бомбаси, 60 мингта АО-3-8 ва 400 та АО-25М13 бомбаларини тайёрлади.

ФАБ-250 - калибри 250 кг бўлган фугасли авиабомба. АО-3-8, ўйлашимизча, ҳар хил чиқиндилар, қийқим ва қолдиқлардан ясалган, 2,5 ва 5 кг калибрли авиабомба партиясидир. АО-25М13 авиабомбаси - гибрид снаряд, у 132 ммли реактив снаряд бош қисмидан иборат бўлиб, унга стабилизаторлар ва авиацион портлатувчилар қўшилган.

Тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг иложиси бўлмаганда, завод бошқа корхоналар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга ўтишга мажбур бўлди.

Аёллар ва болалар ишлаган

Галиловнинг ҳисоботида дастгоҳда кимлар ишлаганини яққол кўрсатиб беради: 1874 кишининг 53,5 фоизини аёллар ва 27 фоизини 18 ёшгача бўлган ўспиринлар ташкил этган. Барча ходимларнинг атиги бешдан бир қисми вояга етган эркаклар эди - бу уруш давридаги корхоналар учун одатий тасвир. Эркакларнинг аксарияти фронтга кетишган, фронт орти ва ишлаб чиқаришда эса фақат "бронь" олган аҳамиятли мутахассислар, ҳарбий хизматга яроқсизлар ва кекса ёшдагилар қолган.

Папка Отчет Чирчикского завода по основной деятельности за 1942 г.
© Foto : Из фондов Российского государственного архива экономики
1942 йил бўйича Чирчиқ заводи ҳисоботи

Аёлларни оғир ва зарарли ишларга жалб қилаётиб, завод раҳбарияти иложи борича уларнинг оилалари ҳақида ғархўрлик қилган: ҳомиладор аёлларга қисқа муддатли туғруқ таътиллари берилган; болалар учун энг бошида, ошхона ва ҳаммомдан ҳам олдин ясли-боғча очилди ва уларга корхонанинг кассасидан доимий равишда маблағ ажратиб турилган. Ҳисоботларда қанча ишчилар эвакуация қилинганлиги кўрсатилмаган, аммо, кўринишидан, аралаш жамоа шаклланган. Ишлаб чиқаришга маҳаллий аҳоли орасидан ҳам шогирдлар жалб қилинди - 1942 йилда 52 киши.

Дастлаб уй-жой шароитлари ўта оғир бўлган: кичик ва гавжум бўлган ягона ётоқхона заводдан беш километр нарида жойлашган бўлган.  Жой етмай қолганлар корхонадан 3 км радиус атрофида яшайдиган аҳоли билан бирга яшашган.

Шунга қарамай, интизом билан боғлиқ муаммолар бўлмаган - ҳисоботларга қараганда, ишни қолдиришлик атиги 0,8%ни ташкил этди. Уруш пайтида, бу каби ҳаракатлар учун жиноий моддага қадар жазо қаттиқ бўларди. Ва завод ишчилари ўзлари ҳам, эҳтимол, ўзлариникиларни ҳижолатга қўйишни хоҳламаганлар, аҳир шундоқ ҳам ишчи кучи етишмас эди.

1942 йилда корҳона 4-чорак учун иш ҳаққини 2.4 миллион рубл миқдорида тўлаб берди - бир ишчи учун ойига ўртача 430 рублдан.

Фронт проценти

Уруш ўз йўлига, ишлаб чиқариш саноати иқтисодиёти эса барча зарур ҳисоб-китобларни, смета ва молиявий ҳисоботларни талаб қилди. Чирчиқ қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводи ўз муваффақиятлари ва харажатлари тўғрисида у бўйсунган Миномёт қуроллари Халқ комиссарлиги Бош бошқармасига, шунингдек СССР Давлат банкига ҳисобот берди.

Барча харажатлар, қўйилмалар, даромадлар ва фойдаларнинг барчаси акс эттирилган архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, битта ФАБ-100 самолётининг режалаштирилган таннархи 208 рублни ташкил этган ва фабрика уни 217 рубл 67 тийиндан сотган. АО-25 нинг таннархи 143 рубл 48 тийин, сотиш нархи 151 рубл. Шу билан бирга, ҳатто уруш йилларида ҳам корхона 1% миқдоридаги айланма солиқни тўлаган. Бу ўша пайтда унча маълум бўлгаман, аммо жуда кўп нарсани англатадиган хусусият. Барча вайронагарчиликлар, бетартибликлар ва қийинчиликларга қарамай молиявий интизом қатъий бўлиб қолди.

Тинч ҳаётга ўтиш

1943-44 йилларда завод 1942 йил охиридагидан бутунлай фарқ қилар эди. У электр энергияси, сув, газ ва материалларни керакли миқдорда оларди.

1943 йил давомида Чирчиқда 58 375 ФАБ-100 авиабомбаси, кейинги йилда эса – 83875та ва қўшимча 5200 ФАБ-250 авиабомбаси ишлаб чиқарилди.

1944 йилда корҳона янги муҳим буюртмани олди - бу сафар тинчлик даврига ҳос: мамлакат қишлоқ хўжалиги техникаси учун эҳтиёт қисмларга муҳтож эди. Машинасозлик саноатига тракторлар ва комбайнлар учун ҳар хил турдаги штифтлар зарур эди.

Колонна готовых тракторов ЧТЗ в сборочном цехе Челябинского тракторного завода.
© Sputnik / РИА Новости
Челябинск тракторлари

Штифтлар ЧТЗ трактори учун энг муҳим қисм бўлиб, у тракторнинг ўрмаловчи занжирларини маҳкамлайди. Улар тезда эскиради ва уларсиз тракторни “кийинтиришни” иложиси бўлмайди, бу эса на далани ҳайдаш, на экин экиш мумкин эмаслигини англатарди. Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Кенгашининг топшириғига асосан завод 6250 дона М-1022 штифтлари, 180,5 минг дона М-1023 штифтлари, 5 мингдан ортиқ М-1037 штифтлари, шунингдек, ЧТЗ тракторининг 855 жуфт бошловчи ғилдираклари ва 1594 дона ўрмалама занжир қисмлари юборилди. Ушбу эҳтиёт қисмларнинг барчаси Ўзбекистон машина трактор тизимидаги машиналарни қайта тиклаш учун ишлатилди.

Чирчиқда ўрмаловчи занжирлар штифтларидан ташқари отлиқ хаскаш учун тирноқлар, омочлар ва шунингдек 329 та пахта экувчи ускуналар тайёрланди. Икки йил ичида корҳона машинасозлик саноатининг етакчиларидан бирига айланди.

Аммо бомбаларга қайтайлик. 1943-44 йилларда завод жаъми 142250 дона ФАБ-100 ни фронтга жўнатди. Масалан, Ил-2 ҳужумчи-самолётининг жанговар юки 8 ФАБ-100дан иборат бўлган, ҳар бир авиаполкда эса 61 та самолёт бўлган. Бир жанговар навбатчилик учун авиаполк 488 та авиабомбани сарфлаган, бу эса Чирчикда чиқарилган барча маҳсулотлар олти ой давомида кунига икки маҳал кўламли бомбардимонларни амалга оширишга етарли бўлишини англатади.

Фронт орти меҳнаткашлари, ишлаб чиқариш фахрийлари ва уларнинг авлодлари ғурурланишлари мумкин бўлган жиҳатлари жуда кўп. Уруш йилларида Чирчиқ қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводи биринчи навбатда душманни енгишга, кейин эса улкан ярадор мамлакатни тиклаш ва боқишга ёрдам берди.

Асосий мавзулар